Линклар

logo-print

Ассанж экстрадиция мужодаласини бой берди


Британия Олий суди ўз ҳукмини эълон қилиши арафасида суд биноси олдига қўйилган плакат.

Британия Олий суди ўз ҳукмини эълон қилиши арафасида суд биноси олдига қўйилган плакат.

Кейинги икки йил давомида Швеция ҳуқуқ идораларининг экстрадиция ҳақидаги сўрови устида Британия маҳкамасида тортишаëтган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж 30 май куни Британия Олий суди томонидан экстрадицияга ҳукм этилди.

Чоршанба куни Британия Олий суди махфий ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор қилишга қаратилган WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанжни Швецияга экстрадиция қилиш ҳақидаги аввалги инстанция суди қарорини кучда қолдирди.

Бу ҳақдаги ҳукмни ўқиб эшиттирган Олий суд президенти Николас Филип Ассанж ҳимоячиларининг экстрадиция ҳақидаги қуйи инстанция суди ҳукмининг қонунга хилоф экани ҳақидаги даъвоси асоссиз деб топилганини билдирди:

- Жаноб Ассанжни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўров қонунга тўлиқ мос ва шу боис Ассанжнинг экстрадиция қилиниши ҳақидаги аввалги суд қарори юзасидан аппеляцияси қондирилмади¸ деди Британия Олий суди президенти.

Журналистлар билан тўла хонада баëнот берган Британия Олий суди президенти Ассанж тақдири юзасидан ҳукм чиқариш осон бўлмагани ва Олий суднинг 5 аъзоси экстрадиция сўровини қондириш¸ иккитаси эса¸ унга қарши овоз берганини билдирди.

Олий суд ҳукми эълон қилинган қисқа маҳкама жараëнида Жулиан Ассанжнинг ўзи қатнашмади. Ҳимоячиларга кўра¸ Ассанж ўтирган машина Лондондаги йўл тиқинида қолгани боис¸ у маҳкамага етиб кела олмаган.

Британия Олий суди ўз қарорини эълон қилиши билан Жулиан Ассанж ҳимоячилари ишнинг қайта кўриб чиқилишини талаб қилди ва кутилмаганда¸ бу сўрови қондирилишига эришди ҳам.

Ҳимоячиларга кўра¸ Олий суд ҳакамлари ўз қарорини Келишувлар қонунига оид Вена конвенциясига асослаган¸ лекин маҳкама жараëнида бу конвенция тилга олинмаган.

- Биз ҳозир ҳукмга нисбатан ўз позициямизни кўриб чиқмоқдамиз. Мижозимиз билан маслаҳатлашиб¸ уни тезда эълон қиламиз¸ деган Ассанж ҳимоячилари эндиликда келаси икки ҳафта давомида Британия Олий судида ишнинг қайтадан очилишига эришиш режасида.

Швеция прокуратураси ўз сайтида кўнгилли равишда ишлаган икки аëлга жинсий тажовуз қилганлик¸ уларни ўз ихтиëрига зид равишда жинсий алоқага зўрлашда айбланаëтган Ассанж ўз ихтиëрига топширилишини талаб қилмоқда.

Кейинги икки йил давомида Британиядаги икки инстанция суди Ассанжни Швецияга топшириш ҳақида қарор чиқарди.

Асли австралиялик Жулиан Ассанж Афғонистон ва Ироқ урушига оид Ғарб ҳукуматларининг махфий ëзишмаларини ўзи таъсис қилган WikiLeaks сайтида эълон қилиш орқали халқаро майдонда шуҳрат қозонди.

Ассанж ўзига нисбатан Швецияда қўйилаëтган айбларнинг АҚШ томонидан кескин қаршиликка учраган WikiLeaksдаги махфий ëзишмалар учун қилинаëтган тазйиқ дея талқин этмоқда. Ассанж ҳимоячилари ўз мижози Швецияга экстрадиция қилинса¸ унинг Давлат департаменти махфий ëзишмаларини ошкор қилиш юзасидан жиноий жавобгарликка тортилиш учун АҚШга топширилиши мумкинлиги хусусида хавотир билдирмоқдалар.

Британия Олий суди Ассанж ишини қайта кўриб чиқиб¸ яна уни Швецияга экстрадиция қилишга ҳукм қилган тақдирда ҳам бу WikiLeaks асосчисининг дарҳол Стокҳолмга юборилишини англатмайди.

Сўнгги инстанция сифатида Ассанж Европа инсон ҳақлари судига мурожаат қилиш ҳаққига эга.

Агар Франциянинг Страсбург шаҳрида жойлашган Европа маҳкамаси Ассанж аризасини қабул қилса¸ бу жараëн яна бир неча ойга чўзилиши мумкин ва бу жараëн давомида Британия расмийлари Ассанжни Швецияга топшира олмайди.

XS
SM
MD
LG