Линклар

logo-print

Осиë Тараққиëт банки Ўзбекистон магистрал йўллари қурилиши учун 500 миллион доллар сармоя ëтқизади. Бу сармоя Ўзбекистон ҳукумати устивор деб билган “Миллий автомагистрал“ лойиҳасига сарфланади.

"Ўзбек миллий автомагистрали" дастури ҳукумат тарафидан 2012 йилда қабул қилинди. 2005 йилда эса¸ ички йўлларни яхшилаш ҳақида президент қарори қабул қилинган эди.

Расмий маълумотга кўра¸ Осиë Тараққиëт банки вакили Тошкентга келиб сармоялар ëтқизиш жадвалини келишган.

Расмий Тошкент билан келишилган мултитранш дастур доирасида Осиë Тараққиëт банки 320 миллион долларни ўзи берадиган бўлди.

Қолган 180 миллион долларни эса Осиë Тараққиëт жамғармаси берадиган бўлди.


Ўзбек миллий автомагистрали - устивор лойиҳа

“Ўзавтойўл” давлат ширкати етакчи мутахассиси Шоҳрух Ҳакимовга кўра¸ Осиë молия тизимлари ажратадиган сармоя катта магистрал йўлларга сарфланади.

“Ўзавтойўл” мулозими "2011-2015 йилларда инфратузилма, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган "Ўзбек миллий автомагистрали" лойиҳаси ҳақида маълумот берди.

Бу маълумотга кўра¸ магистрал йўлларнинг 2306 километри, шу жумладан 1410 километрлик қисми қурилади ва реконструкция килинади, 896 километрлик қисмининг қоплама ва геометрик ўлчамлари 10 тонналик оғирлик-меъёрий бирликдан 13 тонналик оғирлик бирлигига ўтказилади.

"Ўзбекистондаги йўл қурилиши учун хориждан келтириладиган асбоб-ускуна ва техник жиҳозларга бож тўлови 2016 йилнинг 1 январига қадар бекор қилинган"¸ дейди Ҳакимов.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги ички йўллар ўйдим –чуқур бўлиб ëтганидан шикоят қилинади. Ички йўлларни таъмирлашга пул ажратилмайдими¸ деб савол бердик “Ўзавтойўл” давлат ширкати етакчи мутахассиси Шоҳрух Ҳакимовга.

- Биринчидан, сармоя фақат магистрал йўлларга сарфланади. Иккинчидан, шаҳар ичидаги йўллар таъмири учун маҳаллий ҳокимият масъул¸ деди ички йўллар сифатсизлигини эътироф қилган мулозим.

Шоҳруҳ Ҳакимов билан суҳбатни мана бу ерда тинглаш мумкин.



Ички йўлларга ажратилган маблағ қани ?

Ўзбекистон Республикаси президенти "Шаҳарларда йўл қурилишини ташкил этишни такомиллаштириш борасида" қарор қабул қилганидан бери 7 йил ўтган бўлишига қарамасдан¸ ҳали ҳам вилоят миқëсидаги аксар шаҳарлар қатори пойтахт Тошкентдаги ички йўллар аҳволи ҳам ëмонлигича қолмоқда.

Тошкентдаги йўл қурилиш ширкатида ишловчи 48 яшар муҳандис Озодлик билан исми айтилмаслиги шарти билан қилган суҳбатида¸ кейинги 7 йил мобайнида президент қарорини ижро қилиш баҳонасида катта пул ва маблағлар харж бўлганини айтади:

- Бу маблағлар бир кунлик ширкатлар воситасида максимум ўғирланди. Агар йўл қурилишига ажратилган маблағлар талон-тарож қилинмаганида Тошкентнинг ички кўчалари бу қадар абгор аҳволга келмасди¸ дейди йўл ва кўприк қуриш борасидаги муҳандис.

Йўл қурилишидаги ўғирликлар ҳақида гапира туриб бу мутахассис¸ Ўзбекистонда бир километр йўл нархининг 5 миллиард сўм - расмий курс бўйича 2 миллион 775 АҚШ долларига тушишини айтади:

- У нарсани ҳар хил қурилиши бор. Агар бир километр основания билан кўтараман десангиз 5 миллиард сўм кетади. Бу катта маблағ энди. Ўшандан ҳисоблаб олавериинг ўғирлик миқдорини¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбат асносида йўл қурилишида қўлланиладиган талон-тарож усуллари саналди.

- Биринчи¸ эски асфалт эритилиб янги асфалт дея харажатга тиркалади. Иккинчи¸ асфалт қалинлигида камомад қилинади. Учинчи¸ асфалт тагига давлат стандартида кўзда тутилмаган арзон шағал ишлатилади. Тўртинчиси¸ эски асфалт йўл устига смола суркалиб¸ қум сепилиб янги қурилди¸ дея тақдим қилинади¸ дейди ўзбекистонлик йўл қурилиши соҳаси мутахассиси хавфсизлиги билан боғлиқ хавотир боис ўз исми айтилмаслиги шарти билан.

Рақамлар

Республикада 184 минг километр узунликдаги автомобил йўллари мавжуд.

Шундан 2755 километр "Ўзбек миллий автомагистрали"га оид.

Ўзбекистонда 2012 йилда 517 километр йўл қурилиши тугалланади.

"Ўзбек миллий автомагистрали" лойиҳаси 11 йўналишда амалга оширилади.

2016 йилга қадар Ўзбекистон магистралида 19 кемпинг, 18 мотел, 36 АЁҚШ қурилади.

1991 йилдан бери Ўзбекистонда 75 километр цемент-бетон копламали¸1902 километр асфалт-бетон қопламали йўл қурилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG