Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

Назарбоев ижтимоий тармоқлар зараридан баҳс этди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Жаҳон динлари пешволарининг тўртинчи қурултойида нутқ сўзламоқда, 2012 йилнинг 30 майи.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Жаҳон динлари пешволарининг тўртинчи қурултойида нутқ сўзламоқда, 2012 йилнинг 30 майи.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 30 май куни Остонада ўтган Жаҳон динлари пешволарининг тўртинчи қурултойида ижтимоий тармоқлар фаолиятини танқид қилди.

Назарбоевга кўра, ижтимоий тармоқлардаги иллатларга қарши туриш учун глобал миқёсда ўзаро чидамлилик ва ишончни шакллантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига қаратилган махсус интернет-портал яратиш лозим.

- Дин пешволари кенгаши ва қурултойимиз котибиятининг интерфаол мажлисларини ўтказишни, интернетдан фойдаланувчилар учун доимий онлайн анжуманлар олиб боришни кўзда тутиш лозим. Мазкур таклиф юзасидан қўлловингизга умид қиламан, - деди Қозоғистон президенти қурултой иштирокчиларига махсус интернет-портал яратиш борасида ўз таклифини очиқлар экан.

Назарбоев фикрича, бугунги кунда ахборот технологиялари кўпинча одамларни бир-биридан айириш, жамият ичида ва мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар барпо қилиш учун қўлланилмоқда.

- Ижтимоий тармоқлар, илм тарқатиш ўрнига, кўпинча бузуқликни тарғиб қилишга хизмат қилаяпти, олам-олам ёлғонларни уйдираяпти, одамларнинг қабиҳ инстинктлари, биродаркушлик чақириқлари ва нафратни болалатаяпти. Пировардида ҳар қандай жамиятнинг маънавий ва аҳлоқий бириктиргичи бўлган оила, бола тарбиялаш анъаналари кабиларга путур етаяпти, - деди Қозоғистон президенти.

Остонадаги дин пешволари анжуманида жаҳондаги 40 мамлакатдан вакиллар иштирок этмоқда.
Остонадаги дин пешволари анжуманида жаҳондаги 40 мамлакатдан вакиллар иштирок этмоқда.
Назарбоевнинг бу мулоҳазаларини Москва ва Бутун Рус патриархи Кирилл ҳам қувватлади. Унинг фикрича, одамларнинг кўпчилиги “қулай – қулай эмас”, “фойда – зарар” нисбатидан келиб чиққан ҳолда фикрлайдиган замонавий жамиятда гуноҳ иш қилиш одатий ҳолга айланиб бормоқда. Патриарх Кирилл одамларни бу ҳолга ахборот технологияларининг энг янги ютуқлари олиб келди, деб ҳисоблайди.

- Омма фақат субъектга эмас, балки товар ва ғоялар бозори объектига айланиш жараёни содир бўлмоқда. Миллионлаган замондошларимиз, айниқса ёшлар, истеъмолчиликка оид қадриятлар тизимини тиқиштириш бўйича глобал тажриба иштирокчисига айландилар. Инсоният ўз тарихида ҳали бирор марта ижтимоий, маданий ва дунёқарашга оид глобал стандартларнинг бу қадар мунтазамлик билан тиқиштирилишини бошдан кечирмаган, - деди патриарх Кирилл

Қозоғистон муфтийси Абсаттар Дербисали.
Қозоғистон муфтийси Абсаттар Дербисали.
Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси ҳозирча президент Назарбоевнинг бу ташаббуси бўйича ўз муносабатини билдиргани йўқ. Мамлакат муфтийси Абсаттар Дербисалига кўра, муфтият президентнинг мазкур таклифидан яқинда хабар топган ва бу ҳақда ҳар томонлама мулоҳаза қилиб кўришга вақт тополмаган.

- Биз ўйлаб кўриб, маслаҳатлашиб, кейин ўз мулоҳазаларимизни билдирамиз. Агар биз билан маслаҳатлашишса, албатта, - деди Қозоғистон муфтийси.

Бугун ҳам Остонада ўз ишини давом эттираётган Дин пешволари қурултойида жаҳоннинг 40 мамлакатидан 87 делегация иштирок этмоқда. Қурултой сўнгида якуний ҳужжат қабул қилиниши ҳамда қатор иккитомонлама учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG