Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:48

"Гулнора Каримова замонамиз Нодираси"


"Нодирабегим" спектакли ижодкорлари наздида асар қаҳрамонлари баъзи замондошлар образига уйқашдир.
"Нодирабегим" спектакли ижодкорлари наздида асар қаҳрамонлари баъзи замондошлар образига уйқашдир.

Тошкентдаги “Дийдор” театр студияси “Нодирабегим” спектаклининг янги талқинини тақдим қилди. Спектакл ижодкорлари бугунги кунга ўтмиш назари билан қараш истагини билдиришди.

Ўтган асрда ижод қилган ўзбек ëзувчиси Туроб Тўланинг “Нодирабегим” асари бугунги замонга ҳамоҳанг тарзда сахналаштирилди, деб билдирди театр раҳбари Баҳодир Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда.

Бу тарихий спектакл қаҳрамонларини замондошларимизга ўхшатсак бўлади, дейди спектаклда бош ролни ижро қилган 24 яшар Назокат Нарзиева:

- Ташкилотчилиги, халқ билан ишлаши, одамларга ëрдам беришини мисол қилиб оладиган бўлсак, Гулнора Каримовани Нодирабегимга мисол қилиб олишимиз мумкин. Юрт учун ўзини қурбон қилиб ëки юрт учун ҳамма нарсани қилиш учун аëл киши эмас, мисол учун, ўзимизнинг президентимизни олиб қарасак ҳам бўлади. Аëл бўлмаса ҳам, эркак киши бўлса ҳам, президентимизнинг юртимиз учун жонкуярлик қилаëтганини олиб қарашимиз мумкин, дейди Нодирабегим роли ижрочиси.

Нодираи Даврон-Момои Фарғона

Спектакл Туркистон тарихида мураккаб давр бўлган 19-асрдаги Қўқон хонлигидаги сиëсий зиддият ҳақида.

Мамлакатни узоқ йил бошқарган Умархон ўлимидан сўнг Қўқон тахтига 12 яшар Маъдалихон ўтиради.

Расман Маъдалихон мамлакат раҳбари деб эълон қилингани билан, амалда давлатни Маъдалихоннинг онаси Нодирабегим юритади.

Спектаклда Нодирабегимнинг Қўқондаги маданият ва санъат ривожи учун ҳисса қўшгани, мамлакатда янги каналлар қаздириб, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлагани кўрсатилади.

Нодирабегимнинг бу фаолияти саройдаги баъзи диний гуруҳларга ëқмайди. Улар Нодирабегимни кофир деб эълон қилишади.

Пировардида Нодирабегимга мухолиф гуруҳлар Бухоро амири Насруллохон кўмагида сарой тўнтариши ўтказади.

1842 йилда Маъдалихон ва Нодирабегим ва уларга содиқ юзлаб сарой мулозимлари Насруллохон амрига кўра қатл қилинади.

Бу воқеадан сал ўтиб Қўқон хонлиги ва бутун Туркистон руслар тарафидан ишғол қилинади.

Ҳозирги замон учун ўрнак

“Дийдор” театри бадиий раҳбари Баҳодир Йўлдошев Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу спектакл замон занжирларини узгани ва кечаги куннинг бугун учун хулосаларидан иборат деган фикрни айтди.

Спектаклда Нодирабегим саройига ëвуз ният билан киритилган канизак образи бор.
Диверсант-террорчи вазифаси юкланган бу канизак пировардида қилган ишларидан тавба қилади.

Спектаклда бирданига иккита рол, Увайсий ва канизак ролини ижро қилган 24 яшар Дилором Абдуазимова Озодлик билан суҳбатда тарихий асарнинг бугун учун сабоқларидан гапирди:

- Осмон билан ерча фарқи бор канизак билан Увайсийнинг. Биттаси салбий рол, биттаси ижобий рол. Канизакка келадиган бўлсак, энди у мажбурликдан қилганда. Бу ишларнинг ҳаммасини Ҳаққул буюргани учун, ўзи Амир Насрулло шунинг учун жўнатган бўлади. Канизак Нодирабегимни чин дилдан яхши кўради. Онасидай ҳурмат қилади. Жуда ҳам севади Нодирани. Лекин мажбур бўлганидан Умархонни ўлдиради. Кўп ишлар қилади канизак. Жуда кўп ëмон ишлар қилади, лекин охирида тавба қилиб ҳақиқий Нодирабегимнинг розилигини олиб ҳамма гуноҳлари учун тавба қилиб кетгани менга жуда ҳам таъсир қилади. Виждони қийналгани учун ҳам шу ишни қиладида. Охирида тавба қилиб ўлади. Шуниси менинг канизакка меҳримни оширган, дейди санъаткор.

“Дийдор” театр студиясида ижод қиладиган актер Санжар Алиев "Нодирабегим" спектаклининг яратилиш жараëни қийин кечганлигидан гапирди:

- Айниқса, ëмғир ëғадиган саҳна яхши чиқиши учун ҳаракат қилинди. Рассом Сергей Седухин жуда оригинал ғоялар билан чиқди. Раҳбаримиз Баҳодир Йўлдошев ижодкорларни ўзлари билмаган қирраларини рўëбга чиқариш учун қаттиққўллик билан ҳаракат қилди, дейди актёр.

Санжар Алиевга кўра, спектаклнинг биринчи қисми сотқинлик ва садоқат ҳақида ҳикоя қилса, иккинчи қисмида Исломнинг дунëвий қадриятлар билан уйғунлиги борасида баҳс кетади.

Ҳар кимки ëмон бўлса, жазо топқусидир

Спектакл яхшилик ва ëмонлик кураши ҳақида, дейди санъаткор Дилором Абдуазимова:

- Мен ўйнаган канизак монологини айтиб берсам. Момоий ҳоки Турон, ҳоким ойим. Забунлик кўрмасин юртинг илойим. Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир. Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир.

“Дийдор” студияси Баҳодир Йўлдошев мактаби

Тошкентдаги “Дийдор” театр-студиясини 1993 йилда таниқли режиссер Эргаш Масафаев ташкил қилган.

Айни пайтда бу масканга таниқли артист ва режиссер Баҳодир Йўлдошев раҳбарлик қилмоқда.

Театр студия қошида режиссерлик ва актерлик маҳорати мактаби фаолият олиб бормоқда.

“Дийдор” студияси Тошкентдаги 11 театр даргоҳидан бири саналади.
XS
SM
MD
LG