Линклар

Озарбайжон пойтахтида “Евровидение” халқаро мусиқа танлови бошланди ва сешанба куни 18 давлатдан келган ижрочилар танловнинг биринчи босқичда қатнашди.

Бу йилги халқаро мусиқа танловида 42 мамлакатдан вакиллар иштирок этмоқда.

Кеча бўлиб ўтган биринчи ярим финал натижаларига кўра, 18 давлатдан келган ижрочиларнинг 10 нафари танловнинг кейинги босқичига ўтди. Шундай қилиб, 22 куни “элакдан ўтган” Руминия (Mandinga), Молдова (Паша Парфений), Исландия (Грета Салоуме ва Йоунси), Венгрия (Compact Disco), Дания (Солуна Самай), Албания (Рона Нишлиу), Кипр (Иви Адаму), Юнонистон (Элефтерия), Россия (Бурановские Бабушки) ҳамда Ирландия (Jedward) вакиллари шанба кунги финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Пайшанба куни Бокуда иккинчи ярим финал бўлиб ўтади, 26 май куни эса “Евровидение-2012” якуни чиқарилади. Халқаро мусиқа танловининг шанба куни ўтажак финал босқичида томошабинларнинг овоз бериши йўли билан ғолиб аниқланади. Бу йилги “Евровидение”ни жаҳон бўйлаб 125 миллион одам томоша қилиши кутилмоқда.

Озарбайжоннинг ўзида эса мухолифат вакиллари халқаро танловга келган хорижлик меҳмонларни мамлакатдаги инсон ҳақлари билан боғлиқ муаммоларга қаратишга интилмоқдалар, бироқ бу уринишларга расмийлар томонидан тўсиқлар қўйилмоқда. Хусусан, душанба куни Бокуда бўлиб ўтган мухолифат намойиши полиция томонидан тарқатиб юборилди. Улар Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан виждон тутқунлари ўлароқ эътироф этилган 12 фаолни қамоқдан озод қилиш ва йиғилиш эркинлигини таъминлаш талаби билан норозилик намойиши уюштиришга уринганди.

Маълумотларга кўра, 21 май куни Бокудаги Фавворалар майдонига йиғилган 200 чоғли киши “Демократия!”, “Эркинлик!”, “Истеъфога!” деган ҳайқириқлар билан шаҳар мэрияси томон йўл олган. Улар Боку мэрияси олдида пикет ўтказишни мўлжаллагандилар, бироқ Собир хиёбони яқинида намойишчиларни полиция вакиллари тўхтатган.

Шундан сўнг полициячилар тадбир иштирокчиларини қўлга олиб, машиналарга тиқа бошлаганлар. Айтилишича, хиёбон яқинида ўнлаб намойишчи ушланган. Боку полицияси намойишнинг тарқатилишини мазкур тадбир шаҳар расмийларининг рухсатисиз ўтказилгани билан изоҳлаган.

Бу орада Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакиллари ҳам “Евровидение-2012” мезбони бўлган Озарбайжон расмийларига халқаро босим кучайтирилиши лозимлигини таъкидламоқдалар.

“Озарбайжонда бўлгани каби режим аксар ҳолларда шафқатсиз ва маккордир, улар кишиларнинг ифода эркинлигини чеклашни бас қилишлари учун халқаро босим зарур”, - дейилади Human Rights Watch вакили Хью Уильямсоннинг The Guardian газетасида чоп этилган мақоласида.
XS
SM
MD
LG