Линклар

“InterContinental” кетишига молиявий келишмовчиликлар сабаб бўлган


“InterContinental” Тошкентдаги ягона беш юлдузли меҳмонхона эди.

“InterContinental” Тошкентдаги ягона беш юлдузли меҳмонхона эди.

Тошкентдаги “InterContinental” меҳмонхонасини бошқариб келган InterContinental Hotels Group ширкатининг Ўзбекистондаги бизнесидан воз кечишига маъмурий қийинчиликлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда номи “Hotel Inn Continental Tashkent” деб ўзгартирилган меҳмонхона бошқарувидаги ходимлардан бири Озодликка мактуб орқали маълум қилди. InterContinental Hotels Group Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатгани боис 28 майдан эътиборан Тошкентдаги энг ҳашаматли меҳмонхона номи ўзгартирилди.

Меҳмонхона бизнесида дунёдаги етакчилардан саналган Британиянинг InterContinental Hotels Group ширкати Ўзбекистондан чиқиб кетиш қарори, расман, меҳмонхона безагининг ширкат стандартларига мос келмаслиги билан изоҳланди.

Вақтинча “Hotel Inn Continental Tashkent” деб номланган меҳмонхона бошқарувидаги ходимлардан бири Озодликка юборган мактубда, “InterContinental” меҳмонхонаси менежменти (бошқаруви) кўпдан бери маъмурий қийинчиликларга дуч келаётган эди. Бу қийинчиликлар расмий идоралар томонидан саноқсиз текширувлар, сўмда олинган даромадни эркин валютага конвертация қилиш муаммоси, хориж валютасида ишлаш имконсизлигидан иборатдир. Уларнинг (InterContinental Hotels Group ширкати) Ўзбекистон бозоридан кетишига ана шу қийинчиликлар сабаб бўлди”, дейилади.

InterContinental Hotels Group ширкатининг Лондонда жойлашган бош қароргоҳи Озодликка душанба куни йўллаган ёзма изоҳида “Узоқ давом этган мунозаралар натижасида 2012 йил 27 май куни InterContinental Тошкент меҳмонхонаси билан иншоотни бошқаришга оид шартнома тўхтатилди. Шу кундан бошлаб, бу меҳмонхона InterContinental номи билан юритилмайди. Ўзаро келишмовчиликларни ҳал этиш уринишларимизга қарамасдан, мазкур меҳмонхонани InterContinental бренди остида бошқара олмаймиз”, дейилади.

Шунингдек 28 май куни InterContinental Hotels Group ширкати Европа идорасининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Люси Томас келишмовчилик нимадан иборат эканига бироз ойдинлик киритди.

- Бунинг асосий сабабларидан бири хоналарнинг таъмирдан ўтказилиши билан боғлиқдир. Хоналар таъмирланиши режада бор эди, лекин улар таклиф этган режа бизнинг стандартларимизга мос келмади ва бу борада муроса тополмадик, деди инглиз ширкати расмийси Люси Томас.

Лекин Тошкентдаги манба берган хабардан кейин Озодлик Люси Томасга мавзу юзасидан қайта мурожаат қилди. InterContinental Hotels Group вакили микрофонсиз суҳбатда, ширкатнинг Ўзбекистонни тарк этишига бошқа сабаблар борлигини тасдиқлади.

Унинг айтишича, "Ўзбекистон расмийлари InterContinental Hotels Group ширкатининг мамлакатда норезидент субъект сифатида расмийлаштиришга" розилик бермаган. Норезидент тадбиркорлик субъекти мавқеи InterContinental Hotels Group ширкатига баъзи молиявий имтиёзлар, жумладан, эркин валюта билан ишлаш имконини бериши мумкин эди.

Айни пайтда “Hotel Inn Continental Tashkent” меҳмонхонасининг маркетинг бўйича мутахассиси 28 май куни Озодлик билан суҳбатда Британия ширкати Ўзбекистондаги бизнес манфаатларидан воз кечишига сабаб ўлароқ, бино безагининг “InterContinental” стандартларига мос келмай қолгани билан изоҳлаганини маълум қилган эди.

- Улар биздан кетишларини янгилаш ишлари натижасида бинонинг янги дизайни InterContinental стандартларига мос келмаслиги билан тушунтиришди. Биз тендер эълон қилиб, учта хонани алоҳида фирмаларга таъмирдан ўтказдик. Уларга бирортаси ҳам ёқмади ва умумий таъмирлаш ишларини белгиланган муддатда бошлай олмадик. InterContinental учун барча стандартларга амал қилиниши ўта нозик масала ва шу сабабдан биз билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилишди, деди ўзини Азиза деб таништирган меҳмонхона ходими.

1997 йилда очилган “InterContinental” Тошкентдаги ягона беш юлдузли меҳмонхона бўлиб келди. Меҳмонхонанинг 50 фоизлик улуши Британиянинг InterContinental Hotels Group ширкатига, қолган 50 фоизи эса Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазирлигига қарашли бўлган.

Номи “Hotel Inn Continental Tashkent” деб ўзгартирилган меҳмонхона ходимига кўра, ҳозирда “ҳукумат “Accor”, “Hilton”, “Marriot” каби таниқли меҳмонхоналар билан ҳамкорлик қилиш борасида музокаралар олиб бормоқда” ва келажакда меҳмонхонага бу уч бренддан бирининг номи олиши мумкин.

Ҳозирда тўлалигича Ўзбекистон ҳукумати тасарруфига ўтган меҳмонхонада, маркетинг бўйича ходимнинг айтишича, энг арзон хонада бир кеча тунаш нархи 400 АҚШ доллари, энг қиммат президент аппартаментлари эса 4000 доллар туради. Корпоратив мижозлар, яъни доимий тарзда меҳмонхона хизматларидан фойдаланадиган ширкатлар учун махсус чегирмалар бор, деди суҳбатдош.

Меҳмонхона номи 28 май куни расман ўзгартирилганига қарамай¸ айни кунда унинг Интернетдаги сайти мижозларга ўзини InterContinental дея тақдим этишда давом этди.

Бундан аввал дунёнинг яна бир таниқли меҳмонхона бренди – “Sheraton” ҳам Ўзбекистонда чиқиб кетган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ҳокимиятига қарашли бу меҳмонхона “Марказий” номи билан юритилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG