Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:04

Ўзбекистон ўқув юртларида “сотка”дан фойдаланиш чекланди


Ҳукумат низомидан келиб чиқилса, ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар бундан буён фақат ўқув юрти ташқарисидагина мобил телефонлардан эркин фойдалана оладилар.
Ҳукумат низомидан келиб чиқилса, ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар бундан буён фақат ўқув юрти ташқарисидагина мобил телефонлардан эркин фойдалана оладилар.

Ўзбекистон ҳукумати республика таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тўғрисида низом ишлаб чиқди. 21 майдан эътиборан кучга кирган ва “бой интеллектуал мерос асосида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларни, миллий мустақиллик ғояларини ҳурмат қилиш ва уларга садоқат руҳида тарбиялаш” мақсадида ишлаб чиқилгани айтилаётган бу низом моҳиятан Ўзбекистондаги мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида уяли телефондан фойдаланишга нисбатан қатор чекловларни жорий қилади.

Ҳукумат тасдиқлаган низомга мувофиқ, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар телефонини “овозсиз” режимга ўтказиб қўйиши, дарс пайтида эса телефонни ўчириб қўйиши шарт. Низомда телефон эгасига уни “портфель, сумка ёки шу кабиларга солиб қўйиш” буюрилади.

Низомда қайд этилишича, уяли телефонни чўнтакда олиб юриш ёки бўйинга осиб олиш ҳамда телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига уланиш қатъиян ман қилинади. Шунингдек, “телефон ёрдамида атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш”, “зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш” орқали ўқув юрти обрўсига путур етказиш тақиқланиши айтилади низомда.

Дарс пайтида “телефон орқали сўзлашиш, SMS (MMS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш”, “телефонни стол устига қўйиш”, телефондаги мусиқани тинглаш, сурат ва видеотасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш, ўйин ўйнаб ўтириш, тасвир кўриш, телефондан “диктофон, калькулятор, тақвим, ён дафтар кабилар сифатида фойдаланиш”, телефон камераси ёрдамида суратга олиш ва видеотасвирга тушириш, телефон орқали бошқа хизматлардан маън қилиши ҳам низомда келтирилган.

Ўзбекистондаги коллежлардан бирининг ўқитувчиси Баҳром ака талабаларнинг қўл телефонларидан суиистеъмол қилиши, айниқса, дарс пайтида мобил телефон орқали сўзлашиши ёки СМС ёзиб чалғишини маъқулламайди. Лекин айни вақтда, дейди Баҳром домла, бугунги информацион замонда “ватанга муҳаббат” қабилидаги баландпарвоз гаплар билан ёшларнинг замонавий технология имкониятларидан фойдаланишларини чеклаш, аксинча, “бой интеллектуал мерос, миллий ва умуминсоний қадриятлар” ғояларига зиддир.

- Уяли телефонлардан ўқувчиларнинг, талабаларнинг, коллеж талабаларининг фойдаланишининг ҳеч қанақа зарарли томони йўқ. Менимчада энди. Талабаларнинг ҳам ўзига яраша ташвиши бор. Интернет тўғрисидаги хабарларга мана айтаяпсизда. Каримов бобонинг ҳам гапларини ўзларингиз айтасизларку. “Интернет йўқ бўлмайди” деб айтгандиларку, дейди ўзбекистонлик коллеж ўқитувчиси.

Кейинги пайтларда талабаларнинг қўл телефонлари орқали оммавий ахборот воситаларига ўзлари ўқийдиган ўқув юртларида рўй бераётган ҳодисалар ҳақида хабар беришлари ёки бундай ҳодисаларга оид фото ва видео тасвирларни Интернетда эълон қилишлари ҳолатлари кўпайганини Озодлик эшиттиришлари ва Интернет сайтида берилаётган лавҳалардан ҳам кўриш мумкин.

Германиядаги олий ўқув юртларидан бирида ўқийдиган ўзбекистонлик Отабекнинг фикрича, ҳукумат қабул қилган низом ортидаги сабабларнинг асосийси ҳам ана шу ҳолатларга чек қўйишдир.

- Менимча, мақсади шу бўлиши керакки, видеога оладиган, суратга оладиган қўл телефонларни кўп бўлганлигидан университетдаги баъзи ëмон ҳолатларни видеога олиб Оммавий ахборот воситаларига, YouTubeларга қўйиш кўпайган. Сиëсатга тегишли видеоларни ëки бўлмаса таълим тизимидаги ëмон нарсаларга тегишли видеоларни суратга олиш кўпайганлигидан, бу нарсаларни кейин оммавий ахборот воситаларига чиқарса, Ўзбекистоннинг имижига, Ўзбекистоннинг сиëсий рейтинггига анча катта зарба берадиган бўлгани учун шу нарса жорий қилинган деб ўйлайман, дейди Отабек.

Ўқув юртларидаги тартиб-интизома жараёнига ҳукумат даражасида аралашилаётганини Отабек ўз фикрларига асос ўлароқ келтиради ва Германия ва фикр эркинлиги ғояси урф бўлган мамлакатларда бундай чекловлар йўқлигини айтади.

- Йўқ, унақа тақиқ қўйилмаган. Университет томонидан ҳам тақиқ қўйилмаган, ҳукумат томонидан ҳам бу нарсаларга тақиқ йўқ. Бизларнинг ўзбек болалари мактабдан бошлаб унақа тарбияни кўрмаган. Мактабдан бошлаб тартиб қаттиқ эмас. Германияда шу нарсалар болаларнинг онгига сингдирилганки, гуруҳда ўтирган пайтда телефон жирингласа, бу одобдан эмасалигини, гаплашганда бошқаларга халақит бераëтганлигини билади. Гаплашганда ҳам бошқа болалар “бор, ташқарига чиқиб гаплаш” дейиши мумкин. Бу ëшликдан кўрилган тарбия бўлгани учун бу нарсани қонун қилиб чиқаришга, тақиқ қилиб қўйишга ҳожат қолмаган, дейди Германияда таҳсил олаётган Отабек.

Ҳукумат низомида уяли алоқадан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига мувофиқ чоралар кўрилиши қайд этилган.

Ўзбекистонда бугунги кунда мобил алоқадан фойдаланувчилар сони, расмий маълумотларга кўра, 25 миллионга етган. Уларнинг аксари ёшлар экани айтилади.

Ўзбекистондаги 9 миллиондан ортиқ Интернет фойдаланувчининг ярмидан кўпи эса, мобил алоқаси орқали жаҳон тармоғига чиқади.
XS
SM
MD
LG