Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:38

Қўқонлик қочқин экстрадиция қилиниши мумкин


Қозоғистон бундан аввал ҳам ўзбекистонлик қочқинларни экстрадиция қилгани фаоллар норозилигига сабаб бўлган эди.
Қозоғистон бундан аввал ҳам ўзбекистонлик қочқинларни экстрадиция қилгани фаоллар норозилигига сабаб бўлган эди.

Қарийб бир йилдан буён Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши хавфи остида қолаётган ва келаси ойда озод этилиши кутилган Собир Носировни ҳибсда сақлаш муддати яна бир ойга узайтирилди. Ҳозирда Ғарбий Қозоғистон қамоқхонасида сақланаётган қўқонлик Собир Носиров Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб Ўзбекистон расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилган.

Ғарбий Қозоғистон вилоят суди Ўзбекистон фуқароси Собир Носировнинг экстрадиция иши юзасидан қамоқ муддатини бир ойга узайтирди. Асли қўқонлик қочқин келаси ой охирларида ҳибсда қўйиб юборилиши керак эди, лекин ҳибсда сақлаш муддати 26 июлгача узайтирилди.

Ўтган йилнинг июлида ҳибсга оилинган ўзбекистонлик қочқин ҳибсда жами бир йил ҳибсда қоладиган бўлди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган вилоят суди расмийси Уралск миграция хизматининг Носиров Собирга қочқинлик мақомини бермаслик қарори устидан судга шикоят аризаси тушганини ҳам қўшимча қилди.

- Носиров Собир Мансурович иши 7 май куни кўриб чиқилган. Унга нисбатан аллақачон кассация аризаси топширилди. Суд шу йилнинг 27 мартида чиқарилган қарорини ўзгартиришсиз қолдирди. Яъни, унга қочқинлик мақомини бермаслик қарори маъқулланди. Шунингдек, уни ҳибсда сақлаш муддати 12 ойгача, яъни 2012 йилнинг 26 июлигача узайтирилди, деди Ғарбий Қозоғистон вилоят суди вакиласи Озодликка.

Ўзбекистон расмийлари томонидан Андижон воқеаларига алоқадорликда гумонланаётган Собир Носиров Қозоғистоннинг Уралск шаҳар тергов изоляторида қарийб 10 ойдан буён сақланмоқда.

Собиров 2011 йилнинг 23 июлида Россия ва Қозоғистон ўртасидаги “Сирим” чегара постини кесиб ўтаётганида “тасодифан” халқаро қидирувда экани аниқланган ва ҳибсга олинган, дейди ўзбекистонлик маҳбуснинг ҳимоясини таъминлаётган Инсон ҳақлари бўйича Қозоғистон халқаро бюросининг Ғарбий Қозоғистон вилояти бўйича раҳбари Павел Кочетков Озодликка.

“Собировни ҳибсга олиб қозоқ ҳукумати икки ўт орасида қолди: қўйиб юборса – Тошкентнинг ғазабини қўзиши мумкин, бериб юборса – европалик ҳамкорлар билан муносабатлар ёмонлашиши мумкин”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

- 2005 йилнинг май ойида у оиласи билан Нижний Новгород шаҳирга чиқиб кетган ва шу шаҳар атрофида хотини, бола-чақаси билан ишга жойлашиб олган. У ерда у ФСБ томонидан тўлиқ текширувдан ўтган, мутлақо қонуний яшаб келган ва ишлаган. Доимий яшашга рухсати бўлмагани учун вақти-вақти билан қайдини янгилаш учун Россиядан чиқиб келиб турган. Қизиғи, у Қозоғистонга бошқа “Илак” постидан ўтиб ҳам юрган. Бу сафар эса автомобилда Уралск шаҳридан 60 километр наридаги “Сирим” постида “қидирувда эканлиги” аниқланиб қолган, дейди Павел Кочетков.

Юристнинг сўзларига кўра, Собир Носировнинг ўзи қидирувда эканини билмаган: бу маълумотни ҳуқуқ ҳимоячиларига Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси тасдиқлаб берган.

У, дея давом этади Павел Кочетков, Андижон воқеалари пайтида гўёки “конституциявий кучларга қаршилик кўрсатган” ва “ўз маошининг бир қисмини қўзғолончиларга ўтказган”ликда айбланиб қидирувга берилган.

- Аслида у ҳеч нарса содир этмаган, чунки унга нисбатан айблов қарори чиқарилмаган. У гўё 2006 йилнинг 20 февралидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 155-3 “а,б”, 159-3, 159-4, 244-3 “а,в”, 244-2 моддалари асосида қидирилаётган экан. Яъни унга жиноий уюшма тузиш ва қурол яроқдан ноқонуний фойдаланишдан тортиб Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузга оид айбловлар қўйилмоқда. Унинг ҳибсга олиниши кўплаб саволларни туғдираётгани ҳақида гапириб ўтирмайман. Айтишим мумкинки, Носировни ҳибсга олишнинг ўзи ноқонунийдир, дейди ҳимоячи.

2011 йилнинг 26 июлида ўзбек қочқини бир ойга муддатга ҳибсга олиниши тўғрисида Уралск шаҳар суди қарори чиқарган. Қамоқхонадалиги пайтида Собиров қочқинлик мақомини сўраб маҳаллий миграция бўлимига мурожаат қилган, лекин рад жавобини олган.

20 августда ўзига қўйилаётган айблар мутлақо асоссиз эканини айтаётган Носиров қамоқхонада очлик эълон қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Собировни халқаро қидирувга бериш тўғрисидаги ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар унинг паспортидаги маълумотлардан кескин фарқ қилади.

1972 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Собир Носиров судда 2012 ийлнинг 23 июлигача рафиқаси ва 4 нафар фарзанди билан Россияда яшаб келгани ва ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини инкор қилишини айтган.

Натижада, бир ойдан кейин ҳам Собир Носиров Ўзбекистонга бериб юборилмаган. Қозоғистон Бош прокуратураси БМТнинг расмий жавоби келгунга қадар Носировни қўшни мамлакатга бериб юбормаслик тўғрисида қарор қилган.

Ғарбий-қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Кочетков Носиров Собирнинг экстрадиция иши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилгани, уларнинг мурожаати жорий йилнинг 27 февралидан бери кўриб чиқилаётганини Озодликка маълум қилди.

- Мен биламан, бундай ишларда Ўзбекистон фуқароларига типик айбловлар қўйилади, бир хил моддалар, фалон-фалон ташкилотларда аъзолик. Масалан, Собирни “акромийлар”га пул ўтказганликда гумон қилишмоқда. Унинг ҳатто ҳисоб рақами бўлмаган! Ишонамизки, бу иш яхшилик билан тугайди, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Инсон ҳақлари бўйича Қозоғистон халқаро бюросининг Ғарбий Қозоғистон вилояти бўйича филиали директори Павел Кочетков.

2011 йилнинг 9 июнида Олмаота ҳибсхоналарида бир йил сақланган 29 нафар ўзбек қочқини Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Экстрадиция қилинганларнинг барчаси ўзбек расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилган бўлиб, улар Ўзбекистон расмийлари томонидан террорчилик хуружларига алоқадорлик, конституциявий тузумини ағдариш ва таъқиқланган диний ташкилотларда иштирок этиш каби оғир жиноятларни содир этганликда айбланган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:36 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG