Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:48

Норозиликларга қарамай, Бокуда "Евровидение" танлови бўлиб ўтди


Бокуда “Евровидение” халқаро қўшиқ танловининг финал босқичи бошланиши арафасида Озарбайжон мухолифати мамлакатда инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволига халқаро ҳамжамият диққатини жалб этиш учун норозилик акцияси ўтказди.


Озарбайжон “Евровидение 2012” халқаро қўшиқ танловининг финал босқичига мазбонлик қилди.

26 май куни Тошкент вақти билан ярим тунда бошланган танловда 26 давлат вакиллари ғолиблик учун курашди.

Танловда швециялик қўшиқчи Лорин энг кўп балл тўплаб биринчи ўринни, Россиянинг "Бурановские бабушки" гуруҳи эса иккинчи ўринни эгаллади.

Ҳар йили ўтказиладиган “Евровидение” қўшиқ танловини дунё бўйлаб 100 миллиондан ортиқ одам телевидение орқали томоша қилади.

Финал босқичи бошланиши арафасида жума куни полиция пойтахт Бокуда ҳукуматга қарши уюштирилган норозилик акцияси иштирокчиларини ҳибсга олди.

Мухолифат аъзолари норозилик акциялари уюштириш орқали Озарбайжондаги инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишга уринмоқда.

Озарбайжондаги Халқ фронти партияси раҳбари Али Керимли фикрича, ҳукумат инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.

Ҳукуматга қарши норозилик акциялари уюштирилгани юзасидан Керимли шанба куни Бокудаги полиция идорасига чақиртирилди.

- Биз “Евровидение” танлови Озарбайжонга эътиборни жалб қилишини кутгандик ва шундай бўлди. Сўнгги ойларда Европада катта таъсирга эга бўлган оммавий ахборот воситалари Озарбайжонга ва Озарбайжондаги муаммоларга эътибор қаратди. Биз бундан хурсандмиз. Афсуски, Озарбайжон ҳукумати мамлакатдаги вазиятни яхшилаш учун ҳеч қандай чора кўрмади. Расмийлар бу имкониятдан мамлакатда ислоҳотлар бошланганини бутун дунёга тарғиб қилишда фойдалана бошлади. Афсуски, амалда бундай эмас, деди мухолифатдаги Халқ фронти партияси раҳбари Али Керимли.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Халқаро Амнистия ўз ҳисоботларида Озарбайжонни инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмон бўлган давлатлар қаторига қўшиб келади.

Халқаро Амнистиянинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директор ўринбосари Жон Далҳюсен “Евровидение” танловига қадар Озарбайжонда “инсон ҳуқуқларини қўпол бузиш” ҳоллари давом этганини айтди.

- Халқаро Амнистия Озарбайжонда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани тўғрисида анча вақтдан бери бонг уриб келмоқда. “Евровидение” танловига қадар (Озарбайжон Президенти Илҳом) Алиев режимига қарши уюштирилган намойишлар куч билан тарқатилгани, режимни қаттиқ танқид қилган диссидентлар, нодавлат ташкилотлари, журналистлар тазйиққа учраганини кўрдик, - дейди Халқаро Амнистия вакили.

Озарбайжон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги иддаоларни “асоссиз” деб уларни рад қилиб келмоқда.

Боку ҳукумати инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳларни Озарбайжоннинг нуфузига путур етказишга уринаётганликда айблаган.

Тоғли Қорабоғ хусусида Озарбайжонга қарши уруш олиб борган қўшни Арманистон “Евровидение” қўшиқ танловига бойкот эълон қилди.

Озарбайжонлик Эдгар ва Нигар дуэти ўтган йил Германияда бўлган “Евровидение” қўшиқ танловида биринчи ўринни эгаллаганидан сўнг Озарбайжон 2012 йилни “Евровидение” танловига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
XS
SM
MD
LG