Линклар

Асакада бундан буён Матиз ва Нексия ишлаб чиқарилмаслиги ҳақида ўзбекистонликлар орасида пайдо бўлган гап-сўзларда асос йўқ.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти вакилининг Podrobno.uz сайтига билдиришича, ўзбекистонлик автомобилсозлар бозори чаққон бўлган бу русумдаги автомобилларни ишлаб чиқаришдан воз кечмоқчи эмас.

- Янги моделлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолда, “Ўзавтосаноат” бугунги кунда ишлаб чиқариш қувватини кучайтириш бўйича қатор лойиҳаларни кўриб чиқмоқда. Бу Нексиялар ва Матизлар ишлаб чиқарилишини сақлаб қолишимизга имкон яратади, - дея иқтибос келтиради Podrobno.uz ўз манбаси сўзларидан.

Асакада Нексия ва Матиз ишлаб чиқарилмай қўйиши ҳақидаги гап-сўзлар Спарк ва яқинда тақдимоти бўлиб ўтиши кутилаётган Шевроле Кобалт автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилганидан кейин пайдо бўлганди. Тахминларга кўра, кўп сарф-харажат, жой ва иш кучи талаб қилувчи янги моделлар “салафлар”ини сиқиб чақириши мумкин эди. Асака заводи ўз вақтида ўта тежамли бўлган Дэу Тико автомобилини ишлаб чиқаришдан воз кечгани ҳам бу ҳақдаги миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлганди.

Ўзбекистонликларнинг Асакада Нексия ва Матиз ишлаб чиқарилмай қўйишидан хавотирга тушишларининг бошқа сабаби ҳам бор. Гап шундаки, бу моделлар ўз “ўринбосар”лари бўлган Спарк, Ласетти, Малибу ва Кобалтга қараганда анча арзон туради.

Дейлик, 17 майдаги нарх ошишидан кейин энг қиммат Матиз Ўзбекистонда 12 миллион 841 минг сўмдан сотилаётган бўлса, унинг “ўринбосар”и деб қаралаётган Спарк автомобили шу кунда 22 миллион 704 минг сўмдан сотилмоқда. Айнан шу орадаги 10 миллион сўмлик фарқ (машина олиш учун бериладиган "шапка" бу ҳисобга кирмайди) ўзбекистонлик автоҳаваскорлар тинчи бузган бўлса ажаб эмас.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Матиз ва Нексиялар нафақат мамлакат ичкарисида, балки Россия ва Қозоғистонда ҳам бозори чаққон автомобиллардан бўлиб ҳисобланади. Хусусан, энг кўп сотилаётган автомобил сифатида этилувчи Нексия автомобилидан Россияда жорий йил биринчи чорагида 8441 дона сотилган. Шунингдек, аввал Нексия автомобилига қизиқиш кучли бўлган Қозоғистонда сўнгги пайтларда Матиз жозиб автомобиллардан бирига айланиб бораётгани кузатилади. 2012 йилнинг дастлабки икки ойи ҳисоботига кўра, Қозоғистонда энг кўп сотилган автомобиллар рўйхатида Неския бешинчи ўринни, Матиз эса январ ойига нисбатан 13 поғонага юқорилаб, еттинчи ўринни эгаллаган.

Бугунги кунда GM Uzbekistan Матиз, Спарк, Нексия, Ласетти, Каптива, Дамас ва Малибу автомобилларини ишлаб чиқармоқда ҳамда яқиндан бошлаб Шевроле Кобалт автомобилини ишлаб чиқара бошлайди.

1996 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Жанубий Кореянинг Daewoo Motor ширкати билан тенг шерикчилик асосида автомобил ишлаб чиқарадиган УзДэуАвто қўшма корхонасини таъсис этганди. Янги завод йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган.

2005 йилда Ўзбекистон Daewoo акцияларининг 50 фоизини сотиб олган. 2007 йилда эса Ўзавтосаноат ва АҚШнинг General Motors ширкатлари УзДэуАвто ўрнида GM Uzbekistan қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида шартнома имзолаган. GM мазкур қўшма корхонанинг 25 фоиз акциясига эга.

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган Chevrolet автомобиллари Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Молдова, Украина, Беларус, Грузия, Арманистон, Туркманистон ва Афғонистонда сотилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG