Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:38

Сўнгги қўнғироққа тайёргарлик кўрилмоқда


25 май куни Ўзбекистон Халқ таълими тасарруфидаги мактабларда сўнгги қўнғироқ чалинади; 9 ва 11-синф битирувчилари давлат имтиҳонларини топширишни бошлайди. Бу йил ҳам мактабдан ташқарида базм ва хайрлашув кечалари ўтказиш тақиқланди.

Тошкент шаҳар Сирғали туманидаги 6-мактаб директори Баҳром Эшмаматовнинг Озодликка айтишича, сўнгги қўнғироқ тадбирига тайёргарлик бир ҳафтадан буён давом этмоқда:

- Биз сўнгги қўнғироқ маросимини бир ҳафта-ўн кундан буён планлаштиряпмиз. Эртанги тадбирда яхши ўқиганлар, олимпиада ғолиблари тақдирланади. 9-синфлар ўзлари тайёрлаб келган дастурларини намойиш қилади. Бошқа ҳеч қандай кечалар ўтказилмайди. Тадбирдан сўнг ҳамма уй-уйига тарқалади, дейди Баҳром Эшмаматов.

Фарғона шаҳридаги 6-мактаб ўқитувчиси Мукамбархон Орипованинг айтишича, бу ерда сўнгги қўнғироққа ҳеч бир дабдабасиз тайёргарлик кўрилмоқда:

- Бизнинг тайёргарлигимиз оддию, лекин чиройли бўляпти. Ортиқча дабдаба йўқ. Ҳеч қандай баллар, ўтиришлар бўлмайди. Ҳар йили ўзи шундай бўляпти, дейди Мукамбархон Орипова.

Бироқ, бухоролик 9-синф битирувчиси Фозилжон синфдошлар ўзлари мактаб маъмуриятидан яширин ҳолатда ресторанда битирув кечаси ўтказишни режалаштирганини айтади:

- Битирув кечамизга тайёргарлик кўряпмиз. Синфимиз ремонтига деб, аввал ўқитувчилар 20 минг сўмдан йиғиб олди. Кечамизга ўзимиз 30 минг сўмдан йиғдик. 30 та синфдошмиз. Эртага домлаларга совға салом ҳам оламиз.Мактабдаги маросимдан сўнг яхши бир ресторанга борамиз,- дейди Фозилжон.

Унинг айтишича, мактаб билан хайрлашиш улар учун оғир, чунки болалар келажагини кўра олмаяпти:

- Масалан мен ва яна уч синфдошимиз мактабни битиргандан сўнг Россияга ишлагани кетишга қарор қилдик. Коллежга топшириб қўяверамиз. Гаплашиб кетамиз, бизда болалар шундай қиляпти, домлага пулини бериб туради, у "ўқийверади". Барибир, коллежда уч йиллик умр бефойда ўтиб кетади,- дейди бухоролик Фозилжон.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:26 0:00
Бевосита линк


Ўзбекистонда сўнгги қўнғироқдан кейин битирув кечалари ўтказиш тақиқланган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда 561 141 (49,3 фоизи қизлар) нафар ёшлар 9-синфни, 8227 нафар (50,6 фоизи қизлар) ёшлар 11-синфни битиради.

Ўзбекистонда мажбурий таълим 12 йил қилиб белгиланган. Мактабни битирган барча ёшлар коллеж ва лицейларда ўқишни давом эттиришлари шарт.

Баъзи ўқувчиларнинг коллежларда ўқишни ташлаб хорижга иш излаб кетаётганлиги сабаби оғир ижтимоий ҳаёт ва коллежларда етарли билим берилмаётгани билан изоҳланади.
XS
SM
MD
LG