Линклар

logo-print

Тошкент аэропортида iPhonе “ов”и кетмоқда


Ўзбек судяси таъбири билан айтганда "Американинг Бруклен штатида" сотиладиган iPhonе мобил телефонлари Ўзбекистонда ҳам ҳаридоргир.

Ўзбек судяси таъбири билан айтганда "Американинг Бруклен штатида" сотиладиган iPhonе мобил телефонлари Ўзбекистонда ҳам ҳаридоргир.

Тошкент аэропортида божхона баённомасида кўрсатмасдан олиб кирилаётган ахборот технологиялари, хусусан, iPhonе қўл телефонларини мусодара қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Республика божхона қўмитаси расман очиқлаган статистикага кўра, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида Тошкент аэропортида ахборот технологияларини ноқонуний олиб кириш бўйича 25 та ҳолат фош қилинган: қонунбузарлардан уяли телефон, электрон планшет ва компьютерлар олиб қўйилган.

Халқаро рейслар орқали Тошкентга келаётган йўловчилар божхона ходимлари юкларни фавқулодда синчковлик билан текшираётганини айтмоқдалар.

Аэропортдаги божхона нозирлари эса фуқаролардан бож тўловидан қочмасликни талаб қилмоқдалар.

Ню Йоркдан Тошкентга парвоз қилган самарқандлик Ботир Алимардонов 20 га яқин iPhone уяли алоқа телфонини божхона баённомасида қайд этмагани учун ҳам молидан айрилган, ҳам жарима тўлаган.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси Мурод Алимуҳамедов “Куч – адолатда” газетасига маълум қилишича, фуқаро Б. Алимардонов Жиноят кодексининг 182-моддаси (товар ёки бош қа қимматликларни Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ноқонуний тарзда ўтказиш) бўйича айбланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жаримага тортилган. Декларация қилинмаган 44,3 миллион сўмлик буюмлар давлат фойдасига мусодара этилган.

Сирғали туман суди раиси Мурод Алимуҳамедовнинг ишонч билан ёзишича, судланувчи “IPHON” (судья iPhone cавдо белгисини назарда тутмоқда – таҳр.) русумли уяли алоқа воситаларини Американинг “Бруклен штатида” (маҳкама раиси Ню Йорк шаҳрининг Бруклин районини назарда тутган бўлиши мумкин – таҳр.) cотиб олган.

Жорий йил 10 май куни Бирлашган Араб Амирликларидан Тошкентга парвоз қилган фуқаро О. Раҳмоновдан ҳам 45 млн сўмлик 19 дона iPhone мусодара қилингани ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон ҳудудига товарларни божсиз олиб кириш қоидаларига мувофиқ, фуқаролар шахсий фойдаланиш учун 1 донадан уяли алоқа воситаси, фотоаппарат, компьютер, телевизорни бож тўловисиз олиб киришлари мумкин. Биттадан кўп товарлар учун юк декларацияси тўлдириш ва бож тўлаш талаб этилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG