Линклар

Пропискасизларга жарима тайинланади


Тошкентда қайддан ўтиб яшаш минглаб Ўзбекистонликлар учун орзулигича қолмоқда.

Тошкентда қайддан ўтиб яшаш минглаб Ўзбекистонликлар учун орзулигича қолмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тошкент шаҳри ва вилоятида қайддан ўтмасдан яшаëтган фуқароларга жазо бериш масаласини кўриб чиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот маркази маълумотига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Солиқ кодексига”га пропискасиз фуқароларни жазолаш ҳақидаги бандлар киритилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тарқатган маълумотда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига ва Солиқ кодексининг 328, 335 ва 340-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилгани айтилади.

Пропискасиз яшашга шароит яратганлар ҳам жазоланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фуқароларнинг истиқомат жойида рўйхатда турмасдан яшаш қоидаларини бузганлиги, паспорт тизими қоидалари учун жавобгар шахслар томонидан фуқароларнинг бўлиш жойида рўйхатдан турмасдан яшашига йўл қўйганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши юзасидан ҳам таклифлар киритган.

“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентнинг қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилингани билдирилди.

“Прописка қилмаслик”ҳақидаги қонун

14 май куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларни доимий қайддан ўтказишнинг янги тартиби кучга кирган эди.

14 майдан бери пропискага кириш учун Яккасарой туман ИИБси олдида навбатларда туриб иши юришмаган Равшанбек Абдурасулов исмли 37 яшар йигитхозирги тартибга “Прописка қилмаслик”холати деб баҳо берди.

- Мени вақтинча пропискам бор. Тошкентда ижарага тураман. Ижара шартномам бор. Иш жойим тайин. Справкаларни олиб келдим. Йўқ барибир бўлмади. Агар депутат бўлсанг прописка қиламиз дейишди¸ дейди прописка орзусида сарғайган мингларнинг бири Равшанбек.



Ëпиқ шаҳар

Тошкент шаҳри ва вилоятига келган Ўзбекистон фуқаролари ушбу ҳудудларда рўйхатдан ўтмасдан беш кун юришлари мумкин.

Беш кундан ортиқ муддатга келган ўзбекистонликлар мажбурий тартибда қайддан ўтишлари лозим.

Расмий манбаларда Тошкент шаҳри аҳолиси, 2011 йилги маълумотларга кўра, 2 миллион 300 мингдан ортиқ экани кўрсатилади.

Аммо кузатувчилар рўйхатдан ўтмаган ҳолда пойтахтда яшаб ишлаб юрган фуқаролар билан Тошкент шаҳрининг аҳолиси ушбу рақамлардан анча юқори эканини таъкидлашади.

Ўзбекистон Конституцияси ўз фуқароларига ҳаракатланиш эркинлигини кафолатлайди.

Прописка ҳақидаги қонун руҳи Конституцияга зид келаëтгани маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Прописка тизими ҳозирги пайтда Шимолий Корея¸ Россия¸ Беларусда мавжуд. Шунингдек Туркманистонда расман бўлмаса-да, амалда фуқароларнинг мамлакат ҳудида пропискасиз яшаши ва ишлаши тақиқланган.

Ўтган йил августида Қозоғистон фуқароларнинг қайддан ўтишини қаттиқ назорат қилувчи қонунни жорий қилди.

АҚШ ва Ғарбда қайддан ўтиш жараëни ўта соддалаштирилган.

Европада ижара шартномаси ëки уй соҳиблиги ҳақидаги ҳужжатга асосан ҳар бир фуқаро эркин тарзда қайддан ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG