Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

Ўзбекистондан Туркияга сайёҳлар оқими ошмоқда


Истамбулдаги Аё-Суфиё масжиди сайёҳлар келадиган масканлардан биридир.
Истамбулдаги Аё-Суфиё масжиди сайёҳлар келадиган масканлардан биридир.

Ўзбекистонлик сайёҳларнинг кўпчилиги сўнгги йилларда Яқин Шарқ давлатларидан кўра, Туркияга сафар қилишни афзал билмоқда.

Туркияга йўл олаётган ўзбекистонлик сайёҳлар сони сўнгги бир йил ичида 25 фоизга ортган. Туркия Туризм вазирлигига кўра, 2011 йилда 85011 нафар ўзбекистонлик сайёҳ Туркияга сафар қилган. 2010 йилда Туркияга сафар қилган ўзбекистонликлар сони 68124ни ташкил этган.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм бўйича маслаҳатчиси Жаҳан Варлукнинг Озодлик радиосига айтишича, Туркияга йўл олаётган ўзбек сайёҳларининг ортиши икки мамлакат сайёҳлик ширкатлари ўртасида ҳамкорлик кучайгани билан боғлиқ.

– Туркия ўзбекистонликлар дам олишлари учун жуда қулай мамлакатдир. Ўзбекистонликлар энг кўп борадиган шаҳарлар Анталия, Бодрум ва Истамбул шаҳарларидир,- дейди Жаҳан Варлук.

Бугунги кунда Тошкент кўчаларида Туркияда дам олишга доир реклама баннерларини кўп учратиш мумкин.

Тошкентдаги “Таътил” сайёҳлик ширкати вакилларидан бири Равшан Собиров бундан 5-10 йил аввал Туркияга борадиган ўзбек сайёҳлари асосан тижорат учун борган бўлса, сўнгги пайтларда денгиз соҳилида дам олиш учун кетаётганлар сони ортмоқда, дейди.

– Ҳозир денгизда чўмилиш учун махсус Анталияга кетишяпти. 10 кунлиги киши бошига бир ярим минг долларга тўғри келяпти, кунига тўрт маҳал овқати, авиабилет, тўрт юлдузли меҳмонхонада яшаши ҳаммаси ичида. Ҳозир шундай саёҳат учун бир ярим мингни аямайдиганлар кўпайган,- дейди Собиров.

Ўтган йилдан бошлаб Тошкент ва Анталия ўртасида чартер рейслар ҳам йўлга қўйилди. Ҳозир ҳафтасига Туркия ва Ўзбекистон ўртасида 14 та ҳаво қатнови йўлга қўйилган.

– Ўзбекистон ва Туркия орасида қатнайдиган учоқ рейслари сони ҳафтасига 14га етди. Агентликлар ўзбек мижозларига тобора арзон нархларни таклиф этмоқда,- дейди Тошкентдаги Туркия элчихонасининг маданият ва туризм бўйича маслаҳатчиси Жаҳан Варлук.

Тошкентдаги "SunTour" сайёҳлик ширкати вакили Светлана Теннинг айтишича, Туркияга кетаётган сайёҳлар орасида ҳам тижорат, ҳам дам олишни ният қилганлар ҳам топилади.

– Ҳозиргина бир оилага Истамбул орқали Анталияга билет тўғирлаб бердим. Анталияда дам олади, дам олиш учун сарфлаган пулини чиқариш учун қайтишда Истамбулда мол ҳарид қилади,- дейди "SunTour" агентлиги вакили Светлана Тен.

Туркияга бораётганлар орасида тижорат ёки иш топиш учун бораётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади, дейди элчихона вакили.

– Фақат туризм эмас. Ўзбекистонликлар орасида чамадон туризми, яъни тижорат қилиш учун борувчилар анча,- дейди Варлук.

Турк газеталарида собиқ Совет Иттифоқи республикалари, жумладан Ўзбекистондан аёлларни келтириб, бу ерда сотиш ва фоҳиша сифатида ишлатиш билан шуғулланаётган гуруҳлар қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради.

– Туркияга ким нима мақсадда боришига биз унча аҳамият бермаймиз. Мени қизиқтирадиган нарса Ўзбекистондан Туркияга борувчиларнинг сони. Туркия эркин мамлакат. Туркияга Ўзбекистондан борганлар орасида бир-иккиси фоҳишалик мақсадида борган бўлиши мумкиндир. Лекин, бу масала кўтариладиган бўлсак Россия, Украинадан бу мақсадда Туркияга йўл олаётганлар ундан ҳам кўпку, - дейди Жаҳан Варлук.

Лекин, айни пайтда рақамлар қўшни Қозоғистон билан солиштирилганда Туркияга сайёҳ бўлиб кетаётган ўзбекистонликлар анча камроқ эканини кўриш мумкин.

Туркия Туризм вазирлигига кўра, ўтган йили Қозоғистондан Туркияга 225минг сайёҳ борган.

– Ўзбекистон аҳолиси 29 миллион, Қозоғистонники эса атиги 15,5 миллион киши эканлигини эътиборга олсак, Ўзбекистондан туристлар оқимини кўп деб бўлмайди,- дейди Жиҳан Варлук.

Туркия меҳмонхоналар уюшмасининг энг кўп саёҳлар келган 47 та давлатни ўз ичига олган ҳисоботида эса Ўзбекистон умуман йўқ. Чунки бу мамлакатга тегишли рақамлар жуда камтарона.

2007 йилда Туркия Озарбайжон ва Марказий Осиё ўлкалари учун виза тартибини бекор қилди. Бунинг ортидан Туркияга келиш истагида бўлганлар сони ошди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG