Линклар

Фарғонада Халқ банкининг пластик карточкалари етишмаётгани боис одамлар 4-5 киши бўлиб битта карточкадан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Беш кишига битта пластик карта


Фарғонада пластик карточкалар етишмовчилиги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Пенсионерлар, икки ёшгача бўлган болалари учун нафақа оладиган ҳамда кам таъминлангани учун давлатдан моддий кўмак оладиган оилаларга нафақа пулларини берадиган Халқ банки бўлимлари аҳолини пластик карточкалар билан тегишли тарзда таъминлай олмаяпти.

Бу ҳақда Фарғона шаҳри 18-сонли Истиқлол маҳалласида яшовчилар Озодликка маълум қилди.

Ушбу маҳалла фуқароси Гулҳаё Бобожоновага кўра, одамлар 5-6 киши бўлиб битта карточкадан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

- Ўзим ҳам болаларимга нафақа пули оламан 16 ëшгача бўлган. Халқ банки пластик карточкалари етишмаслиги туфайли фуқароларимизга пластик карточкаларни, иккита-учта-тўртта одам битта пластик карточкадан фойдаланишга мажбур. Фуқароларимиз қийналаяпти. Битта одамнинг шахсий пластик карточкаси бўлса, хоҳлаган вақтида уни ишлатиши мумкин. Лекин фуқаролар пластик карточкани беш-олтита бўлиб ишлатаяпти мажбурликдан. Ҳозир мана мен пластик карточкага пулимни туширдим. Мен ишлатиб бўлганимдан кейин қўшнимга бераман тушириб олгин деб. Ҳамма шунақа қилиб, пластик карточкаси бор аëлникига тушириб олаяпти,- дейди Гулҳаё Бобожонова.

Ўзини Наргиза деб таништирган фарғоналик 25 ёшли аёлнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, унинг ҳам пластик карточкаси йўқ.

“Мен қўшни аёлдан илтимос қилиб унинг карточкасидан фойдаланиб келаётган эдим. Орамизда озгина келишмовчилик ўтгач бошқа пластик карточкаси бор таниш топа олмадим. Ҳозир боламга оладиган нафақа пулини эримнинг Миллий банкдаги карточкасига ўтказамиз. Лекин пулни ечаётганда маълум фоизини олиб қолишади”, дейди Наргиза.



"Халқ банкида пластик карточка қолмапти"


Истиқлол маҳалласи фаолларидан бўлган Гулҳаё Бобожонова Бирдамлик ҳаракати аъзоси ҳамдир. Унинг айтишича, пластик карточкалар билан боғлиқ муаммо ечимини топиш мақсадида мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб, ижобий натижага эриша олмаган.

- Вилоят халқ банки маъмуриятига, пластик бўлими раҳбарларига учрадим. Фарғона шаҳар халқ банки бошқаруви раисига, пластик карточкасига, бухгалтериясига учрадим. Булар йўқ, ҳозирги кунда йўқ экан. Карточкалар келиб тушибди Фарғонага. Лекин бошқатдан уни программалаштириш керак экан. Бу программалаштириш 5-6 ойдан кейинга бориши мумкин экан. Халқ банки умуман ҳозир бир йилдан ўтди пластик карточка йўқ. Биринчи маротаба пластик карточка очилганда берган фуқаролар пластик карточкаларини кассирлар орқали қилаяпти, иш қилинаяпти. Ҳозир умуман халқ банкининг пластик карточкаси йўқ,- деди Гулҳаё Бобожонова.

Озодлик Халқ банкининг маҳаллий бўлимлари билан боғланиш имконига эга бўлмади.

Халқ банки: Бизда муаммо йўқ


Мурожаат қилганимиз Халқ банкининг Тошкентдаги бош идорасининг пластик карточкалар билан ишлаш бўлимининг ўзини Музаффар деб таништирган ходимига кўра, шу пайтгача карточкалар етишмовчилигидан шикоят тушмаган.

- Ҳозир бизлар янги системага ўтаяпмиз. Онлайн деган системага. Олдин дебит системасида ишлардик. Дебит системаси ҳозир деярли ëпилаяптида. Унинг карточкаси чиқмаяпти. Ҳозир янги программа чиққан онлайн деган. Янги карточкалар очиб тарқатганмиз ҳаммасига. Ҳамма вилоятларга тақсимлаб берилган.

Халқ банки бош идораси ходими янги тизимда ишлайдиган пластик карточкалар етарли миқдорда чиқарилгани ва етишмовчилик бўлиши мумкин эмаслигини ишонч билан таъкидлади.

- Етарли. Муаммо йўқ. Мен ҳозир сиздан эшитиб ҳайрон бўлаяпман бунақа гапни. Бўлиши мумкинмасда. Деярли ҳамма вилоятлар ҳамма келган янги мижозларга. Ўзининг мижозларига ҳам янги картада очиб бераяпти. 12 мингта даже олиб кетишган картани. Фарғонага ҳам 12 мингта берилган. Карточкалар етишмовчилиги бўйича лекин бизларга ҳали чиқишмади. Агар чиқишса, талаб қанча бўлса ўшанга яраша договор қилиб олишга ҳаққимиз бор. Ҳали бизга Фарғонанинг ўзидан чиққани йўқ. Агар бизларга чиқса, талабга қараб договор қилиб бизлар олиб берамиз картани,- деди Халқ банкининг Тошкентдаги бош идораси ходими.

Вазирлар Маҳкамаси 2004 йил 24 сентябрда қабул қилган қарорга мувофиқ, 1995 йил 1 январидан Ўзбекистонда илк маротаба миллий валютада кредит ва дебит тўлов пластик карточкалари муомалага чиқарилди.

Ўзбекистон Марказий Банки маълумотига кўра, 2012 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда 8 миллион 276 минг 490та пластик карта муомалага чиқарилган.

Айни пайтда, мамлакат бўйлаб 99 минг 688та савдо терминали ва 312та банкомат ўрнатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG