Линклар

Бухоролик талабалар мардикорга айланди


"Бу кетишда шифокор эмас, мардикор бўлиб етишамизми?" дея куюнади бухорлик талаба.

"Бу кетишда шифокор эмас, мардикор бўлиб етишамизми?" дея куюнади бухорлик талаба.

Бухоро Давлат Тиббиёт институти талабалари кейинги пайтларда тез-тез ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Бухоро Тиббиёт институти талабаси, исмини ошкор қилмаётганимиз йигит 22 май куни Озодлик радиосига мактуб йўллаб, кейинги пайтда талабаларни ҳашарга олиб чиқиш ҳолатлари кўпайганидан норози эканини ёзди.

“Биз талабаларни ҳар ой ҳашар деб ҳали боққа, ҳали стадион тозалашга олиб чиқади. Ўқишларимиз қолиб кетаяпти. Бир марта 4 кун дарсга бормай боғда ишладик... Давлатнинг куни биз талабаларга қолдими? Бунчалик эмасда, кузда пахта терамиз, ҳай майли, энди деҳқончилик ҳам қиламизми?” дейилади жумладан талаба йигит мактубида.

Вазиятни ўрганиш учун Бухоро Давлат Тиббиёт институти талабалари билан боғланганимизда улар Бухородаги Амфитеатр олдида янги очилган боғда ишлаётган экан.

Хавфсизлиги юзасидан исмини очиқламаётганимиз бухоролик талабанинг айтишича, эрталабдан уларни ҳашарга олиб чиқишган.

- Бухорода янги очилган боғ бор. Амфитеатрнинг олдида боғ очилган. Ўша боғда ўтлар ўсиб кетган эканми, ўша ўтларни бизлар ўриб чиқаяпмиз. Дарсга борганимиз ҳам йўқ. Эрталаб дарсга бориш ўрнига боққа келдикда тозалашга, дейди талаба.

Унга кўра, кейинги пайтларда уларни ҳашарга олиб чиқиш ҳолатлари кўпаймоқда.

- Бир марта, икки марта бўлса ҳам майли эди. Лекин жуда ҳам кўп қилишаяптида бу ишни. Дарсдан қолиб кетаяпмиз. Бир ой олдин тўрт кунча ишладик дарсга бормасдан. Нарса экиб, кўчатларни ўтказиб, яна стадионларни тозаладик,- дейди талаба йигит.

Келгусида шифокор бўлиш орзусида ўқиётган талаба йигит бу каби ҳашарлар боис институтни тугатгач шифокор эмас, мардикор бўлиб етишамизми, дея нолийди.

- Боғни, стадионни тозалаш ишларига коллеж, институт талабалари кўп жалб этилаяпмиз. 4-5 кунлаб ишлаяпмиз. Ўқишдан қолиб кетаяпмиз. Бунақада келажакда етук кадр эмас, қандайдир мардикор, ишчи бўлиб чиқамизми? Шу нарса бизга керакми? Давлатда биздан бошқа текин ишчи кучи йўқми? Фақат бизлардан фойдаланаверадими шунақа ишларга,- дейди тиббиёт институти талабаси.

Талаба кўтарган муаммо юзасидан изоҳ олиш мақсадида Бухоро Давлат Тиббиёт институти ректори Баҳодир Сафаев билан боғландик. У киши талабаларнинг ҳашарларга олиб чиқилаётганини тасдиқлади, бироқ бунинг талабалар учун ёмон томони йўқлигини таъкидлади.

- Давлатимиз томонидан айтилган тадбирлар бўйича ҳашарлар бўлади. Унақа кўпайган эмас. Ободончилик ишини ҳаммамиз бажарамиз. Бу ҳаммамизнинг ишимиз. Нимаси ëмон экан унинг. Хоҳиший ҳамма қилади, биз домлалар ўзимиз ҳам қиламиз. Бу нарса бўлиб келган. Керак бўлган пайтда ярим кун, бир кун баъзан ҳашар ишига жалб этилади. Мен ўйлайман, бир Ўзбекистонда эмас дунë тажрибасида бор ободонлаштириш, яхшиликка қаратилган нарса. Зўрлаб, мажбурлаб ëки эксплуатация қилинмаган бу ерда. Юртимиз учун керакли вақтида ҳиссасини қўшиш учун қилинадиган ишлар булар,- дейди тиббиёт институти ректори.

Баҳодир Сафаевга кўра, ҳашар ва шанбаликлар пайти қолдирилган дарс машғулотларини тўла бўлмаса-да, қопланади.

- Дарс машғулотлари шанбалик пайтида, бутун ҳамма жой шанбаликка чиқан пайт салгина "компенсироват" қилинади. Масалан, амалиëт билан теория сал қисиб, қисиб орасига берилади ўша материал. Амалиëт нимаси ўшанга қаратилади. Умуман дарс жараëни жабрланмайди,- дейди Баҳодир Сафаев.

Бухоро Давлат Тиббиёт институти ректори Баҳодир Сафаев билан суҳбатни тўлиқ равишда қуйида тинглашингиз мумкин.


Бухородан олинган маълумотга кўра, шаҳардаги бошқа институт ва коллеж, лицейлар талабалари ҳам кейинги пайтда тез-тез ҳашар ишларига жалб қилинмоқда.

Мавзуга тўлдириш: Бухоро Давлат Тиббиёт институти ректори Баҳодир Сафаев "дунë тажрибасида бор" деб ҳисоблайдиган талабаларни пахта терими ёки ҳашарга олиб чиқиш у ёқда турсин, ўқув жараёнидан чалғитиш дунёнинг ҳеч бир давлатида учрамайди. Шанбалик, талабалар отряди каби ҳодисалар собиқ Совет тузуми даврида жорий қилинган, лекин Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ҳам давом этаётган феномендир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG