Линклар

logo-print

Аида Салянова: Интерпол Ботировни қидирмайди


Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова Швециядан Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланаётган Қодиржон Ботиров экстрадицияси илтимос қилинишини билдирди.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова Интерпол 2010 йилги Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қодиржон Ботировга халқаро қидирув эълон қилишдан бош тортганини билдирди.

Озодликнинг қирғиз хизмати сайти орқали муштарийлар саволларига онлайн режимида жавоб берган Аида Салянованинг айтишича, Интерпол сиёсий , ирқий, миллий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган шахсларни қўлга олишда ҳамкорлик қилмайди.

- Интерпол бизнинг илтимосларимизни рад этаяпти. Уларнинг низомида сиёсий, ирқий ва миллий асосда қилдирилаётган шахсларни қўлга олишда Интерпол кўмаклашмаслиги ёзилган. Бироқ яқинда Қодиржон Ботиров Швециядан бошпана олди деган маълумот келди. Биз Швеция ҳукуматига тақдим этиш учун Ботировни Қирғизистонга топшириш масаласида ҳужжатларни тайёрлаяпмиз, -деди Бош прокурор.

Аида Салянова Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида абланаётган яна бир ўзбек лидери Жалоллиддин Салоҳутдиновга нисбатан ўз вақтида жиноят иши очилмаганини, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмаганини ҳам айтиб ўтди.

Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида айбланаётган Қодиржон Ботиров ва Жалолиддин Салоҳутдиновлар айни пайтда хориж давлатларидан бошпана топган. Жалолобод вилоят суди бу икки лидерни сиртдан судлаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Қодиржон Ботиров Озодлик радиосига берган суҳбатларида ўзига нисбатан билдирилган айбловларнинг сохталаштирилганини айтиб келади.

Аида Салянова муштарийларнинг Ўш қирғинида содир этган жиноятлари учун қайси миллат вакилларидан қанча одам қамалгани тўғрисидаги саволларига тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочди.

- Биринчидан, биз одамларнинг миллатига қараб тергов қилмаймиз. “Жиноятчининг миллати йўқ” деган принципга асосан иш юритамиз, -деди Аида Салянова.

Халқаро ташкилотлар эса Ўш қирғинида жабрланган ва ўлганларнинг 70 фоиздан ортқроғи ўзбеклар эканини, айни пайтда бу воқаларда айбланиб қамалганларнинг 80 фоиздан ортиқроғи ўзбеклар эканини айтиб келадилар. Нодавлат ташкилотларига кўра, шу кунгача камида ўттиздан ортиқ этник ўзбек Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бош прокурор Аида Салянова билан мулоқот чоғида муштарийлардан бири “Бош прокуратура 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг мол-мулклар таланиб, умумий овқатланиш шаҳобчалари ва кичик бизнес корхоналари эгаларидан тортиб олинганидан хабардормисиз? Бу йўналишда иш олиб борилаяптими?” деган саволни берди.

Аида Салянованинг айтишича, шу кунгача прокуратурага мол-мулки ёки бизнеси тортиб олинган одамлардан ариза тушмаган. “Агар ариза бўлса биз албатта бу ишни текширамиз”, деб ваъда берди Бош прокурор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG