Линклар

Президент Каримовнинг 2010 йил ноябр ойидаги ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида” номли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.




Ушбу қонун лойиҳаси ҳозирда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистонда “Жамоатчилик назорати тўғрисида” қонун қабул қилиниши – албатта ижобий ҳолат. Лекин қонун лойиҳасини ўрганиб кўрсангиз, бу қонун ҳам шаклланган вазиятни ўзгартирмаслигини тушуниш мумкин бўлади.

Демократия ва инсон ҳуқуқлари – бу ҳокимият устидан ўрнатилган халқ, яъни жамоатчилик назоратидир.

Жамоатчилик назоратининг йўқлиги демократиянинг йўқлигини англатади.

Барча демократик давлатларда президент ва бошқа амалдорлар устидан мустаҳкам жамоатчилик назорати мавжуд. Шу сабаб, демократик давлатларда ҳокимият ўзининг жамоатчилик олдидаги катта масъулиятини ҳар доим ҳис қилиб келади.

Биргина сўз эркинлигининг ва эркин сайловларнинг барқарор ишлаши ҳокимиятларга муттасил таъсир қилиш ва уларни ҳар доим алмаштириб туриш имкониятини беради.

Лойиҳанинг мақсади – халқ ўз ҳокимият органларини ва амалдорларни назорат қилсин!

Таҳлил қилинаётган қонун лойиҳасига кўра, жамоатчилик назорати – бу давлат органлари ва амалдорлари фаолиятини қонун доирасидаги фаолиятини таъминлаш, улар томонидан Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақ-ҳуқуқлари паймол бўлиши, давлат хизматчилари томонидан қонунбузганлик ҳолатларини аниқлаш жараëнидир.

Шу ўринда, рўйхатдан ўтган нодавлат-нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари, оммавий ахборот воситаларининг давлат органлари ва хизматчиларини назорат қилиши мақсад қилинган.

Мисол учун, агар сиз нодавлат-нотижорат ташкилоти фаоли бўлсангиз ёки оммавий ахборот воситаси ходими бўлсангиз, фуқаролару бошқа жамоатчилик ташкилотларидан тушган ариза асосида бирон-бир милиция бўлимини, ёки туман ҳокимияти фаолиятини тафтиш қилишингиз мумкин бўлади.

Ушбу жамоатчилик назорати бир қанча кўринишда ифодаланиши мумкин. Жумладан, давлат органлари ва мутасаддилари фаолиятини таҳлил қилиш, сўровномалар ўтказиш, жамоатчилик ëки журналист тадқиқоти, иш ҳужжатларини ўрганиш, мониторинг ва ҳоказолар.

Жамоатчлик назорати ҳам назорат остида бўлсин!

Ушбу қонун лойиҳасида ҳам ҳукуматнинг ҳар доимгидек, ўта эҳтиёткорлиги, жамиятга ишонмаслиги ва ҳар бир ҳолатни алоҳида назорат остига олиш мойиллиги яна бир бор ҳуқуқий ифодасини топган.

Масалан, қонун лойиҳасининг “Жамоатчилик назорати субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш” деб номланган 16-моддасида, жамоатчилик назоратининг “қоғозга ўралган” ҳолатда марказий ҳукумат назорати остида бўлиши яққол кўриниб туради.

Ушбу моддага кўра, жамоатчлик назорати субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида, бутун республика миқёсида ҳамда вилоят ва туманларда алоҳида “Жамоатчилик кенгашлари” тузилади; бирон бир давлат органи ёки мутасаддиси фаолиятини ушбу жамоатчилик кенгашининг рухсатисиз тафтиш-назорат қилиш мумкин эмас.

Қонун лойиҳасига кўра, жамоатчилик кенгашларига “тенг миқдорда” депутатлар, Сенат аъзолари, давлат органлари вакиллари, қолаверса, нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаоллари, журналистлар, маҳалла фаолларининг киритилиши белгилаб қўйилган.

Эътибор қаратиш керак бўлган нуқта шундаки, давлат органлари ва амалдорларини назорат қилишга рухсат берувчи жамоатчилик кенгашларида, айни ўша назорат қилишини назарда тутилган давлат мутасаддилари ўтиради.

Масалан¸ сиз ўзингиз яшаб турган шаҳарча ёки туман милицияси фаолиятидан норози бўлиб, маҳаллий нодавлат-нотижорат ташкилотига ариза ёздингиз. Ушбу нодавлат ташкилоти эса сизнинг аризангиз асосида маҳаллий милиция органи ва ходимлари устидан бир ой давомида жамоатчилик назорати текширувларини ўтказмоқчи.

Бунинг учун сиз мурожаат қилган нодавлат ташкилоти милиция устидан тафтиш ўтказиш мақсадида ушбу туман ёки вилоят жамоатчилик кенгашига рухсат сўраб мурожаат қилади.

Қонун лойиҳасига кўра, жамоатчилик назоратига рухсат берувчи жамоатчилик кенгашига сизни норози қилаётган милициянинг айнан ўзи аъзо бўлиб кириши мумкин. Қолаверса¸ қонун лойиҳасига кўра, ҳокимият мутасаддилари бемалол жамоатчилик кенгашларига аъзо бўлиб киришлари мумкин.

Бунинг устига, қонун лойиҳасидан яққол кўриниб турибдики, фуқароларнинг марказий ҳукумат устидан жамоатчилик назорати текширувларини ўтказиш имкониятлари бутунлай тўсилган.

Сабаби, сиёсий ва ҳуқуқий усуллар билан назорат қилинувчи парламент аъзолари, президент томонидан тайинланадиган давлат идоралари мутасаддилардан ташкил топган республика жамоатчилик кенгашини, айтайлик, Бош вазир фаолиятини тафтиш қилишга рухсат беришини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Бош вазир фаолиятини фақатгина президент томонидан махсус “сиёсий буюртма” бўлганидагина жамоатчилик назорати текширувларига тушириш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳасининг диққат-эътибори марказий эмас, маҳаллий давлат органлари, мутасаддилар фаолиятини назорат қилишни назарда тутади.

Лекин бу ўринда ҳам қонун ўта эҳтиёткорлик билан, жамоатчилик назоратига кучли тўсиқлар қўяди.

Оддий қилиб айтадиган бўлсак, ушбу қонун лойиҳасига кўра, “ҳокимиятни жамоатчилик назорати текширувларига олиш учун ҳокимиятнинг розилиги керак бўлади”.

Айни пайда, кенг жамоатчилик, инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини шакллантириш мақсадида бир қатор бундан-да зарур бўлган қонунларни қабул қилишни ҳукуматдан сўраб келади.

Масалан, Ўзбекистонда ҳалигача “Милиция тўғрисида”, ёки “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида” каби қонунлар умуман қабул қилинмаган.

Бундай қонунларнинг йўқлиги оқибатида қарийб 30 миллионлик Ўзбекистонни куч орқали бошқариб келаётган ушбу органлар фаолияти аниқ регламентга, тартиб-қоидага солинмаган, жамоатчилик назоратига остига олинмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG