Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:46

“Афросиёб”да Самарқандга саёҳат


Ўзбекистонда Тошкент-Самарқанд ўртасида йўлга қўйилган "Афросиёб" тез юрар поезди ҳақида кўп ёздик, кўп гапирдик. Тошкентга боргач, бу поездда саёҳат қилиш ниятимни амалга оширдим.

"Афросиёб"га чипта топиш қийин

Тошкент темир йўл вокзали икки йил ичида анча ўзгарибди. Бино атрофи темир панжара билан ўраб олинган. Вокзал олдида 2 та пост ўрнатилган. Милиция ва МХХ ходимлари қўриқлайдиган бу постлардан қўлингизда чипта бўлмаса, вокзал ичкарисига қўйилмайсиз.

Билетлар вокзал яқинидаги иккита бинода сотилар экан. Поезд қатновлари ҳақида маълумот берадиган қизнинг айтишича, "Афросиёб" поезди ҳар куни эрталаб соат 8:00 да Тошкентдан йўлга чиқади. Самарқандга соат 10:30 да етиб боради.

Поезд йўлга қўйилишидан аввал расмийлар 250 км\соат тезликда юрадиган "Афросиёб" Тошкентдан Самарқандга 2 соату 10 дақиқада етиб боришини айтганди. Ўртадаги 20 дақиқалик фарқни кўргач, поезд айтилганидан секинроқ юрар эканда деган хаёлга бордим.

"Афросиёб" поезди чипталари учун очилган алоҳида касса олдида ўндан зиёд одам навбат кутаётган экан. Мен ҳам навбат олиб, четроққа чиқиб ўтирдим.

Катта чемадонини етаклаган ўрта ёшлардаги аёл ёнимга келиб ўтирди. Ичи тўла дард экан, аёл дарров ҳасрат қилишга ўтди. Ўзини қўқонлик Дилафрўз деб таништирган аёлнинг айтишича, Самарага ишлашга кетаётган экан.
.
- Кассада Самарага билет йўқ дейишди. Умуман қолмаганмиш. Ҳамма билет қўлда. Ўзларича билет бозори очиб олишган. 200 минг сўм устига қўйиб сотаяпти,- дея нолиди Дилафрўз.

Афросиёб поездига талаб кўплигидан чипта топиш ҳам қийин.
Афросиёб поездига талаб кўплигидан чипта топиш ҳам қийин.
Шу орада навбатим келиб, кассага бордим. Бугунги поезд кетиб бўлгани учун эртага чипта сўрадим. Кассир аёл фақат индинга бўш жой борлигини айтди.

- Лекин индинга Самарқанддан қайтишга ҳам бўш жой йўқ. Сотиб бўлинди, деди кассир аёл.

Самарқанддан қайтишда бошқа поездда қайтарман дея, Афросиёб поездига индинга чипта олдим.

Вокзал олдидаги “қора бозор”


Вокзалдан чиқсам “Билет керакми?” деган савол билан олдимга бир эркак чиқди. Унга “Афросиёб поездига керак” дедим. У “Бизда Афросиёбга билет йўқ” дея нари кетди.

Қўқонлик Дилафрўз айтган “Билет бозори” шу ерда шекилли деб, четга чиқиб, 15 дақиқача уларни кузатдим.

Вокзал кассасининг биноси олдида қўлда билет сотиш билан шуғулланаётганлар сони ўндан кўп эди. Уларнинг барчаси эркаклар бўлиб, вокзалга кираётган ва чиқаётган ҳар бир одам ёнига бориб “Билет керакми?” деган саволни берарди. Улар асосан Россияга кетадиган поездларга билет сотишар эди.

Ўрганишим бўйича бу ер нафақат “Билет бозори”, балки валюта алмаштириш “қора бозори” ҳам экан. Қўлда билет сотиш билан шуғулланаётган бу эркаклар, бир вақтнинг ўзида доллар олди-сотдиси билан ҳам машғул эди.

Улар вокзал биноси олдидаги постларда турган орган ходимлари олдида бемалол “савдо” қилаётганини кўриб, буларнинг “тили бир экан”да дедим ўзимча.

Анча туриб қолганимни кўрган "қора бозор"чилардан бири ёнимга келди. Ундан секингина “Сизларга орган ходимлари индамайдими?” деб сўрадим.

- Опа, биз уларга долясини ташлаб турганимиздан кейин, нимага индайди? дея у кулиб қўйди.

Вокзалдаги назорат


Орадан бир кун ўтиб эрталаб соат 7 ларда вокзалга келдим. Иккита постдан ўтиб вокзалга кирдим.

Вокзалда худди аэропортдаги сингари назорат тартиби йўлга қўйилган. Йўловчи метал детектордан ўтгач, яна паспорт текширилади. Кейин вокзал ичига кириб, юклар махсус техник мосламалар орқали текширилади.Қизиқиб қараётганимни кўрган вокзал ходими “Бу "Ҳаймен" аппарати” деди. Сумка текширилгач, йўловчи яна метал детектордан ўтади ва поезд йўлга чиқиш эшигида чиптангиз махсус темир мослама орқали яна бир бор текширилади.

Кўп ва ҳўп мақталган Афросиёб поезди олдига чиқдим. Уни суратга олиш мақсадида фотоаппаратимни чиқардим.

Тошкент вокзалида Афросиёб поездини суратга олиш мумкин эмас. Сурат Самарқандда олинган.
Тошкент вокзалида Афросиёб поездини суратга олиш мумкин эмас. Сурат Самарқандда олинган.
Шу пайт бир тарафдан вокзал ходими, бошқа томондан форма кийган бир йигит югуриб келди.

- Синглим вокзалда суратга олиш мумкин эмас. Бу ер охраняемая зона. Релслар суратга тушиши мумкин эмас, дея тушунтирди вокзал ходими.


"Афросиёб"да саёҳат


Ҳар бир вагон олдида махсус форма кийган 20-25 ёшлардаги проводник йигит ва қизлар йўловчиларни хушмуомалалик билан кутиб олишди.

Билетим эконом класс деб номланса ҳам кирган вагоним жуда озода, ўриндиқлар ҳам юмшоққина эди.Картошкали булочка ва бир чашка чой билан меҳмон қилишди. Худди самолётдаги каби вагонда телевизор бўлиб, “Темир хотин” филми намойиш қилинди.


Тошкент-Самарқанд темир йўли узунлиги 344 километр бўлиб, “Афросиёб” поезди тезлигини соатига 250 км гача ошириши мумкинлиги айтилган эди.

Лекин Сирдарёдан ўтгунча поезд тезлиги 200 га ҳам етмади. Жиззахга етгач тезлик озгина ошди. Бутун йўл давомида поезднинг энг баланд тезлиги 234 ни ташкил қилди¸ холос. Поезд тезлигини ҳар бир вагонга ўрнатилган махсус таблода жонли тарзда кузатиш мумкин.

Мутахассисларга кўра, поезднинг катта тезликда ҳаракатланиши натижасида кучли шамол юзага келади. Темир йўл бўйлаб махсус иҳотанинг йўқлиги эса аҳоли ва йўл яқинидаги иншоотларга хавф-хатар туғдиради. Айрим жойларда аҳолининг турар-жойлари темир йўлга жуда яқин жойлашган.

Жорий йилнинг 27 январ куни сирдарëлик 7 яшар Азиза Фахриддинова “Афросиёб” поездининг кучли шамолидан жароҳатланиб, оламдан ўтгани хабар қилинган эди.

Темир йўл атрофини кузатиб бордим. Бир-иккита жойни айтмаса, Афросиёб юрадиган темир йўл деярли барча ерда сим тўсиқлар билан ўраб чиқилган. Лекин баъзи жойларда бу сим тўсиқлар бузилгани ва йиқилиб ётганига ҳам кўзим тушди.

Белгиланган муддатда Самарқандга етдик. Тошкентдан фарқли бу ерда поездни ҳам¸ вокзални ҳам хоҳлаганингизча суратга олишингиз мумкин.

Балки чипта топилиб қолар деган умид билан Самарқанд вокзалининг кассасига кирдим. Узундан узоқ навбатда 30 дақиқа кутгач, кассир қиз фақат VIP вагонга чипта борлигини айтди. 93 минг сўм тўлаб, VIP вагонга чипта олдим.

Самарқанднинг тарихий обидалари


Самарқандга илк бор бундан 10 йил аввал борган эдим. Ўшанда қисқа муддатли семинарда қатнашиб, ҳатто Регистон майдонини ҳам кўрмасдан қайтиб кетгандим.

Бу сафар анча вақтим борлиги учун шаҳар марказидаги бир қанча тарихий обидаларни томоша қилиш имкони бўлди.


Сиёб бозори


Самарқандга келган меҳмон борки¸ Сиёб бозорига кирмасдан кетмаслиги аниқ.

Бозор шарқона ноз- неъматлар билан тўла эди. Бозорда харидорларнинг кўпчилигини хорижлик туристлар ташкил қилади.


Тошкентга қайтиш


VIP вагонга чиқар эканман, эконом вагон билан солиштира бошладим.

Вагондаги ўриндиқларнинг барчаси теридан қилинган бўлиб, экономдан фарқли бу ерда столлар ҳам бор эди. Ҳар бир столда 3-4 тадан рангли журналлар қўйилган бўлиб, булар асосан,
Афросиёбнинг VIP вагонидаги журналлар
Афросиёбнинг VIP вагонидаги журналлар
президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган "Жаннат макон" ва "Bella Terra" журналлари эди.

Бутерброд билан меҳмон қилишди. Лекин чой билан роса сийлашди ўзиям. Икки ярим соатлик йўл давомида ҳар 10 дақиқадан проводник йигит-қизлар келиб, чой таклиф қилишди. Вагондаги телевизорда "Келинлар қўзғолони" филми намойиш қилинди.

Поезд тезлиги 230 км/соатга чиқиб, ўзимни худди самолётда кетаётгандай сеза бошлаган эдим, бир пайт поезд тақа -тақ тўхтади.

Ўтган йилнинг 21 сентябрида Сирдарёда поезднинг пантографи ишдан чиққач, рейс бекор қилингани воқеаси хаёлимдан ўтиб, яна шундай бўлдими¸ дея ўйладим.

Поезд икки дақиқача тўхтаб тургач, яна йўлга тушди. Проводник қиз келиб, техник муаммо сабаб поезд тўхтаганини айтди.

Поезд Тошкентга белгиланганидан 4 дақиқа кечроқ етиб келди.
XS
SM
MD
LG