Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:21

Фарғоналик аёллар бир кунда тўлов карталарини олди


Озодликда 29 май куни Фарғонада Халқ банкининг пластик карточкалари етишмаётгани ҳақида берилган мақоладан кейин бир кун ўтиб фарғоналик аёллар тўлов карталари билан тўла таъминланди.

Фарғона шаҳри 18-сонли Истиқлол маҳалласида яшовчи бир гуруҳ аёллар - пенсионерлар, икки ёшгача бўлган болалари учун нафақа оладиган ҳамда кам таъминлангани учун давлатдан моддий кўмак оладиган оилаларнинг вакиллари Озодликка мурожаат қилиб, нафақа пулларини берадиган Халқ банки бўлимлари аҳолини пластик карточкалар билан тегишли тарзда таъминлай олмаётганидан шикоят қилган эди.

Маҳалла аҳли Халқ банкининг пластик карточкалари етишмаётгани боис одамлар 4-5 киши бўлиб битта карточкадан фойдаланишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапирганди.

30 май куни Истиқлол маҳалласи маслаҳатчиси Гулҳаё Бобожонова Озодликка қўнғироқ қилиб, Марказий банк ва Халқ банкининг Фарғона вилоят бўлимларидан бир гуруҳ мутасаддилар келиб, уларнинг палстик карточка билан боғлиқ муаммоларини тўла ҳал қилиб бергани ҳақида хабар қилди.

- Уйимга болалар келишди ишлаб турган жойимга. Вилоят марказий банкда ўзларининг фамилия-исмларини таништиришмади. Кейин вилоят халқ банки бошқарувидан, Фарғона шаҳар халқ банки ходимлари биргаликда келишди. Шулар бутун муаммойимни, бир зумда йиллар давомида, неча ойдан бери ҳал бўлмаган муаммо ҳал бўлди бугун. Ҳаммаси. Шунча пайтдан бери ялиниб, у ëққа бу ëққа бориб қилиб бермаган муаммоларимни бир кунда ҳал қилиб ҳамма фуқароларни пластик карточка билан таъминлашди.

Озодлик: Карточкаси йўқ ҳамма аëлларга пластик карточка беришдими?

- Ҳаммасига пластик карточка қилиб беришаяпти. Менинг нимамда 45 та фуқаро пластик карточка олса, ҳар 10 тасидан бирида бор эди. Ҳаммасига исмма-исм пластик карточка қилиб беришаяпти. Ниҳоятда раҳмат сизга ëрдамингиз учун.

Озодлик: Пластик карточка бўлмаса, бир кунда қаердан олишибди уни?

- Унисини билмайман. Менга ваъда бериб фуқароларимнинг исм-фамилияларини бугун, ҳозир келиб, икки соат мен билан суҳбатда бўлиб ëзиб олишди. 10-чидан июн ойи нафақа пулларини берамиз. Нафақа пулларида ҳамма фуқароларни пластик карточка билан таъминлаймиз деб кетишди.

Озодлик: Демак пластик карточка билан боғлиқ муаммоларингиз тўла ҳал бўлди.

- Ҳал бўлди. Бунинг учун сизга раҳмат. Фуқароларим 100 фоиз пластик карточка билан таъминланаяпти. Раҳмат. Озодликка бергандан кейин ҳаммасига пластик карточка қилиб берди деб эълон қилдик. Шояд бошқа раҳбарларга ҳам сабоқ бўлса,- деди Истиқлол маҳалласи маслаҳатчиси Гулҳаё Бобожонова.
XS
SM
MD
LG