Линклар

Чкалов заводидан яна бир учқич чиқди


"Волга-Днепр" ширкати авиапаркида беш дона Ил-76ТД-90ВД учқичи бор.

"Волга-Днепр" ширкати авиапаркида беш дона Ил-76ТД-90ВД учқичи бор.

Ўзбекистонда навбатдаги Ил-76ТД-90ВД юк ташувчи учқич ясалди ва Россиянинг "Волга-Днепр" авиаширкатига етказилди.

Тошкентдаги Чкалов авиация заводида ишлаб чиқарилган самолёт аллақачон Уляновск шаҳрига етказилиб, Россиядаги энг йирик юк ташувчи ширкатлардан бири "Волга-Днепр" ранггига бўялган.

Бу "Волга-Днепр" Ўзбекистондан сотиб олинаётган бешинчи учқич, дея маълум қилди ширкат матбуот вакили Татяна Ражабова Озодликка.

– 2007 йилдан буён Чкалов заводидан бешинчи учқични сотиб оляпмиз. Ўтган йили иккита ва бу йил битта учқич сотиб оляпмиз, учқич нархи ҳақида айтолмайман, сабаби лизинг шартномаси асосида бўляпти бу- дейди Ражабова.

Чкалов заводида ишлаб чиқарилган Ил-76ТД-90ВД учқичи Ил-76 русумидаги учқичнинг 50 тонна юк таший оладиган модификациясидир. Учқичнинг бу модификацияси фақатгина Тошкентдаги авиазаводда "Волга-Днепр" буюртмасига кўра ишлаб чиқарилади. Шу пайтгача Ил-76ТД-90ВД юк ташувчи самолёт ясалган.

Янги самолёт ПС-90А-76 двигатели, Купол-III-76М-ВД учиш навигация тизимига эга ва Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти талабларига жавоб беради.

– Жуда яхши учқич. Ушбу учқич учун барча мамлакат осмонлари очиқ. Қачонлардир Ил-76 учқичларимиз ҳам бор эди, товуши юқорилиги сабаб уни кўп давлат қабул қилмас эди. Ил-76ТД-90ВД халқаро талабларга жавоб беради,- дейди Татяна Ражабова.

Ил-76ТД-90ВД учқичининг Россияга сотилгани ҳақидаги хабар Тошкентнинг Чкалов номидаги авиасозлик заводи синиши мумкин деган иддаоларни заифлаштирди.

Собиқ иттифоқ тарқаб кетганидан сўнг Чкалов заводи оғир вазиятга тушиб қолгани, корхонадаги аксар рус миллатига мансуб мутахассислар Россияга кетишгани, ишчиларга маош бериш учун цехларда хўжалик ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарилаётгани хабар қилинганди. Лекин, дейди Россиядаги авиакомпания вакили, кейинги йилларда вазиятни ўнглаш имкони пайдо бўлди.

– Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Тошкентдаги Чкалов заводи турли қийинчаликларга дуч келган. Ҳозир бу завод Россиянинг Бирлашган авиация корпорацияси таркибига киради ва индивидуал буюритма бўйича Ил-76ТД-90ВД учқичларини тайёрлайди. Ширкатимиз бу заводнинг ягона буюритмачиси ҳисобланади,- дейди "Волга-Днепр" ширкати матбуот вакили Татяна Ражабова.

Тошкентдаги Чкалов авиазаводи 1932 йилда ташкил топган ва Совет Иттфифоқида авиация соҳасидаги етакчи корхона саналган. Ил-76 русумли учоқларнинг барча тури Чкалов заводида ишлаб чиқарилган.

Собиқ СССР парчаланганидан кейин МДҲ мамлакатларининг баъзиларида бўлган самолётсозлик соҳалари, шу жумладан, Чкалов номидаги заводи ҳам қийинчиликларга дуч келди.

Ўшандан буён заводда СССР давридаги қуриб битказилмаган учоқлар билан қўшиб ҳисоблаганда Чкаловда ўндан кўпроқ учқич ишлаб чиқарилган холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG