Линклар

Афғонистон парламенти Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномани тасдиқлади.

Бу ҳужжат хориж кучлари 2014 йилда мамлакатни тарк этганидан кейин АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонда қолишига йўл очади.

Депутатларга кўра, шартнома 26 май куни парламентда овозга қўйилган пайтда 249 депутатнинг оз қисми унга қарши овоз берган.

Энди “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома Сенат муҳокамасига тақдим этилади.

Мазкур келишув 2 май куни Кобулда Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ва АҚШ Президенти Барак Обама томонидан имзоланган эди.

Ҳужжатда АҚШнинг Афғонистондаги узоқ муддатга мўлжалланган роли, жумладан, бу мамлакатга ёрдам кўрсатиш ва маслаҳат бериши каби масалаларга ойдинлик киритилган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Кобул ва Вашингтон ўртасида эришилган келишувда Афғонистонда АҚШнинг доимий ҳарбий базаси бўлиши назарда тутилмаган.

Келишувда Қўшма Штатлар томонидан Афғонистонга кўрсатилажак ёрдам миқдори ҳам белгиланмаган.

Шунга қарамай, АҚШнинг 87 минг аскари Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин АҚШ ўн йил давомида Кобул ҳукуматини молиявий қўллаб-қувватлаши назарда тутилган.

26 май кунги овоз беришдан сўнг чиқиш қилган Афғонистон парламентининг Мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси Шукрия Барикзай АҚШ билан эришилган келишув Афғонистоннинг суверен давлат мақомини мустаҳкамлашини таъкидлади.

- Мен мазкур ҳужжатнинг тасдиқланиши Афғонистонни қўшнилар сиқувидан қутқаришига, шунингдек, Афғонистон халқаро ҳамжамият ёрдамида дунё мамлакатлари орасида северен, мустақил ва оёққа турган давлат сифатида ўзининг муносиб ўрнини топишига умид қиламан, деди Шукрия Барикзай.

Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома Афғонистоннинг Эрон билан муносабати таранглашишига сабаб бўлди.

Афғонистон парламентининг баъзи аъзолари Эронни “Афғонистон ички ишларига аралашаётганлик”да айблаган.
XS
SM
MD
LG