Линклар

logo-print

1300 сўз ёки "Па руски не знаю!"


Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб муҳожирларнинг аксари рус тилида мулоқот қила олмайди.

Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб муҳожирларнинг аксари рус тилида мулоқот қила олмайди.

Ярославлдаги Яковлев-Благовешченск черковида мигрантлар учун рус тилини бепул ўқитиш курслари очилди. Россия Федерал миграцияси хизмати ва Православ черкови ҳомийлигида амалга оширилаётган меҳнат муҳожирларини рус тилига ўргатиш давлат режасига кўра, мигрант камида 1300 та русча сўзни ёддан билиши шарт.

1300 сўз... Россия ҳукуматининг режасига кўра, Россияда хизмат кўрсатиш ва коммунал-хўжалик соҳасида меҳнат қилаётган муҳожирлар маҳаллийлар билан эркин мулоқот қила олишлари учун айнан шунча рус калимасини билиши керак.

Ўтган йилнинг ноябрида жорий қилинган қонунда меҳнат муҳожирлари 2,5 минг рубл тўлаб, рус тилидан тест имтиҳонларини топширишлари белгиланди.

Мигрантларнинг “мослашиш ва интеграциялашиш” масалаларини ҳал этиш ва маҳаллий диаспоралар билан алоқаларни яхшилаш мақсадида ФМСда махсус Интеграцияга кўмаклашиш бошқармаси тузилди.

Бошқарма раҳбари Татьяна Бажан Озодлик билан суҳбатда рус тилини билиш шарт бўлган муҳожирлар категорияларини санаб ўтди.

- Рус тилини билиш талаби бевосита аҳоли билан ишлашни режалаштираётган хориж фуқароларига қўйиляпти. Бунга хизмат соҳаси, савдо ва уй-жой – коммунал хўжалик соҳалари киради, дейди Интеграцияга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Татьяна Бажан.

ФМС расмийлари Россиянинг турли ҳудудларида бепул рус тилини ўқитиш курслари кўпаяётганини иддао қилаётганига қарамасдан, аксар ҳолларда Россияда ноқонуний ишлаб келаётган мигрантлар бу чоралар кўзланган натижа бермаётганидан гапирмоқда.

Воронеждаги хизмат муассасаларига ишчиларни ёллаш билан шуғулланадиган Араббой меҳнат муҳожирлари учун ҳатто 2,5 минг рубл катта пул дейди.

- Россияда пул эмас бу. Лекин ўзимизда катта кўринади! Лекин ўқишга бораолмайди улар, “ишга борсам ўқишга қандай бораман” дейди-да у. Кўплари “Бизга шу рус тили ҳам керак эмас! Тезроқ пулни олиб кетайлик!”, дейди. Мен уларга айтаман “Ўриснинг пули яхши, тили ёмонми?”, дейман. Қўлимда ишлаётган 106 одамдан 100 тачаси билмайди-да.. Ўзбекистонда ўқитмай қўйишдику. “Нима деяпти, нима деяпти?”, деб ўтираверади, дейди прораб Араббой.

Рус тилини билиш ҳар бир мигрант учун шарт деб ҳисобловчи қорақалпоғистонлик Расулбек, рус тилини ўқитиш курсларида муҳожир кундалик мулоқотда зарур бўлган сўзларнигина ўрганса бас, дейди.

- Фақат бошланғичини ўрганишади бу курсларда. Так улар ўрганишаолмайди, чунки фақат дарсларда рус тилида гаплашиши мумкин, лекин четга чиққанидан кейин ўзининг ўзбек, қозоқ, қирғиз тилларида гаплашиб кетади кўпи. Қани ўзаро ҳам русча гаплашганларида – бу бошқача гап! Бу курсларда началний босқичда бўлади. “Дай вода, дай хлеб”ни ҳеч бўлмаса билади, дейди Москвада кўп йилдан бери таксичилик қилиб юрган Расулбек.

Youtube да пайдо бўлган видеолавҳада кўринишидан ўзбек ва тожик мардикорининг рус тилини янада яхшироқ ўрганиш учун шароит яратиб беришни илтимос қилиб, Медведевга қилган мурожаати порталда энг кўп томоша қилинган роликлардан бирига айланди.



Россияда мигрантларни рус тилига пулли ўқитиш курслари ҳам кўпайиб бораётганини айтиш жоиз.

Санкт-Петербургда жойлашган “Мария” касбий хизмат марказининг ўзини Анжела деб таништирган ходимаси ўқитиш курслари муҳожирларнинг талабларига мос тарзда ташкил этилишини айтади.

- Демак, назария босқичи 9 ҳафта давом этади, 69 ва 54 соатлик академик соат ўқитилади. Курснинг нархи 11 минг 700 рубл, бирданига тўласа – 10 минг 900 рублни ташкил этади. Ҳужжатлардан фақат паспорт керак, биз билан шартнома тузилади, пул ўтказилганидан кейин гуруҳ ташкил этилади ва эрталабми, кечки пайтми ёки дам олиш кунлари қилиб белгиланади. Дасрларни олий ўқув юртлари мутахассислари олиб боради, дейди Анжела.

ФМС раҳбарияти очиқлаган сўнгги маълумотларга кўра, Россияда камида 13-14 миллион хорижлик меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини собиқ Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин мустақил республикаларда таълим олган ёшлар ташкил этади.

Катта ёшдагиларни рус тилига ўқитиш деярли самара бермаётгани боис, Россия ҳукумати мигрантларнинг фарзандларини ўқитишга каттароқ эътибор қаратаётгани айтилади.

Биргина Москванинг ўзида мигрантлар болаларини рус тилига ўқитиш учун 13 та мактаб ишга тушди, хорижлик болакайларни рус тилини ўқитиш янги услубларини ишлаб чиқишга пойтахт бюджетидан 3 миллион рубл ажратилди.
XS
SM
MD
LG