Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:23

Қозоғистонда 500 дан ортиқ сайғоқ ўлиги топилди


Сайғоқлар йўқолиб кетиш таҳдидига учраган ҳайвонлардан ҳисобланади.
Сайғоқлар йўқолиб кетиш таҳдидига учраган ҳайвонлардан ҳисобланади.

Қозоғистоннинг Қостанай вилояти Жангелди туманида 500 дан ортиқ сайғоқ ўлик ҳолда топилди. Сайғоқлар ўлими сабабини ўрганиш учун махсус комиссия тузилди.

Қозоғистоннинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 20 май куни Сорша посёлкасидан тахминан 20 километр нарида 80 бош сайғоқ ўлик ҳолда топилганини маълум қилди.

Сайғоқлар оммавий қирилиши сабабини ўрганиш учун махсус комиссия тузилди.

Сешанба куни комиссия эълон қилган баёнотда 543 бош сайғоқ ўлгани билдирилди.

“Ўрмон ва ов хўжалиги республика қўмитаси вакиллари, Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бўлими раиси ва туман бўлими бошлиғидан иборат махсус комиссия сайғоқлар ўлган жойга туташ ҳудудда 21 май куни вертолётда мониторинг ўтказди. 22 май куни 06:00га қадар 543 бош сайғоқ ўлгани аниқланди. Улардан 4 таси эркак, 31 таси қўзичоқ ва 508 таси урғочи сайғоқдир”, дейилган комиссия эълон қилган баёнотда.

Tengrinews.kz Интернет нашри хабарида сайғоқларнинг оммавий ўлишига уларнинг заҳарлангани сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини ёзмоқда.

Қостанай вилоят Жангелди туман ҳокимлигининг Қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Руслан Кулетов фикрича, фожиага сайғоқлар космик аппарат қўнган жойдаги заҳарланган ўтни егани сабаб бўлган.

- Улар яқинда космик аппарат қўнганидан кейин тупроқда заҳарли моддалар қолган жойда ўтлаган. Ҳайвонлар кимёвий заҳарланган ўтни еган,- дейди Руслан Кулетов.

22 май куни Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирилиги сайғоқлар ўлими сабабини аниқлаш учун олинган анализ натижалари икки ҳафтадан кейин тайёр бўлишини маълум қилди.

2010 йил май ойида ҳам Қозоғистон ғарбида 12 мингдан зиёд сайғоқ ўлик ҳолда топилган.

Қозоғистон санитария эпидемиология хизмати маълумотига кўра, сайғоқлар ўпкани ишдан чиқарувчи инфекциядан ўлган.

Сайғоқлар асосан Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия ва Туркманистон ҳудудларида учрайди.

Мутахассисларга кўра, ўтган асрнинг 90-йилларида минтақа мамлкатларида жами бир миллион атрофида сайғоқ бўлган. Бугунга келиб бу рақам атиги 50 мингни ташкил этмоқда.

Сайғоқлар ғайриқонуний ов қурбони бўлмоқда. Уларни гўшти ва шохи учун ўлдирадилар. Сайғоқ шохи Хитой тиббиётида дори сифатида қўлланилади.

Сайғоқлар йўқолиб кетиш таҳдидига учрагани учун "Қизил китоб"га киритилган.

Ўтган йил январ ойида Қозоғистон ҳукумати сайғоқ овига жорий қилинган таъқиқ муддатини 2021 йилгача узайтирди.

Айни пайтда, 22 май дунё давлатларида Биологик хилма-хиллик халқаро куни сифатида нишонланмоқда.

Дунёдаги биологик хилма-хиллик билан боғлиқ масалаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 29 декабр кунги сессиясида 22 майни Биологик хилма-хиллик куни деб эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG