Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:51

Ўзбекистонлик муҳожир умрбод қамоқда қолиши мумкин


Озод Эрнапасов.
Озод Эрнапасов.

Санкт-Петербург шаҳар судида 10 яшар болакайни зўрлаб ўлдирганликда айбланиб 20 йилга қамалган Ўзбекистон фуқароси Озод Эрнапасов иши қайта кўриб чиқилмоқда. Прокурор бу жазони кескинлаштириб¸ уни умрбод қамоқ жазосига алмаштиришни сўрамоқда.


Прокурор маҳкама қароридан норози

Санкт Петербург шаҳар суди жорий йил январида 10 яшар болани зўрлаб¸ сўнгра ваҳшийларча бўғизлаб ўлдирганликда айбланган 24 яшар Ўзбекистон фуқароси Озод Эрнапасовни 20 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

Судя Эрнапасовга қотиллик ва зўрлаш учун 15 йил, ўғирлик учун 5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Аммо шаҳар прокуратураси ва нобуд бўлган боланинг яқинлари судя Анна Садофьева чиқарган қарордан қониқмадилар.

“Давлат айбловчилари суд қарори устидан юқори инстанцияга шикоят юбориб ишнинг қайта кўриб чиқилишига эришдилар”, дейди Санкт –Петербург шаҳар суди расмийси Кристина Важенина.

- Бу иш юзасидан кўпи билан суднинг иккита маҳкамаси қолди ва қайта ҳукм ўқилади. Прокуратура суднинг олдинги қарорини ўта юмшоқ ва содир этилган жиноятга номувофиқ деб ҳисоблаяпти. Айбловчилар бу сафар ҳам Эрнапасовга умрбод қамоқ жазосини тайинлашни сўраса керак, дея маълум қилди Кристина Важенина.

Санкт-Петербург шаҳар суди прокурори Александр Мельников дастлабки суд қарори устидан Олий Судга юборган аризаси қондирилгани ва ниҳоят Эрнапасов жиноий иши қайта кўриб чиқилаётганидан мамнун эканини яширмади.

- Мазкур маҳкамада болага нисбатан жинсий тажовуз масаласи кўрилаётганини ҳисобга олиб суд томонидан қасддан қилинган қотиллик ва зўрлаш ҳолати учун 15 йиллик жазо берилишини етарли эмас деб ҳисоблайман. Шунинг учун суддан яна умрбод қамоқ жазоси тайинланишини сўрайман, деди давлат айбловчиси Александр Мельников.



Россия қонунчилигига кўра, 20 йилга кесилган Озод Эрнапасов 10 йилдан кейин муддатдан олдин озод этилиши (УДО) ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Айни шу эҳтимол Россия жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда.

Аксар ленинградликлар бундай қабиҳ жиноят учун ўлим жазоси тайинланиши лозим¸ деган фикрда. Улар орасида Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти собиқ бошлиғи Владислав Пиотровский ҳам бор.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Озод Эрнапасов жиноий ишини қайта кўриб чиқиш судя Олга Граудинга топширилди.

Жиноят тафсилотлари

Полициянинг матбуотга билдиришича, 24 яшар Озод Эрнапасов Санкт-Петербургда рўйхатдан ўтмасдан яшаб юрган.

Санкт-Петербург Тергов бошқармаси маълумотига кўра, 26 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 15 ларда Эрнапасов Санкт-Петербургнинг Красногвардейская тумани Республиканская кўчасида ижарада туриб ремонт қилаётган уйга 10 ёшли ўғил болани алдаб олиб киради ва уни калтаклаб¸ зўрлайди.

Боланинг бақириғини эшитиб қолган қўшнилар полиция чақиртиради.

Ўз қилмишидан қўрқиб кетган Озод Эрнапасов боланинг кўкрак қисмига беш марта пичоқ уради ва боланинг мурдасини яширишга уринади. Бироқ хонага эшикни бузиб кирган полиция ходимлари қўли қонга беланган ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирни жиноят устида ҳибс этишади.

4-синф ўқувчиси экани айтилган бола эса тез тиббий ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилаëтган пайт йўлда жон беради.

Тергов давомида жинояти тўлиқ исботланган ва ўз айбига иқрор бўлган Озод “анчадан буён болаларга иштиёқи борлиги, лекин ўзини қўлда ушлаб туришга ҳарақат қилиб келгани”ни терговчиларга сўзлаб берган.

Маълум бўлишича, қотиллик олдидан мигрант иш берувчининг 13 минг рублга тенг олтин буюмларини ҳам ўмаришга улгурган.

Прокуратура Эрнапасовнинг қарийб ярим йил давомида қандай қилиб шаҳарда рўйхатдан ўтмай яшаб юргани ва бунга йўл қўйган Федерал миграция хизмати ҳамда полициянинг фаолияти юзасидан ҳам текширув ўтказди. Бу текширув натижасида қатор туман полиция ходимлари маъмурий жазога тортилди.

Озод Эрнапасов ҳибсга олинганидан бери Санкт-Петербург тергов изоляторларидан бирида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG