Линклар

logo-print

Тошкентнинг ўндан ортиқ кинотеатрида британиялик комик актëр Саша Барон Коэннинг “Диктатор” филми намойиш қилинмоқда.

Тошкент марказидаги Grand Cinema кинотеатрида “Диктатор” филмининг 20 дақиқаси қайчиланган холда намойиш қилинмоқда.

Бу ҳақда Grand Cinema кинотеатрида ишлайдиган киномеханик Озодликка маълум қилди.

- Филмдаги сўкиниш эпизодларини олиб, ташлаб кўрсатяпмиз, дейди киномеханик.

Тошкент марказидаги Премер-Синема кинотеатрида “Диктатор” филмини томоша қилган фотосувратчи Темурмалик Аҳмедов ҳам филмдан кўп тасвирлар олиб ташлангани ҳақида гапирди.

Саша Барон Коэнга суратга олган филм Ўзбекистонда илк бора намойиш қилинмоқда.

Қозоғистонлик Боратнинг бачкана саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Борат” филми ва гейлар ҳақидаги "Бруно" филми Ўзбекистонда расман тақиқлаб қўйилган.

Қўшни Тожикистон, Туркманистон ва Эронда тақиқлаб қўйилган “Диктатор” филмининг Тошкентда намойиш қилинишига жасорат топган “Ўзбеккино” идорасига қойил қолдим дейди фотосувратчи Темурмалик Аҳмедов:

- Тўғрисини айтсам, нега бу филм намойишига изн берилганини тушуна олмадим. “Ўзбеккино” бу филмни текширганида “Диктатор” деган калимани эътибордан соқит қилишган. Агар “Диктатор” филми Ўзбекистонда намойиш қилинса, демак бу мамлакатда диктатура йўқ деган абсурд хулоса чиқади деб ўйлашган, дейди суҳбатдош.

Дарвоқе, Саша Барон Коэннинг "Диктатор" филми Қозоғистон ва Қирғизситонда ҳам намойиш қилинмоқда.

Филмни ўз маслакдошлари билан томоша қилган Темурмалик ундаги ҳикоянинг Ўзбекистондаги воқелик билан параллел келаëтганига эътибор қаратди:

- Мен ва ўртоқларим бу кино нимани устидан кулаëтганини аниқ билиб туришди. Ҳудди биз ўз устимиздан кулаëтгандай эдик. Филм финали Чарли Чаплиннинг “Буюк диктатор” филми финал саҳнасига менгзайди. Чаплин филмида жиддий тарзда инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирилса, Саша Коэн филмида бу гаплар сатира тарзида янграйди.

Қайчиланган ва фақат катталар учун филм

Тошкентдаги Grand Cinema кинотеатри киномеханиги 83 дақиқалик “Диктатор” филмининг 20 дақиқаси қайчилангани ҳақида билдирди.

- Сўкиш ва ортиқча ишора ҳамда кесатиқларни олиб ташладик. Кинонинг чиптаси 12 минг сўм. 16 ëшга тўлмаганлар залга қўйилмайди.

Филмда Ўзбекистон президентига қарши кесатиқлар бор деб айтишди. Ўша жойларини кесдингларми, деб сўрадик киномеханикдан.

- Йўқ, унақа Каримовга қарши кино эмас бу. Унақа кинони қўйсак дабдала қилишадию бизни. Бу энди кинокомедия.

Тошкент марказидаги Премер-Синема кинотеатрида “Диктатор” филмини томоша қилган фотосувратчи Темурмалик Аҳмедов филмдан анча жойи қирқилган деб тахмин қилади:

- Мен бу кинога оид парчаларни Интернетда томоша қилгандим, аммо айнан ўша жойларни кинотеатрда намойиш қилинган вариантида кўрмадим. Премер-Синема кинотеатри ходимлари бизга қайчиланмаган вариантни кўрсатамиз деб ваъда қилишди, аммо пировардида барибир калта қилинган кинони кўрсатишди.

“Диктатор” киносининг Тошкент кўчасидаги давоми

Темурмалик Аҳмедов ўз ўртоқлари билан “Диктатор” филмини томоша қилиб кўчага чиқишганида Саша Коэн филмига уйқаш манзарага дуч келишади.

- Кўчага чиқсак катта оқ лимузин машина турибди. Ичида “Диктатор” филмининг бош қаҳрамони адмирал-генералнинг ўзбекча “нусхаси” ўтирибди. Биз кулиб машинани суратга ола бошладик. Бирдан машинадан қора қийинган икки барзанги тансоқчи тушиб бизни қувлади. Роса кулиб қочиб кетдик. Бизниг кулгимиз оқ машина ичидаги “нусҳага” ëқмади. Ҳудди кинодаги хазил мазах кўчада давом этаëтгандай бўлди.

Бўм-бўш зал

Лондон, Париж ва Берлиндаги кинозалларни лиқ тўлдирган “Диктатор” филми Тошкент томошабинларини жалб қила олмаган кўринади.

500 кишилик залда атиги 50 тача томошабин бор эди, дейди Тошкент марказидаги Премер-Синема кинотеатрида “Диктатор” филмини томоша қилган фотосувратчи Темурмалик Аҳмедов.

Тошкентнинг ўндан зиëд кинотеатрида кундузи 9 минг сўм, кечқурун 12 минг сўм чипта эвазига намойиш қилинаëтган филм кино кассасига пул олиб келмаяпти, дейди Чилонзордаги кинотеатр чипта сотувчиси.

“Диктатор”нинг дунë сафари

Қозоғистонлик Борат роли билан халқаро майдонда шуҳрат топган британиялик комик актëр Саша Барон Коэннинг шу кунларда катта экранларда намойиш этилаëтган “Диктатор” филми Канн кинофестивали боис яна оғизга тушди.

Эстетика ҳудудидан чиқиб сиëсий тортишув объектига айланган Боратнинг бадиий асар сифатидаги қиммати четда қолиб, баҳслашувчилар филмдаги ҳазил-мутойибанинг сиëсий ахлоқ меъëрларига қанчалар тўғри келиши хусусида айтишдилар.

“Диктатор” филмининг бош қаҳрамони адмирал-генерал деган ўзи йўқ мақомга эга ўзи йўқ Водия деган Африка давлати ҳукмдори Аладин.

У халқаро майдонда ном чиқарган диктаторларнинг йиғма образидир. Ëш ва жозибали қизлар қўриқчилигида юрган Ливия диктатори Муаммар Қаддафий, ўз яқинлари ва қўл остидагиларга қўлтиғини ўптирган Ироқ диктатори Саддам Ҳусайн, ой ва йил номларини ўзгартиб, уларга ўзи ва онаси номини бериб чиққан Туркманбоши Сапармурод Ниëзов Аладдин тимсолида битта қиëфага бирлашади.
Ҳар икки гапнинг бирида “Ғарбга ўлим!” дейишни яхши кўрадиган, Американи СПИД ватани деб атайдиган Аладин имкон туғилиши билан Ғарбга саëҳат қилишни, эркин ҳаëт таклиф қиладиган барча лаззатлардан фойдаланишни хуш кўради.

Адмирал-генерал Аладин образи воситасида Саша Барон Коэн Ғарбнинг дунë диктаторларига нисбатан қўллаб келаëтган икки юзлама сиëсатию инсон ҳақлари, мазлумлар ҳимояси ҳақида қилиб келаëтган қуруқ баëнотларини ҳам ҳажв қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG