Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:58

UNFPA тожик аёлларига ëрдам бермоқчи


БМТ Аҳолишунослик идораси - UNFPA оилада зўравонлик қурбони бўлган тожик аёлларига яқиндан ёрдам бериш мақсадида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик шартномаси имзолади.


“Мазкур ҳужжат асосида зўравонликка учраган аёлларга ҳуқуқий ва бошқа шу каби зарур ёрдамлар кўрсатиш мақсадида республика ҳудудида саккизта махсус марказ иш бошлайди”, дея билдиради Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Душанбе, Кўлоб, Қўрғонтепа, Хўжанд, Қайроққум шаҳарлари ва Рашт ҳамда Ваҳдат туманларидаги Соғлиқни сақлаш бўлимлари қошида очилажак марказларда ўтган бир йил давомида махсус курслардан ўтган икки юздан ортиқ тожикистонлик соҳа мутахассиси зўравонлик қурбони бўлган аёллар билан ишлаши айтилди.

БМТ экспертларига кўра, зўравонликка дучор бўлган аёлларнинг кўпчилиги дастлаб шифохоналарга мурожаат қилади.

“Шуни назарга олган ҳолда, бундай марказларнинг очилиши зўравонликка учраган аёлларга вақтида ёрдам бериш ва зарур чоралар кўриш имконини беради”, дея таъкидламоқда БМТ масъуллари.

Бошқа томондан, мазкур марказ ходимлари зўравонлик қурбонларига мамлакатнинг тегишли идораларига мурожаат қилиш борасида йўл-йўриқ кўрсатади.

БМТ ва Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оилада ва жамиятда зўравонликка дучор бўлаётган аёлларга амалий ёрдам кўрсатиш йўлидаги уринишлари Халқаро Амнистия ташкилотининг ҳам тожик жамиятида мавжуд бу дардли муаммо юзасидан ташвиш билдирган бир вақтга тўғри келди.

Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаол аёллар нодавлат ташкилотлари олиб борган тадқиқотлар хулосасига кўра, тожикистонлик аёлларнинг тахминан 80 фоизи мунтазам зўравонликка дучор бўлади.

“Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бирор аёлга нисбатан уйда зўравонлик қилинганига оид хабарни олсалар-да, аксарият ҳолларда тезлик билан чора кўришга шошилмайди, чунки тожик жамиятида бу хил зўравонлик “оилавий муаммо” деб қаралади”, дейди тожикистонлик хуқуқшунос аёллар.

2007 йили Тожикистондаги аёллар билан ишловчи бир қатор ноҳукумат ташкилотлари вакиллари республика Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Уйда зўравонликка дучор бўлган аёлларга ижтимоий кўмак кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, мамлакат парламентига тақдим этган эди. Аммо мазкур қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Марямбону Давлатованинг Озодликка билдиришича, ўшандан буён орадан беш йил ўтган бўлса-да, ҳужжат расмийлар томонидан тасдиқланмай келаётир ва айни пайтда бунинг сабаблари изоҳланмаяпти.
XS
SM
MD
LG