Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:29

Долларнинг ошиши Сизга қандай таъсир қиляпти?


Сўнгги ойларда дунё биржаларида АҚШ долларининг бошқа эркин муомаладаги валюталарга нисбатан қадри ошиб бормоқда. Бунга асосан Европадаги қарзлар билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлмоқда.


Ўзбекистонда ҳам АҚШ долларининг қадри бир неча ойдан бери ошиб бормоқда. Ҳозир қора бозорда бир АҚШ доллари тахминан 2870 сўмдан сотилмоқда.

Давлат курси бўйича эса бир АҚШ доллари 1871.44 сўм қилиб белгиланган.

Баъзилар доллар ошиб боришидан хавотирда бўлса, бошқалар доллар курси уларни умуман қизиқтирмаслигини айтмоқда.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга “Долларнинг ошиши Сизга қандай таъсир қиляпти?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Малика, Тошкент, тадбиркор аёл:

- Тадбиркорнинг топганини кемириб ейдиган долларнинг ўйини-ку. Бу ëқдан топаверасиз, доллар курси ўйнаши билан топган пулингиз ўшанга кириб кетаверади. В роде би меҳнат қиласиз, пул қозондим, деб ўйлайсиз, бу ëғи еб юборади. Молни долларда олиб келаман. Уни сўм қилиб қайтадан долларга айлантиргунимча долларнинг ўйини еб юбораяпти. Бу "беҳуда ҳаракат қилаяпман" деган гап. Қўлингизда катта пул айлангандай бўлади, катта пул қилдим, деб ўйлайсиз, лекин натижада нол бўлиб чиқади. Ҳар кунги курсдан хабарим бўлавермайди. Ўзим бозорда ўтирмайман. Мен молни олиб келаман, дўконга ташлайман. Болаларим менга ҳисоб-китобини беради. Ўзбекистонда эрталабки баҳо кечқурунгача икки-уч марта ўзгариши мумкин. Шунинг учун доллар курси 2910 сўм бўлса, улар 2930 ҳисоблаб савдо қилишади. Бўлмаса, ўзларининг чўнтагидан қўйишига тўғри келади. Ўшанга заҳирасини қўйиб ишлашади.


Алишер, Самарқанд, шифокор.

- Поликлиникада беш йилдан бери шифокор бўлиб ишлайман. Доллар курси ошишини менга қандай таъсир қилишини билмадим. Ўйлаб кўрмаган эканман. Гапни очиғи, ҳеч қизиқмаганмиз. Ўз ишимизни қиламиз, ойлигимизни оламиз. Лекин ҳаммаси яхши. Тўғриси, ишингиз тушмаганидан кейин буни қаердан биласиз? Майли, ака, кейин гаплашармиз.

Нишонбой ака, Андижон, фермер:

- Қора бозор бўлгандан кейин доллар ошади-да энди. Оддий бир мисол келтирадиган бўлсам, битта доллар сотадиган одам 100 долларни (2)85 минг деяпти, яна биттасига борсангиз, (2)88 минг деяпти, яна биттаси (2)90 минг деб юбораяпти. Ўзлари ошираяпти-да буни. Қора бозорда энди у. Менга таъсири бор. Яна мисол келтирадиган бўлсам, ҳайвон бозорига кирсангиз, ўртача бир ҳайвоннинг нархи, молнинг нархи 1 миллион 700 минг сўм. Бу ëғини қўяверинг энди. Битта эчкини айтмай қўяверинг энди. Ололмай чиқиб келавердик. Қўй олдик. Доллар ошишининг алоқаси шу. Ҳайвонлар ҳам доллар билан савдо қилинаяпти-да. Ўзбек пулига битта ҳайвон оладиган бўлсангиз, борингки, битта қўй оладиган бўлсангиз, қўй 280 мингга пишди дейлик. Сиз ўша қўйнинг тепасига яна 5000 қўшиб берасиз. Шунда 100 долларга тўғри келади. Тамом.


Одилбек, Сибир, самарқандлик меҳнат муҳожири:

- Долларнинг ошиб бориши жуда ҳам ёмон бўлаяпти. Доллар қиммат бўлаяпти. Қандайдир чораларни кўриш керак. Оиламнинг моддий аҳволига зарар кўрсатаяпти. Олаëтган ойлигимни долларга алмаштирадиган бўлсак, доллар камайиб бораяпти. 30 минг рубл бўладиган бўлса ойлик, 1000 долларга яқинроқ эди, Ўзбекистонга боргандан кейин камайиб бораяпти. Иқтисодий жиҳатдан зарар-да энди бу. Иқтисодий томонлама зарар бўлаяпти.


Муҳаррам ая, Тошкент, пенсионер:

- Кеча мен долларчилар билан гаплашдим. Ошгани йўқ доллар. 87 олиб, 89 сотишаëтган экан. Беш-олти ой олдингига нисбатан ошди. Охирги бир ойнинг ичида бир хилда турибди. Бир кунга ошди, дейишди, лекин яна қайтиб тушибди. Энди ошиб борганда нарсалар ҳам ошаяпти. Конечно таъсир қилади-да. Қиммат бўлса, камроқ нарса оласиз-ку. Мен қурилиш қилаяпман. Мен озгина доллар йиққанман. Менга ҳозир қанча баланд бўлса, қимматга сотиб, нарса оламан. Ҳозир фойда томони бор менга. Долларим тугагандан кейин қурилишни тўхтатаман. Юраман қачон сўмга нарса оламан деб. Ҳозир пенсиядаман.

Болаларга қийин бўлаяпти-да ҳозир. Болаларим озгина такси қилади. Шундан пул топиб, рўзғорини тебратиб турибди. Мана, битта уй ҳам солиша олмаяпти. Уй масаласи шаҳарда қийин биласиз.


Насиба, Қарши, сартарош:

- Доллар ошиши албатта ёмон. Масалан, мен уй олиш учун пул йиғаяпман. Олдин ойига “маълум миқдорда” пул ташлаётган бўлсам, доллар ошиши ҳисобига камроқ ташлашимга тўғри келади. Менга кўрсатадиган зиёни шу. Узр. Ҳозир бир жойга кетишим керак эди...


Ҳотам, Тошкент, талаба:

- Доллар ўйнаяпти. Мен билганими 10 кун, икки ҳафтача олдин 100 долларни 292 минг сўмга алмаштиришди. Бугунги кунда 285 мингга тушди. Доллар ошиши бозордаги импорт товарлар нархи ошишига сабаб бўлади. Лекин яқинда мен билан бир қизиқ воқеа бўлди. Кўк олиш учун бозорга тушдим. Икки боғ кўк олиб, минг сўм берсам, "яна минг сўм беринг", деди. "Нега?" десам, "ака, доллар ошди-ку", деди. Ҳайрон бўлиб қолдим. "Долларнинг боғингизда ўсган кўкка қандай алоқаси бор?" десам, "ака, ҳамма нарса ошса, кўк ҳам ошади-де", деди. Кўринишидан ақли етмайдиган одамга ўхшади. Кейин айтганини бериб, индамай кета қолдим.

Лекин доллар ошса, кийим кечак бозорида ёки “Малика”даги техника ҳам ошади. Улар сизга нархни долларнинг қора бозор курсига қараб айтишади. Кўпчилик улар беш доллар фойдасига сотаяпти, деб ўйлайдию, аммо улар солиқни давлат курсида тўлашади. Бир доллардан минг сўмча фарқ қилади.


Муҳтарам тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG