Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:36

ЎзМТРК Евро-2012 лицензиясини 1000$ дан сотаяпти


Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси 8 июндан 1 июлга қадар Украина ва Полшада ўтадиган футбол бўйича Европа чемпионати ўйинларини жонли намойиш қилишга изн берувчи лицензияни пойтахтдаги спорт кафеларига 1000 доллардан сотмоқда.

Футбол чемпионати намойиши 1000 долларга баҳоланди


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси - ЎзМТРК футбол бўйича Европа чемпионати ўйинларини телетранслация қилиш ҳуқуқини олди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида реклама қилинаётган видео роликларда айтилишича, ЎзМТРК бу борада Осиё телерадиоузатиш иттифоқи билан шартнома имзолаган.

Эндиликда Ёшлар ва Спорт телеканалларида 8 июндан 1 июлга қадар футбол бўйича Европа чемпионати ўйинларини жонли тарзда намойиш қилинади.

Бу иккита телеканал чемпионат ўйинларини намойиш қилиш ҳуқуқини бепул қўлга киритди.

Лекин ЎзМТРК рухсатисиз Ўзбекистон ҳудудида бошқа бирор телеканал ёки кафе, ресторан, чойхона, кинотеатр, истироҳат боғлари, Интернет кафелар ва бошқа жамоат тўпланадиган жойларда Евро-2012 ўйинларини намойиш қилиш тақиқланади.

ЎзМТРКдан рухсат олиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ташкилот Тошкентда жойлашган бўлса¸ 1000 АҚШ доллари, вилоятларда бўлса 500 доллар тўлаши шарт бўлади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания раҳбариятидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.

Айни пайтда¸ ЎзМТРКга хоразмлик мижоз сифатида қўнғироқ қилган Озодлик мухбири бу жараëнга оид айрим тафсилотларни ўрганишга муваффақ бўлди:

- Кафе учун 500 долларни ўзбек сўмининг давлат курси бўйича фақат пул ўтказиш йўли билан тўлайсиз. Сиз Тошкентга тўлашингиз шарт эмас. Хоразм телерадокомпанияси билан шартнома тузасиз. Пулни улар ҳисобига 500 долларни ўтказиб берсангиз бўлади. Кейин улар сизга акт, рухсатнома беради. Бу кабелний телевидениеларга тегишли эмас. Улар билан шартнома тузилмайди. Бу фақат кафе, ресторан, овқатланиш шаҳобчаларидан талаб қилинади, деди ЎзМТРК реклама бўлими ходими.

ЎзМТРКда ишловчи журналистлардан бирининг ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, телерадиокомпаниянинг Осиё телерадиоузатиш иттифоқи билан имзоланган шартномаси анча қимматга тушган ва бу пулини чиқариб олиш ва яна тижорат қилиш мақсадида маҳаллий ташкилотларга лизенциялар қиммат нархда сотилаяпти.

ЎзМТРКнинг Евро-2012 трансляцияси ҳуқуқини қанчага сотиб олгани очиқланмаяпти.

"1000 доллар анча қиммат"


Тошкентнинг Ҳамза туманида жойлашган Black.uz номли спорт кафеси Евро-2012 чемпионати ўйинларини намойиш қилишни режалаштирмоқда.

Кафеда еттита кичик хона бўлиб, жами 55 нафар мухлисни қабул қилиш имконига эга. Ҳар бир хонага телевизор экранлари ўрнатилган бу кафеда аввал ҳам футбол бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатлари намойиш қилинган.

Бироқ бу сафарги чемпионат ўйинлари учун 1000 доллар тўлаш масаласи кафе менежерларини бироз ўйлантириб қўйган.

Black.uz кафесининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, доимий мижозлар талаб ва истакларидан келиб чиқиб, қиммат бўлса ҳам Евро-2012 ўйинларини намойиш қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни сотиб олишга аҳд қилишган.

- 1000 доллар тўлаш осон эмас. Лекин биз бу пулни тўлаб, ҳужжатни оламиз. Бу ерда гап даромад кўриш ҳақида эмас. Буни доимий мижозларимизни сақлаб қолиш мақсадида қилаяпмиз. Чунки чемпионат пайти мижозлар кўпаяди. Кафега келадиган мижозларимиз орасида ҳақиқий футбол ишқибозлари кўп. Улар ҳатто севимли командаси ютқазиб қўйса, йиғлаган ҳолатлари ҳам бўлган, дейди Black.uz кафесининг ўзини таништирмаган ходими.

Евро-2012 ўйинларини лицензиясиз намойиш қилган шахс Ўзбекистон қонунчилиги бўйича, жумладан, “Муаллифлик ҳуқуқи” тўғрисидаги қонунни бузганлик айби билан жавобгарликка тортилади.
XS
SM
MD
LG