Линклар

logo-print

Таҳририяти Қирғизистонда жйолашган “CA-news” агентлиги ўзбек тилидаги саҳифасини очди. Шу пайтгача рус ва инглиз тилларида чиққан Интернет агентлиги учинчи тил сифатида ўзбек тилини танлади. Агентлик бош муҳаррири Алина Сагинбаеванинг Озодликка айтишича, бундан мақсад Қирғизистон жанубида яшовчи этник ўзбекларга мустақил ахборот етказиш ва Марказий Осиёдан энг йирик ҳисобланган ўзбек тилидаги аудитория ҳисобидан ўз муштарийлари сонини оширишдир.

“Ассалому алайкум, муҳтарам ўзбекзабон биродарлар!
Сизлар билан она тилимизда сўзлашиб, юз кўришиб турганлигимиздан ғоят хурсандмиз”, дейилади “CA-news” агентлигининг ўзбек тилидаги саҳифаси бош сўзида.

“CA-news” бош муҳаррири Алина Сагинбаева Озодлик билан суҳбатда шу пайтгача рус ва инглиз тилларида чиққан нашр учун учинчи тил сифатида ўзбек тили танланганини бундай изоҳлади:

- 2010 йилда Қирғизистон жанубида нохуш воқеалар рўй берганидан хабарингиз бор ва у ердаги ўзбеклар ўзларини бироз камситилгандек ҳис қилмоқда. Шунинг учун яхши ният рамзи ўлароқ, халқларимизни ўзаро бирлаштириш мақсадида ахборот агентлиги ўзбек тилида саҳифа очишга қарор қилди, дейди журналист.

Бундан ташқари, дея давом этади Сагинбаева, Марказий Осиёда ўзбек тилида сўзлашувчилар аудиторияси энг йирик ҳисоблангани Интернет нашри муштарийлари сонини оширишга ҳам хизмат қилади.

- Марказий Осиёнинг Интернет аудиторияси асосан минтақанинг икки мамлакати – Ўзбекистон ва Қозоғистонда жойлашган. Шунинг учун ўзбек муштарийлари ҳисобидан аудиториямизни кенгайтириш мақсадида ва юқорида тилга олганим сабаб туфайли ўзбек тилида ҳам ишлашга қарор қилдик, дейди “CA-news” агентлиги бош муҳаррири.

Унинг айтишича, мазкур лойиҳанинг асосий ҳомийси Қирғизистондаги АКИ пресс ахборот агентлигидир ва “CA-news” ўзбек саҳифаси устида иш олиб борадиган етти журналистдан ташқари Ўзбекистон ичкарисида ҳам мухбирлари бўлади.

Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони, расмий маълумотларга кўра, 9 миллиондан ошган. Шунга қарамасдан Ўзбекистон Интернетни цензура қиладиган ва мустақил нашрлар сайтларини блок қилувчи давлатлар қаторига киради.

Алина Сагинбаеванинг айтишича, шу пайтгача “CA-news” сайти ҳам Ўзбекистонда бир неча марта тўсиб қўйилган, лекин бу бошқа сайтларга бўлгани каби кескин тус олмаган.

- Марказий Осиё янгиликлар хизмати (“CA-news”) сайти бир неча марта Ўзбекистонда блок қилинган эди. Лекин бу тўсиқ тез орада олиб ташланган. Ўзбекистонда ҳам мухбирларимиз бор ва улар юборган баъзи мақолалар балки ўзбек расмийларига ёқмаган бўлиши мумкин. Лекин тўсиқ бутун сайтимизга эмас алоҳида бўлимлар ёки мақолаларга қўйилган. Энди, биз Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилишни асосий мақсад қилиб қўймаймиз ва бу борада катта муаммоларга дуч келмаймиз деган умиддамиз. Албатта, лозим бўлганда бундай танқид бўлмайди демоқчи эмасман, дейди “CA-news” агентлиги бош муҳаррири Алина Сагинбаева.

Унинг айитшича, “CA-news” ўзбек саҳифаси ўз мухбирлари тайёрлаган материаллардан ташқари, турли агентликлар, жумладан Озодлик, АКИ пресс каби сайтларда эълон қилинадиган хабарларни ҳам бериб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG