Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:29

Бишкекдаги АҚШ базаси "сиёсий савдо" объектига айланмоқда


АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол Москва расмийларининг ўз баёнотига билдирган муносабатидан ҳайратда эканини яширмайди.
АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол Москва расмийларининг ўз баёнотига билдирган муносабатидан ҳайратда эканини яширмайди.

АҚШнинг Москвадаги элчиси Майкл Макфол Россия 2009 йилда қирғиз ҳукуматига пора бермоқчи бўлганини айтди.

Рус матбуотининг билдиришича, АҚШнинг Москвадаги элчиси Майкл Макфол 25 май куни талабалар билан учрашуви чоғида Россия 2009 йилда АҚШ базасини мамлакатдан чиқариши учун президент Қурманбек Бакиевга катта миқдорда пора таклиф қилгани тўғрисида гапирган. Макфолга кўра, ўз ўрнида Вашингтон ҳам базани Қирғизистонда қолдириш учун пул таклиф қилган. Аммо АҚШ таклиф қилган пул миқдори Россия ваъда қилган маблағдан оз бўлган.


Дубнов: "АҚШ Россия ҳаракатини нотўғри тушунган"

Аркадий Дубнов.
Аркадий Дубнов.
2009 йилда Россия Қирғизистонга 2 миллиард доллар миқдорида иқтисодий кўмак кўрсатишга ваъда берган эди. Марказий Осиё бўйича таҳлилчи, москвалик журналист Аркадий Дубнов “АҚШ Россия ваъда қилган моддий кўмакни пора сифатида талқин қилган бўлиши мумкин”, деб ҳисоблайди:

- Макфолл ўз баёнотида қуйидагиларни назарда тутган бўлиши эҳтимол: 2009 йилда Путин Қирғизистонга 2 миллард доллар кредит ва 150 миллион доллар моддий кўмак беришини билдирган. Мана шу баёнотдан кейиноқ президент Бакиев Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базаси мамлакатдан чиқарилиши ҳақида баёнот берган. АҚШ буни Россия Қирғизистонга пора бераяпти қабилида талқин этган. Бу масалада АҚШ президенти Обама ва Россия президенти Медведевнинг 2009 йил апрелида бўлган учрашувида ҳам сўз бўлган, -деди Аркадий Дубнов.


2009 йилнинг февралида ўша пайтдаги президент Қурмонбек Бакиев Москвага борган эди. Россия томони Бакиевнинг АҚШ базасини Қирғизистондан чиқарилиши тўғрисидаги баёнотидан сўнг Бишкекка тезликда 300 миллион доллар кредит ва 150 миллион доллар моддий ёрдам кўрсатган. Аммо АҚШ томони ҳарбий базаси учун ижара ҳақини 17 миллион доллардан 63 миллион долларга кўтаргач, Қурмонбек Бакиев Вашингтон билан ҳарбий база мақомини АҚШ транзит марказига ўзгартириш юзасидан шартномани имзолаган. Натижада Россия-Қирғизистон муносабатлари кескин совуқлашган эди.


Жекшенкулов: "Макфол эски гапни бекорга айтмади"

Аликбек Жекшенкулов.
Аликбек Жекшенкулов.
Қирғизистоннинг янги президенти Алмазбек Атамбаев ҳам бир неча бор, жумладан, Москвага қилган сафари чоғида Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит марказининг ҳозирлиги 2014 йилда якунланишини билдирган. Атамбаевнинг айтишича, мана шу муддат якунлангач қирғиз томони АҚШ билан база ҳозирлиги муддатини узайтириш юзасидан шартномани имзоламайди.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкуловнинг айтишича, элчи Макфолнинг Москвадаги билдирувини Атамбаевнинг бу баёнотларига муносабат сифатида қабул қилиш керак. Жекшенкулов АҚШ томони эски мавзуни яна қайта кўтариш орқали Қирғизистон ҳукуматини огоҳлантирмоқда, деб ҳисоблайди.

- Мазкур баёнот ортида АҚШ тарнзит марказини Қирғизистонда сақлаб қолиш ҳаракати турибди. Америка дипломатияси жуда катта тажрибага эга, кўп қиррали, кенг имкониятлари бор дипломатия. Шунинг учун улар арқонни узун ташлаб: “Сизлар муроса қилмасанглар биз Россия раҳбарияти билан муроса қиламиз, база масаласини ўзаро ҳал этамиз”, деб шаъма қилмоқда, -деди Аликбек Жекшенқулов.


Макфол баёнотига муносабат турлича бўлмоқда

АҚШ элчисининг мазкур баёнотига расмий Москва 28 май куни муносабат билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг раддиясида “Макфолнинг баёноти дипломатик одоб-аҳлоқ меъёрларига зид, АҚШ ҳамда Россия муносабатларига путр етказувчи ҳаракат” сифатида баҳоланган..

"Эхо Москви" радиосининг хабар беришича, Майкл Макфол Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ўзига нисбатан кескин баёнотидан ҳайратда эканини айтган.

"Расмий Вашингтон ҳам элчи Макфолнинг билдируви юзасидан шарҳ беришга шошилмаяпти. АҚШ Давлат департаменти расмийлари Макфолнинг сўзлари Москва томонидан нотўғри тушунилган бўлиши мумкинлигини айтмодқлар", деб ёзади "Эхо Москви" радиоси интернет сайти.

Майкл Макфол баёнотига ҳозирча қирғиз расмийлари муносабат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG