Линклар

Қозоқ-хитой чегараси яқинида 15 аскар жасади топилди


Қозоқ-Хитой чегараси.

Қозоқ-Хитой чегараси.

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Алакўл туманида “Горний” чегара заставасида чиққан ёнғин 15 нафар чегарачининг ўлимига сабаб бўлди.

Бу ҳақда “Интерфакс-Қозоғистон” ахборот агентлиги ўзининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

- Ёнғиндан сўнг 1 зобит ва 13 аскар ўлик ҳолда топилди. Ҳарбийларнинг қуроллари ҳам йўқолган, - дея иқтибос келтиради агентлик ўз манбасидан.

“Биринчи канал-Евросиё” телеканали маълумотларига кўра эса, ёниб кетган чегара заставасида 1 зобит, шартнома асосида хизмат қилаётган 3 аскар ва муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган 11 аскар бўлган.

ҚазТАГ хабарида айтилишича, бу ерга кўчма чегара маскани хитойлик фуқаролар томонидан ноқонуний равишда доривор гиёҳлар йиғилишининг олдини олиш учун ёз вақтида қўйиларди.

Шунингдек, чегара маскани яқинида жойлашган овчи уйида ўрмончининг жасади ҳам топилгани айтилмоқда ва унинг 2 кун муқаддам ўлдирилгани тахмин этилмоқда.

Мазкур ҳодисага, фаразларга кўра, чегара масканига ҳужум ёки низомдан ташқари бўлган муносабатлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

31-канал маълумотларига кўра, ҳозир воқеа содир бўлган жойга ҳукумат комиссияси учиб кетган.

Айни пайтда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизматида бу фавқулодда ҳодиса юзасидан кенгаш ўтаётгани, кенгашдан сўнг мазкур нохуш воқеа бўйича расмий маълумот берилиши айтилмоқда. Ҳозирча эса Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари ҳодиса ҳақида умумий маълумотлар бериш билан чекланмоқда. Хусусан, Қозоғистон МХҚ раисининг биринчи ўринбосари Госман Амрин журналистларга: “Биз фавқулодда ҳодиса содир бўлгани ҳақида маълумот олдик. Натижада бизда одамлар ўлди, деган шубҳа-гумонлар пайдо бўлди. Ҳозир ҳалок бўлганлар сони аниқланмоқда”, деб айтди.
XS
SM
MD
LG