Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:39

Қабристонлар учун масъулият тўлиғича ҳокимликларга ўтди


Ўзбекистонда дафн этиш жойларининг давлат ҳокимияти органлари тасарруфига ўтказиш ва “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонуни ижроси Олий Мажлиснинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасида муҳокама этилди.

Парламент ва прокуратура қабристонлардаги аҳволни танқид қилди

Ўзбекистон парламенти ва Бош прокуратурасига кўра, мамлакатнинг турли вилоятларидаги қабристонлар харобага айланган, айрим ҳудудларда мозорларга келиб тушган эҳсонларни ўзлаштириш ҳоллари мавжуд.

Назорат қилувчи идоралар қабристонларнинг абгор аҳволга келиб қолганига ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш, ер ресурслари ва кадастр каби расмий ташкилотлар айбдор эканини билдирган.

Прокуратурага кўра, сўнгги бир неча ой ичида қабристонлар ободлигига эътибор бермаган 44 нафар мансабдор огоҳлантирилган, 258 нафари маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган.

Бозорга айланган мозор

24 май куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонуннинг Наманган, Жиззах ва Хоразм вилоятларидаги ижроси муҳокама қилинган.

Ушбу қонуннинг 4-моддасида дафн этиш жойларининг туман, шаҳар ҳокимликлари ўз тасарруфига олиши белгиланган. Парламент матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ушбу қонуний талабга қарамасдан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабристонларни ўз қарамоғига олишни пайсалга солиб келмоқда. Масалан, Хоразм вилоятидаги 552 та қабристоннинг 82 таси маҳаллий ҳокимият тасарруфига олинмаган.

Қайд этилишича, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги дафн этиш жойларида санитария-эпидемиология назоратига эътибор бермаган. Натижада, зикр этилган вилоятлардаги аксар мозорлар абгор ҳолга келиб қолган.

Депутатларга кўра, қабристонлар ҳудудида мол боқиш, мевали кўчатлар ва қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўрганишларда Пешкў туманидаги “Хўжа Пешкў”, “Қўрғонтепа” қабристонларида товуқхона ва қўйхона ташкил этилгани, Мингбулоқ туманидаги “Қозоқовул” қабристонида тарвуз, шоли ва маккажўхори етиштирилаётгани аниқланган. Расмий идораларга кўра, бу каби ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам рўй бермоқда.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг аъзоси Фаxриддин Зоировнинг айтишича, Ўзбекистонда бундан буён маҳаллий ҳокимиятлар қабристонлар ободонлиги учун масъулиятни тўлиқ зиммасига олади:

- Бу билан боғлиқ янги қонун қабул қилинган. Шу қонун асосида дафн этиш жойлари қонунийлаштирилиб, ҳокимиятлар уларни ўз балансига олиши керак. Аввалги эски тартиб бўйича қабристонлар ҳал хил идоралар, маҳалаларни тасарруфида бўлиб келган, қабристонларни аҳволи учун жавоб берадиган ягона бир тузилма бўлмаган. Энди давлат, маҳаллий ҳокимиятлар ҳаммасини ўзини балансига олиб, таъмирлаб, йўлларини қилиб, атрофини ўраб, сув билан таъминлаб, коммуникация ўрнатади, дейди Олий мажлис депутати Фахриддин Зоиров.

Бош прокуратура вакили Маҳкам Воҳидов “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, Сирдарё, Наманган, Фарғона вилоятларида қабристонларга келиб тушаётган эҳсон пулларини ўзлаштириш ҳоллари фош этилган.

Парламент томонидан эса эҳсон пулларидан мақсадли фойдаланмаслик Хоразмнинг Урганч, Қўшкўпир, Шовот каби шаҳар ва туманларида ҳам мавжудлиги билдирилган.

“Ҳокимият қабристонга пул ажратмаяпти”

Қабристон муаммосига эътибор қаратган парламент ҳам, прокуратура ҳам бир масалада якдил фикрда эканини кўриш мумкин: қабристонлар ободлигига масъул маҳаллий ҳокимликлар маблағ ажратишдан бўйин товламоқда.

Бош прокуратура вакили М.Воҳидовга кўра, Қўқондаги 14 та, Элликқалъадаги 21 та, Ғаллаоролдаги 78 та қабрис¬тоннинг фаолияти учун ҳокимликлар умуман маблағ ажратмаган.

– Ўзбекистонда даромад келтирадиган соҳалар ҳокимликлардан ортмайди. Бу кундай равшан нарса. Ҳокимлик уч-тўрт сўм чиқадиган савдо нуқталари, фирмаларга қаттиқ ёпишади. Лекин қабристонлар у қадар катта фойда келтирмайди-да, шунинг учун ҳам эътибор берилмаяпти. Гўристонларни обод қилиш маҳалладаги одамларнинг гарданидаги вазифа бўлиб қоляпти, дейди наманганлик Ҳаким ака.

Дарвоқе, парламент зикр этилган вилоятларда дафн жойларининг асосий қисми электр энергияси билан таъминланмаганини қайд этган.

Бироқ наманганлик Ҳаким ака каби аксар фуқаролар яшаш жойларида элекр таъминоти жиддий муаммо бўлиб турган пайтда қабристонларда электр йўқлигини айтмаса ҳам бўлади, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда, ўзбек жамиятида серҳашам ҳилхоналар қуриш орқали молу давлатини кўз-кўзлашга тушган бойваччалар ҳақида ҳам танқидий фикрлар айтилмоқда.

Шунингдек, рангли ва қимматбаҳо маъданлардан ясалган сағана панжараларини ўғирлаётган тоифа пайдо бўлгани хусусида хавотирлар мавжуд.

Дафн билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонуни 2010 йил 27 декабрда қабул қилинган. 2011 йил 4 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг бу борада қарори чиққан.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги пайтларда Ўзбекистон матбуотида қабристонлардаги ачинарли ҳолатга бағишланган қатор мақолалар эълон қилинмоқда, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари кўпаймоқда. “Маҳалла” жамғармаси бу борада йил давомида республика бўйлаб 13 мингга яқин тадбир ўтказгани ҳақида хабар тарқатган.
XS
SM
MD
LG