Линклар

Ўзбекистон президенти коллежларда анъанавий мактаб таълими услубларидан воз кечиб, янги технологиялар ва амалий машғулотга кўпроқ урғу беришни талаб қилмоқда.

Бу ҳақда президент Ислом Каримов томонидан 28 май куни имзоланган “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда айтилади.

Каримов қарорида "махсус комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижасида аниқланишича, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларнинг раҳбар ва педагог кадрларини танлаш тизимида, авваламбор, уларнинг малакаси етарли эмаслиги ҳамда қўйилаётган талабларга мувофиқ эмаслиги билан боғлиқ жиддий камчилик ва нуқсонлар мавжуд”лиги, “касб-ҳунар коллежларини ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан таъминлаш кўп жиҳатдан уларнинг тегишли базавий тайёргарлигини, педагогик ва амалий иш тажрибаси мавжудлигини ҳисобга олмасдан”, яъни хўжакўрсинга амалга оширилаётгани, натижада “ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ўқув жараёни тегишли даражада ташкил қилинмаган”и, машғулотлар эса асосан анъанавий мактаб таълими услубларига таянган ҳолда ўтказилаётгани, замонавий илғор педагогик ва янги компютер, ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан, Интернет таълим жараёнига суст жорий этилаётгани, касб-ҳунар коллежларини хорижий тиллардан дарс берувчи малакали мутахассислар билан таъминлашга етарлича эътибор берилмаётгани каби камчиликлар қайд этилади.

Қарорда “касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар учун илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаган, касбий тайёргарликка эга, замонавий фикрловчи кадрларни танлаш ва улар билан таъминлаш тизимини тубдан яхшилаш, ўсиб бораётган замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш” зарурлиги уқтирилади ҳамда бунинг учун коллеж раҳбарлари ва ўқитувчилари учун семинарлар ташкил қилиш, уларни мунтазам равишда аттестациядан ўтказиш, аттестация чоғида “ўқитувчилар таркибининг компютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан, интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлиши мажбурий эканига алоҳида эътибор қаратиш” тавсия этилади.

Президент Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига таълим жараёнида илғор педагогик услуб ва технологиялари (“case study” услуби, лойиҳалар услуби, ҳамкорликда ўқитиш, “амалий ўйин”, интерфаол таълим услуби ва бошқалар), ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари ва мултимедиа тақдимотларидан фойдаланиш борасида чет эл тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиқишни, чет эл тажрибасини инобатга олган ҳолда, уч ой муддатда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар учун янги ўқув режалари ва дастурларини қайтадан ишлаб чиқишни ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлашни, уларда анъанавий мактаб таълими услубларидан воз кечиб, амалий машғулотлар ва ишлаб чиқариш амалиёти бўйича соатларни кўпайтиришни топширади, мазкур чора-тадбирлар амалга оширилиши учун вазирлик, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва унинг ҳудудий тузилмаларининг раҳбарлари “шахсан жавобгар бўлишлари”ни урғулайди.

Ислом Каримов қарорида коллеж ва лицейлар фаолиятидаги камчиликларни тугатиш бўйича “амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида шу йил 1 августига қадар ва 2012 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилиши” зарурлиги, мазкур қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланиши таъкидланади.

Президент қарорига муносабат билдираётган кузатувчилар яқин орада Ўзбекистондаги коллеж ва лицейлар дастурларида ҳам, бу муассасаларга раҳбарлик қилаётган директорлар ҳамда бу жойларда ишлаётган ўқитувчилар таркибида ҳам катта ўзгаришлар бўлишини тахмин қилмоқдалар, бироқ бунинг амалий самараси қандай бўлиши ҳақида ҳозирча бирор фикр билдириш қийинлигини айтмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 1537 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 214 та йўналиш ва мутахассисликлар бўйича 115,8 минг нафар педагог ходим кадрлар тайёрлашни амалга оширмоқда. Қайд этилишича, Ўзбекистон коллеж ва лицейларидаги ўқитувчи кадрларнинг 70 фоиздан кўпроғини 40 ёшгача бўлган юқори малакали мутахассислар ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG