Линклар

logo-print

Дамашқ Ҳаула фожеаси учун масъулиятни зиммасига олмоқчи эмас


Ҳаула шаҳрида қурбон бўлган одамлар, жумладан, 32 боланинг кафанланган жасадлари фотосуратини Сурия мухолифатининг Shaam News тармоғи эълон қилди, 2012 йил 26 май.

Ҳаула шаҳрида қурбон бўлган одамлар, жумладан, 32 боланинг кафанланган жасадлари фотосуратини Сурия мухолифатининг Shaam News тармоғи эълон қилди, 2012 йил 26 май.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва БМТ-Араб лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи Аннан Сурия ҳукуматини оғир қуроллардан фойдаланишни тўхтатишга чақирди.

Бан Ки Мун ва Кофи Аннаннинг бу чақириғи Сурия ҳукумати кучлари жума куни Ҳаула шаҳрини тўплардан ўққа тутгани оқибатида 90 дан ортиқ одам нобуд бўлганидан кейин эълон қилинди.

Сурияда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга қандай риоя қилинаётганини назорат қилаётган БМТ кузатувчилари Ҳауладаги ҳужум пайтида ўлганлардан 32 нафари болалар эканини билдирди.

Дамашда ўтказилган матбуот конференциясида Суриядаги БМТ кузатувчилар миссияси раҳбари генерал Роберт Муд Ҳауладаги ҳужумни Сурия халқи келажагига қарши қилинган ҳужум, деб атади.

- 32 нафар бегуноҳ бола, жуда кўп аёл ва эркаклар ҳалок бўлгани, айниқса, болаларнинг ўлими Сурия халқи келажаги ва хоҳиш-иродасига қарши қилинган қабул қилиб бўлмас ҳужумдир. Буни ким бошлади, ким жавоб қайтарди ва унга ким ҳисса қўшди, - деди генерал Роберт Муд.

Айни пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида Рейтерс телевидениесига интервью берган мухолифатдаги Сурия миллий кенгаши аъзоси Лоай Сафи халқаро ҳамжамиятни Сурияда тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун чора кўришга чақирди.

- Биз дунё жамоатчилигини тинч аҳолини ҳимоя қилиш масъулиятини ўз зиммасига олишга чақирамиз. Дунё Сурияда бундай шафқатсизлик ва қатлиом содир этилишини томоша қилиб турмаслиги керак, - деди Лоай Сафи.

Халқаро ҳамжамият, хусусан, АҚШ, Британия, Франция ҳукуматлари Сурия армияси аскарлари ҳужумини кескин қоралади.

27 май куни Кувайт Ташқи ишлар вазири Сурия бўйича Араб лигаси Ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда йиғилиши ўтказилишини эълон қилди.

Сурия ҳукумати халқаро ҳамжамият кескин танқид қилаётган Ҳаула фожиаси учун масъул эканини рад қилди.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Жиҳод Ал-Мақдисий тинч аҳоли ўлдирилишига террорчилар масъул эканини айтиб, Дамашқ расмийлари воқеа юзасидан текширув ўтказишини билдирди.

Ҳаула воқеаси бўйича Сурия раҳбарлари билан сўзлашув олиб бориш учун Кофи Аннаннинг 28 май куни Дамашққа бориши кутилмоқда.

Сурия армияси аскарлари 25-26 май кунлари Ҳаулани тўплардан ўққа тутган пайтда БМТ кузатувчиларининг мазкур шаҳарга киришига рухсат бермаган.

Араб ва Ғарб давлатлари ҳукуматлари кескин қоралагинига қарамай, Сурия армияси қисмлари 27 май куни мухолифат қароргоҳи ҳисобланган Ҳаула шаҳрини нишонга олишни давом эттирди.

Айни пайтда, Сурия билан Ироқ чегараси яқинида Сурия армияси аскарлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берганидан сўнг Ироқ армияси қисмлари юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG