Линклар

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат жанубида сиёсий ўйинлар тўхтамаса миллатлараро низолар яна такрорланиши мумкинлигини айтди.

Атамбаев Озодлик радиоси саволларига жавоб берар экан, Ўшда сўнгги эллик йил ичида уч марта-1960,1990,2010 йилларда миллатлараро низо содир бўлганини эслаб ўтди.

Атамбаевга кўра, бунга ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида интеграциянинг йўқлиги, бу икки халқ бир-биридан ажралиб яшашга интилиши, миллатчилик ва айрмачилик ҳамда учинчи давлатларнинг Фарғона водийсидаги барқарорликни издан чиқариш ҳаракатлари сабаб бўлган.

- Ҳар сафар ҳукумат русчасига айтганда “стрелочликлар”ни топиш, уларни қамаш, ишдан олиш билангина чекланган. Лекин миллатлараро низоларнинг асл моҳияти бошқа томонда. Нега 50 йил ичида уч марта миллатлараро низо содир этилди? Жанубдаги қирғиз жамоати билан ўзбек жамоати ўртасида бир қатор муаммоли масалалар бор. Интеграция йўқ. Бу ерда фақат битта ечим бор: қарама-қаршиликни бартараф этиб, қирғиз ва ўзбек жамоаларини бирлаштириш йўлига олиб чиқсак, қирғиз ва ўзбекка бўлмасдан Қирғизистон фуқароси деган ном остига бирлаштирсак, бу каби низолар барҳам топади,- деди Алмазбек Атамбаев.

Президент этник ўзбеклар зич яшайдиган мамлакат жанубида қирғизлар ўртасида ҳам, ўзбеклар ўртасида ҳам миллатчилик кайфиятлари жуда кучли эканини таъкидлаб ўтди.

- Миллатчилик қирғиз томонида ҳам, ўзбек томонида ҳам мавжуд. Бу икки жамоа ўртасидаги бўлиниш кучайяверса, очиқ айтишим керакки, фожелар яна такрорланиши мумкин. Шунинг учун ҳукумат миллатлараро низо келтириб чиқарувчи омилларнинг асосларини йўқ қилиши керак. Сиёсатчиларнинг бир қисми миллатлараро низодан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, рейтингини ошириб олди, айримлари депутат бўлди, бир қисми эса чўнтагини пул билан тўлдириб олди, -деди Атамбаев.

Унинг айтишича, айни пайтда Қирғизистон ҳукумати миллатчилик ва миллатлараро низоларнинг келиб чиқиши омилларини бартараф этиш юзасидан махсус дастур ишлаб чиқиш йўлида тадқиқотлар олиб бораётир.

Президент миллатчиликка барҳам бериш мақсадида Қирғизистон паспортидаги миллат бандини олиб ташлаш, унинг ўрнига Қирғизистон фуқароси деб ёзиш ташаббуси билан чиқишини билдирди

Озодлик мухбирининг “Ҳар олти-етти ойда вазият мураккаблашаяпти, зиддият чуқурлашаяпти деган миш-мишлар тарқамоқда. Худо сақласин, агар яна низо чиқиб кетса уни тўхтатишга, олдини олишга қурбимиз етадими?” деган саволига Атамбаев мана бундай жавоб берди:

- Халқимиз бир нарсани тушуниши керак: барқарорлик Ўш ва Жалолободга осмондан тушиб қолмайди. Президент ҳам барқарорлик, иноқликни ўрнатиб қўя олмайди. Иноқлик халқнинг ўзига боғлиқ. Мен вилоятларга борганимда “Мана бу миллатга кимлигимизни кўрсатиб қўйишимиз керак”, қабилидаги гапларни ҳам эшитаман. Биз бундай фикрлашдан чекинмас эканмиз, барқарорлик ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “2010 йилда Қирғизистон жанубидаги фожеа ташқи кучлар таъсирида содир бўлган”, деб айтган эди. Бу ҳам ҳақиқат, - деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон президенти суҳбат давомида коррупцияга қарши эълон қилинган уруш ҳукумат ғалабаси билан якунланишига ишонишини айтди. Алмазбек Атамбаев оммавий ахборот воситалари ҳақида гапирар экан, Озодлик радиоси қирғиз хизмати сайтини мунтазам кузатиб боришини, Озодлик радиоси чинаккам демократик тамойилларга асосланган радио эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG