Линклар

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ли Веймин бугун Пекинда қилган баëнотида ўз ҳукумати Суриядаги вазиятга ташқи кучларнинг аралашувига қарши эканини билдирди:

- Хитой ҳарбий интервенцияга қарши ва режимни куч билан ўзгартиришни қўлламайди. Сурия муаммосини ҳал этишнинг ягона йўли Кофи Аннаннинг музокарачилик уринишларини қўллаш ва Сурия можаросига тортилган барча томонни дипломатик мулоқотга жалб этишдир¸ деди Ли Веймин.

Бугун шунингдек Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Геннадий Гатилов ҳам Москва ҳукумати Сурияга қарши хориж ҳарбий интервенциясига мутлақ қарши эканини баëн қилди.

Сурия режимининг анъанавий иттифоқчиси бўлган Россия Ҳуладаги фожиадан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияга қарши янги чора қўллашига эрта эканини даъво қилмоқда.

25 май куни Ҳулада ҳукумат кучлари амалга оширган ҳужумлар оқибатида 108 одам нобуд бўлди¸ уларнинг аксари аëллар ва болалардир.

Сешанба куни Франция президенти Франсуа Олланд БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланса¸ Сурияга қарши ташқи ҳарбий интервенцияни эҳтимолдан соқит қилмаслигини билдирди.

АҚШ ҳозирги вазиятда Сурияга қарши ҳарбий интервенцияга ҳожат йўқлигини билдирди.

Айни пайтда бугун Токио ҳукумати АҚШ ва айрим Европа ҳукуматлари ортидан мамлакатдаги Сурия элчисини чиқариб юборишга қарор қилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG