Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:59

Интернет-кафеларда “қоровуллар” пайдо бўлди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг коллеж ва лицейларда Интернетдан кўпроқ фойдаланиш ҳақидаги тавсиялари таълим учун масъул вазирликлар директиваларига мос келмаяпти.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг коллеж ва лицейларда Интернетдан кўпроқ фойдаланиш ҳақидаги тавсиялари таълим учун масъул вазирликлар директиваларига мос келмаяпти.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи Эксперт ишчи гуруҳи маълумотларига кўра, шу йилнинг апрел ойидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус буйруғи билан академик лицей ва коллеж ўқувчиларининг интернет-кафеларга киришини чеклаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур буйруққа мувофиқ, лицей ва коллеж маъмуриятига ўз ўқув юртига яқин ерда жойлашган интернет-кафеларга ёшларнинг киришини мониторинг ва назорат қилиш юклатилади. Бу ишни амалга ошириш учун лицей ва коллеж ўқитувчиларининг навбатчилик графиги тузилган бўлиб, улар эрталабки соат 9.00 дан кечки соат 20.00 гача маҳаллий интернет-кафеларда “қоровуллик” қилишларига тўғри келмоқда.

Вазирлик буйруғига кўра, ўқитувчилардан иборат навбатчилар, интернет-кафега лицей ва коллеж ўқувчилари кириб қолгудек бўлса, уларга интернетдан фойдаланишни тақиқлашлари ва бинони зудлик билан тарк этишни талаб қилишлари ҳамда кун давомида қилинган навбатчилик натижалари бўйича маҳаллий ўрта-махсус таълим бўлимларига ҳисобот топширишлари лозим.

Расмийлар бу тадбирлар лицей ва коллежлардаги давоматни яхшилаш мақсадида амалга оширилаётганини айтмоқдалар. Бироқ, Эксперт ишчи гуруҳи маълумотларига кўра, ўқувчилар интернет-кафеларда ўтиргани учун эмас, балки оғир иқтисодий шароитда яшаётган оилаларига кўмаклашиш мақсадида турли жойларда ишлаётгани учун ҳам кўпинча дарс қолдиради, шу важдан ўқувчиларнинг интернет-кафеларга келишини чеклаш орқали бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

Эксперт ишчи гуруҳи вакиллари суҳбатлашган Тошкентдаги коллеж ўқитувчиси Шаҳноза ҳам бунинг давомат билан алоқаси йўқлигини, бу тадбир кўпроқ ёшларни оммавий маданият каби зарарли таъсирдан сақлаш мақсадида уларнинг интернетдан фойдаланишини чеклаш учун амалга оширилаётганини айтади.

Ўзбекистон расмийларининг бир томондан ёшларни интернетдан фойдаланишини чеклашга уринаётгани, бошқа томондан эса таълим жараёнида янги технологиялардан, хусусан, интернетдан кенгроқ фойдаланишни таъкидлашлари ўзбек ёшларини иккилантириб қўймоқда. Дейлик, президент Ислом Каримов 28 май куни имзолаган “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда коллеж ва лицей ўқувчиларига таълим бериш чоғида Интернет тизимидан янада унумлироқ фойдаланиш зарурлиги уқтирилганди. Лекин вазирлик буйруғи бу истакка зид келаяпти.

Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов фикрича, расмийлар раъйидаги бу тафовутлар интернет ва ахборот технологияларидан унча яхши хабардор бўлмаган давлат амалдорларининг яширин комплексидан келиб чиқади. Бир томондан интернетни оммалаштириш зарурлиги ҳақида гапираётган ўзбек расмийлари, иккинчи томондан интернетдан фойдаланувчилар учун янгидан-янги чекловлар ўйлаб топмоқдалар. Исмоиловга кўра, бу чекловлар ўзбек расмийларининг фойдаланувчилар интернет фазосида эмин-эркин юра олишидан ўта чўчиётганидан далолат беради.

Эксперт ишчи гуруҳи томонидан бугун тарқатилган ҳисоботда Ўзбекистонда ёшларнинг мобил телефондан фойдаланиши ҳам чекланаётгани ҳақида сўз боради. Мобил телефон орқали ҳам кириш мумкин бўлган Интернет тармоғи 30 миллион аҳоли яшовчи Ўзбекистонда ҳозирча нисбатан эркинроқ ахборот олиш мумкин бўлган ягона майдон бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда интернетдан фойдаланувчилар сони 9 миллиондан ошган бўлиб, 3,8 миллион фойдаланувчи стационар, 5,2 миллион ўзбекистонлик мобил интернетдан фойдаланади.

Ўзбекистон бир неча йилдан буён "Интернет душманлари" рўйхатидан тушмай келмоқда. Чегара билмас ташкилотининг 2012 йилги "Интернет душманлари" рўйхатида ҳам Ўзбекистон (бошқа 12 давлат қаторида) бор.
XS
SM
MD
LG