Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:06

Президент таълимда Интернет йўқлигини танқид қилди


Ислом Каримов фикрича, ўқув муассасаларида асосан эски таълим услубларига таянилмоқда.
Ислом Каримов фикрича, ўқув муассасаларида асосан эски таълим услубларига таянилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 28 май куни имзолаган “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида коллеж ва лицейларда янги технологиялар ва амалий машғулотларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Президент қарори билан таълим сифати ўзгарадими?

Ўзбекистондаги коллеж ва лицейларда ўтган 5 ой давомида махсус комиссиялар текширув ўтказди.

Ана шу комиссиялар хулосаларига таянган ҳолда президент Каримовнинг қарорида айтилишича, машғулотлар асосан анъанавий мактаб таълими услубларига таянган ҳолда ўтказилмоқда, замонавий илғор педагогик ва янги компютер, ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан, Интернет таълим жараёнига суст жорий этиляпти, касб-ҳунар коллежларини хорижий тиллардан дарс берувчи малакали мутахассислар билан таъминлашга етарлича эътибор берилмаяпти.

Фарғонадаги Иқтисод коллежи ўқитувчиси Шуҳрат Ҳамидов, президент ҳақиқатан ҳам жуда долзарб масалани кўтарди, дейди:

- Совет даври билан ҳозирги даврни солиштирса, осмон билан ерча фарқ бор. Имконият ва шароит яхши. Компютерлар, умуман болаларнинг сифатли таълим олиши учун имконият жуда катта. Лекин талабаларнинг дарсга қатнашиши суст, 70-80 фоиз атрофида. Иккинчидан, ўқитувчиларнинг савияси ҳам яхши эмас. Масалан, болаларга компютерни ўртгатиш учун, уларга Интернетни тушунтириш учун малакали мутахассис бўлиши керакми, шундайлар бизда жуда кам,- дейди Шуҳрат Ҳамидов.

"Электр бўлмаса компютердан не наф?"

Фарғоналик ўқитувчи фикрларини бухоролик ҳамкасби ҳам тасдиқлайди. Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги коллежлардан бирида ўқитувчилик қилаётган Ибод Ҳакимовнинг айтишича, бугунги коллежлардаги таълим тизимини яхшилаш учун президентнинг қароригина кифоя қилмайди. Ўқитувчи ўз сўзларини бундай асослайди:

- Бизни коллежда ҳам компютерлар тўлиб тошиб ётибди. Лекин бу компютерлар фақат ҳайкалдай қотиб туради. Бунинг бир сабаби бор. Бизнинг қишлоқ ҳудудларида куз ва қиш давомида электр бўлмайди,- дейди Ибод Ҳакимов.

Ўқитувчининг айтишича, Интернетдан фойдаланишни ҳатто ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам билмайди:

- Интернетни тушунадиган одамнинг ўзи йўқ. Мен ўзим уч йилдан буён телефондан кираман Интернетга. Коллеждаги компютерларда эса свет бўлганда болалар ўйин ўйнайди. Шунда ҳам тепасида ўқитувчи туради, бирор жойини бузиб қўймасин, деб,- дейди Ибод Ҳакимов.

Суҳбатдошимиз президент қарори коллежлар таълим тизимида ўзгаришларга турки бўла олишига ишонмаслигини айтади:

- Ўзгармайди, ҳеч нарса ўзгармайди. Бунинг сабаби эса ўқитувчиларнинг ўз ишларига масъулият билан ёндашмаслигида. Масъулиятнинг йўқлиги эса ойликларнинг камлиги билан боғлиқ. Ўқитувчи 400-500 минг сўм ойликка ҳар куни 8 соат ишлаганидан кўра, мол боқса, томорқа қилса ёки Россияга бориб ишласа анча кўпроқ пул топади,- дейди Ибод Ҳакимов.

"Телефондаги Интернетдан қўймасин"

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги агросаноат коллежида ўқиётган Жасурнинг айтишича, гарчи компютерхоналар бўлса-да, уч йил давомида уларга Интернет нима эканлиги ва ундан қандай фойдаланиш хусусида бир соат ҳам дарс ўтилмаган:

- Бизни болалар ўзларини телефонларига Интернет ўрнатиб олган. Ўшани коллежга олиб бориб, сим орқали компютерга улайдида, кейин Интернетга киради. Лекин Интернет нима эканлиги унинг фойдаси ва зарари нима эканлиги ҳақида биз дарс ўтмаганмиз,- дейди жиззахлик коллеж талабаси Жасур.

Президент қарорига муносабат билдираётган кузатувчилар яқин орада Ўзбекистондаги коллеж ва лицейлар дастурларида ҳам, ўқув муассасаларига раҳбарлик қилаётган директорлар ҳамда ўқитувчилар таркибида катта ўзгаришлар бўлишини тахмин қилмоқдалар, бироқ бунинг амалий самараси қандай бўлиши ҳақида ҳозирча бирор фикр билдириш қийинлигини айтмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 1537 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 214 та йўналиш ва мутахассисликлар бўйича 115,8 минг нафар педагог ходим кадрлар тайёрлашни амалга оширмоқда. Қайд этилишича, Ўзбекистон коллеж ва лицейларидаги ўқитувчи кадрларнинг 70 фоиздан кўпроғини 40 ёшгача бўлган юқори малакали мутахассислар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG