Линклар

logo-print

Ўқув юртларида “сотка”дан фойдаланиш чекланди


Ҳукумат низомидан келиб чиқилса, ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар бундан буён фақат ўқув юрти ташқарисидагина мобил телефонлардан эркин фойдалана оладилар.

Ҳукумат низомидан келиб чиқилса, ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар бундан буён фақат ўқув юрти ташқарисидагина мобил телефонлардан эркин фойдалана оладилар.

Ўзбекистон ҳукумати республика таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тўғрисида низом ишлаб чиқди.

21 майдан эътиборан кучга кирган ва “бой интеллектуал мерос асосида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларни, миллий мустақиллик ғояларини ҳурмат қилиш ва уларга садоқат руҳида тарбиялаш” мақсадида ишлаб чиқилгани айтилаётган бу низом моҳиятан Ўзбекистондаги мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида уяли телефондан фойдаланишга нисбатан қатор чекловларни жорий қилади.

Мазкур низомга мувофиқ, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар телефонини “овозсиз” режимга ўтказиб қўйиши, дарс пайтида эса телефонни ўчириб қўйиши шарт. Низомда телефон эгасига уни “портфель, сумка ёки шу кабиларга солиб қўйиш” буюрилади.

Низомда қайд этилишича, уяли телефонни чўнтакда олиб юриш ёки бўйинга осиб олиш ҳамда телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига уланиш қатъиян маън қилинади. Шунингдек, низомда “телефон ёрдамида атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш”, “зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш” орқали ўқув юрти обрўсига путур етказиш тақиқланиши айтилган.

Дарс пайтида “телефон орқали сўзлашиш, SMS (MMS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш”, “телефонни стол устига қўйиш”, телефондаги мусиқани (наушниксиз ёки наушник ёрдамида) тинглаш, сурат ва видеотасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш, ўйин ўйнаб ўтириш, тасвир (матн, расм, видеоёзув ва фотосуратлар) кўриш, телефондан “диктофон, калькулятор, тақвим, ён дафтар кабилар сифатида фойдаланиш”, телефон камераси ёрдамида суратга олиш ва видеотасвирга тушириш, телефон орқали бошқа хизматлардан (GPRS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар) маън қилиши ҳам низомда келтирилган.

Низомга мувофиқ, мобил телефондан ўта зарур бўлган пайтда ота-она, яқинлар ёки ўқув юрти раҳбарлари ва ходимлари билан алоқа қилиш мақсадидагина фойдаланиш мумкин, аммо фавқулодда ҳолатлар содир бўлган пайтда бу қоидаларга амал қилинмайди.

Ҳукумат чекловлари ўқувчи ва талабалар билан бир қаторда ўқитувчилар учун ҳам тегишлидир.

Низомда уяли алоқадан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига мувофиқ чоралар кўрилиши ҳамда Низом талабларига риоя қилинишини назорат қилиш таълим муассасаси директорига (ёки факультет деканига) юклатилиши қайд этилган. Огоҳлантириш, ўқувчилар кундалигига ёзиб қўйиш, “ота-оналарни хабардор қилиш ёки тушунтириш суҳбати ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш” кабилар ана шундай жазо чоралари жумласидандир.

Низом қоидалари бузилган тақдирда ҳар қандай ўқитувчига таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш ва бу ҳақда билдиришнома расмийлаштириш ҳамда уни телефон билан бирга мактаб директори ёки факультет деканига ва у директор (декан) ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга (ёки ўқувчининг кураторига) бериш ҳуқуқига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG