Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

“Фоҳишаликни ўз хоҳишим билан танладим”


Dildora Sharopova
Dildora Sharopova

Икки йил аввал пул ишлаш мақсадида фоҳишалик қила бошлаган Дилдора Шаропова (таҳр. исм ўзгартирилган) ҳозирда бу йўлдан қайтишни истаётгани, лекин қўшмачи аёл уни шантаж йўли билан ушлаб турганини гапириб берди Озодлик билан суҳбатда.

“500 доллар учун фоҳишаликни танладим”


Озодлик билан Skype орқали боғланган самарқандлик қизнинг исми-шарифи, яшаш манзили ҳақида таҳририятда аниқ маълумот бор. Бироқ унинг илтимосига кўра, унинг исмини шартли равишда Дилдора Шаропова деб ўзгартирдик.

Дилдоранинг БАА даги шахсини тасдиқловчи ҳужжати
Дилдоранинг БАА даги шахсини тасдиқловчи ҳужжати
24 ёшли Дилдора икки йил аввал пул ишлаш мақсадида фоҳишалик қила бошлайди. Иқтисодий қийинчиликлар боис бу йўлга киришга мажбур бўлганини айтаётган Дилдора, ўзининг айтишича, бухоролик бир қўшмачи аёл бошчилигида Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти Абу Дабига келади.

- Мен билиб келдим нима иш қилишимни. Агар билмадим десам ёлғон бўлади. Билиб келдим. Икки йил бўлди келганимга. Икки йил олдин мени бу ерга бухоролик аëл олиб келган эди. Мени бу ерга олиб келган аëлнинг холасидан мен қарздор бўлдим 500 доллар. Қарзингизни беринг деди. Мен ҳеч жойда ишлай олмас эдим. Беролмадим қарзимни. Кейин бу хотин келди. Қарзингни беришнинг битта иложи - мен билан кетасан деди. Аëлнинг исми Нодира. Асл исми Нодирабегим Йўлдошева. Бухоролик. 2010 йил 13 сентябрда келдим,- дейди Дилдора Шаропова.


"Бир сўм пул орттирмадим"


Дилдоранинг айтишича, ҳар куни 1-2 мижозга жинсий хизмат кўрсатиб, 500 долларгача пул топган.

“Бироқ бу пулларнинг ҳаммасини қўшмачи аёл олиб қўярди”, дейди у.

- Ҳар хил одамларга қўшади. Қўшмачилик, бузуқчилик иш қилдиради. Бир сўм пул топганимиз йўқ. Топганимизни бу хотин оларди. Мен унга катта даромад келтирдим. Кунига 500 доллар ҳам, 300-400 доллар ҳам топдим, мен унга 15 та, деярли 20 та кўк (15-20 минг АҚШ доллари-таҳр.) ишлаб бердим,- деди Дилдора Шаропова.

Фоҳишаликдан қайтиш


Дилдорага кўра, уч ой аввал у фаҳш йўлидан чиқишга ва ҳалол ишлаб, пул топишга қарор қилган.

Лекин унинг айтишича, қўшмачи аёл уни фоҳишаликда ушлаб туриш ниятида таҳдид қила бошлаган.

- Яна мендан фойда кўрмоқчи. Ҳозир қўлга қизи йўқ (унга ишлайдиган фоҳишалари-таҳр.) биринчидан. Иккинчидан, яқинда Бухорода уйларини ўғри олиб кетган. Ўғрилар келиб олиб кетган ҳамма нарсаларини. Шунинг учун у мендан фойдаланмоқчи. Қараяпти, у олиб келган бошқа қизлардан менинг фарқим катта,- дейди Дилдора Шаропова.

“Шантаж”


Дилдора Шаропованинг айтишича, қўшмачи аёл ундан агар фоҳишаликка қайтмаса, 10 минг АҚШ доллари беришни талаб қилиб, акс ҳолда Дилдоранинг фоҳишалик билан шуғуллангани ҳақида унинг ота-онасига хабар беришини айтиб, таҳдид қилмоқда.

- Ëрдам қидираяпман. Яна 10 та бер деяпти. 10 та кўк бермасанг, уйингга бориб айтаман деяпти. Дадам билан аям эшитсалар, йиқилиб қоладилар. Акамлар мени ўлдириб юборадилар. Мен аямларга Туркиядаман деганман. Менинг дадам кўтара олмайди, аям кўтара олмайди. Қишлоқ одамларини биласизку қандай юраклари пок. Бизларда қишлоқда гап тез тарқалиб кетади. Мен иснодга қолиб кетишни хоҳламайман. Дадам билан аям кўтара олмайди,- дейди Дилдора Шаропова.

Қўшмачининг Амирликларда танишлари кўп


Дилдора Шаропованинг айтишича, у билан фоҳишалик қилаётган дугоналари аввалроқ маҳаллий полицияга мурожаат қилиб, бухоролик қўшмачи аёл қўлидан қутқаришни сўрашган, бироқ ижобий натижа бўлмаган.

- Нодира опанинг бу ерда бойфренди (юрадиган йигити-таҳр.) бор. Кейин унинг маҳаллий полиция ва бошқа органлар орасида одамлари кўп. Шунинг учун мен ҳеч қаерга мурожаат қилмасдан, тўғри Озодликка чиқдим,- дейди Дилдора Шаропова.

Одам савдосига қарши курашиб келаётган Тошкентдаги “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Нодира Каримовага Дилдора Шаропова билан боғлиқ вазият ҳақида гапириб берганимизда, у Шароповага Дубайдаги Ўзбекистон Консуллигига мурожаат қилишни тавсия қилди.

"Консулликка мурожаат қилиши керак. "Одам савдосига қарши кураш" тўғрисидаги қонунига кўра, ўзимизнинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳам одам савдосига қарши кураш фаолиятини олиб боради. Ҳозир консуллар барчаси одам савдоси жабрланувчиларига ёрдам беришаяпти. Шунинг учун консулликка албатта мурожаат қилиши керак",- деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Нодира Каримова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG