Линклар

28 май куни Ақтау шаҳар суди ҳукмига кўра, беш нафар полиция ходими ўтган йилнинг 16 декабридаги Жанаўзен воқеасида намойишчиларга нисбатан ўқ отганликда айбланиб, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Ақтау шаҳар суди беш нафар полиция ходимини Жанаўзен воқеасида қон тўкилишида айбдор, деб топди.

Суд ҳукмига кўра, Мағистау вилоят Ички ишлар департаментининг ўринбосари полковник Қабдиғали Ўтағалиев етти йил, экстремизмга қарши кураш бўлимининг бошлиғи подполковник Бекжан Бағдабоев олти йил, Жанаўзен шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор Ерлан Бақит ўғли олти йил, Манғистау вилоят Ички ишлар департаменти тезкор ходими лейтенант Ринат Жўлдибоев олти йил ва полиция капитани Нурлан Есберганов беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Давлат қораловчилари суддан айбланувчи полиция ходимларини 7 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Суд ҳукмида беш полициячи ўз хизмат вазифасини суиисътемол қилиш, намойишчиларга қарши ўқ узиш ва тинч аҳоли ўлимида айбдор, деб топилди.

Судланувчилардан бирининг адвокати Сумағул Ўтанев суд ҳукмини одилона эмас, деб ҳисоблайди.

- Одил суд бўлди, деб айтиш жуда қийин. Дадил-исбот йўқ. Кўп нарсалар очилмай қолди. Тергов ишини прокуратура қўллади. Прокуратура судга ўтказиб берди. Бунинг қонуний ёки қонуний эмаслиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ, - дейди адвокат Сумағул Ўтанев.

Прокурорлар полковник Қабдиғали Утағалиевни намойишчиларга қарши ўқ отишга рухсат берганликда айблади.

Подполковник Бекжан Бағдабоев автомат орқали мактабда ишлайдиган тўрт боланинг онаси Жанар Абдукаримовани отиб ўлдирганликда айбланди. Маҳкама жараёнида аниқланишича, Абдукаримова намойишчилар орасида бўлмаган. У банкоматдан пул олиш мақсадида майдонга яқин жойга келганда, Бағдабоев отган ўқдан жон берган. Шунингдек, подполковник Бағдабоев автоматидан отилган ўқдан яна икки фуқаро - Роҳат Тожиманов билан Ризабек Муҳаммад яраланган.

Тергов жараёнида ўтказилган текширувлар натижасида майор Ерлан Бақит ўғли отган ўқдан Атаберген Дусаганов ўлгани аниқланган.

Прокурорларнинг айтишича, лейтенант Ринат Жўлдибаев ўқидан вояга етмаган Рахат Кўчаров ҳалок бўлган.

Шунингдек, капитан Нурлан Есбергенов вояга етмаган болани отиб, ярадор қилганликда айбланган.

Прокурорларга кўра, полициячилар резина ўқ, дубинка қўллашга ҳақли бўлган.

Судланувчи полициячилар ўзларига қўйилган айбларни бўйнига олмади. Улар ҳукм бўйича апелляция шикояти ёзишни режалаштирганликларини маълум қилишди.

Айни пайтда жабрланувчи Нурлибек Нурғалиев ҳам суд ҳукмидан қониқмаганини айтади.

- Суд ҳукмидан тўла қониқмадим. Ўтган Шетпе судида тош отган оддий фуқарога саккиз йил берди. Одам ўлдирган полициячига етти йил бераяпти. Мен бунга рози эмасман. Бу адолатсиз суд, - дейди Нурлибек Нурғалиев.

Жанаўзен шаҳрида 2011 йил декабр ойи ўртасида содир бўлган тўқнашувларда камида 17 киши нобуд бўлганди.
XS
SM
MD
LG