Линклар

logo-print

Тўй видеоси Покистонда шов-шув бўлди


Жанжалга сабаб бўлаëтган видеодан олинган сурат.

Жанжалга сабаб бўлаëтган видеодан олинган сурат.

Покистондаги тўйлардан бирида эркагу аëлнинг бирга рақсга тушгани акс этган видео мамлакатдаги исломий жамоаларни жазавага туширди. Шариат маҳкамасининг видеога тушган раққосу раққосаларнинг барчасига ўлим жазоси берилди деган хабар эса¸ либерал қарашдаги оммавий ахборот воситаларини жунбушга солди. Аммо воқеани махсус ўрганган полиция¸ асл муаммо бир гапга ўн гап қўшилиб¸ ëлғонни ростдан ажратиш қийин бўлиб қолганида эканини айтмоқда.

Покистоннинг тоғлар ичига қамалган олис қишлоғида катта дунë назарида арзимас бўлиб туюлган кичик воқеа ҳам жамоа ҳаëтини издан чиқариб¸ кланлар ўртасида асрлар давомида бир тўхтаб¸ бир ëнган можаролар ўтини қайта ëқишга қодир.

Покистон шимол-ғарбидаги қабилалар ҳудудидаги қишлоқлардан бирида кимдир мобил телефонга ëзиб¸ бошқаларга тарқатган видеода бегона эркак ва аëлнинг тўйда бирга рақсга тушгани акс этди . Яшин тезлигида қўлма-қўл бўлиб кетган бу видео нафақат биқиқ яшаб келаëтган кичик бир қишлоқ¸ балки бутун Покистонда шов-шувга сабаб бўлди.

Қолган аксар дунë учун мутлақ аҳамиятсиз бу воқеа ашаддий исломий жамоада шаклланган табуни бузиш дея қабул қилинди ва бирга ўн қўшилиб овоза бўлган бу видеонинг шов-шувиëқ вазиятнинг назоратдан чиқишига етарли бўлди.

Видеода ўйнагани акс этган тўрт аëл ва икки эркак¸ маҳаллий матбуот тарқатган хабарларга кўра¸ қабила қозиси томонидан дарҳол ўлимга ҳукм этилган. Бу воқеа халқаро оммавий ахборот воситалари оғзига тушгач¸ Исломобод ҳукумати ҳам унга муносабат билдиришга мажбур бўлди.

Айрим парламент депутатлари бундай ваҳшийлик юзасидан юқори даражали махсус тергов ўтказиш талаби билан чиқишди. Матбуот ўтказган дастлабки суриштирувга кўра¸ рақсга тушганларга ўлим ҳукми чиқарган қози ҳибсга олинган.

Аммо кўп ўтмай аëн бўлишича¸ бу воқеа атрофида тарқаган овозаларда ростдан кўра ëлғон кўпроқ. Бор гап¸ кичик бир қишлоқда тўй бўлган ва уни кимдир видеога олган. Аëл ва эркакларнинг тўйда рақс тушгани ҳам бўлган гап. Аммо бўлмагани¸ уларнинг бир хонада¸ бирга рақс тушганидир.

Воқеа рўй берган қишлоқ маъмурий жиҳатдан Кўҳистон районига қарайди. Ушбу район полиция бўлими раҳбари Абдул Мажид Афридийнинг Озодликка айтишича¸ эркак ва аëлларнинг бирга рақс тушгани акс этган тасвир аслида видеомонтаждир:

- Видео бошланишида тўй учун чиройли кийиниб¸ яхши кунга аталган қўшиқ айтаëтган тўрт аëл тасвирга олинган. Кўринишидан¸ улар ўзларининг видеога тушаëтганларини билган. Кейинги тасвирда кулиб ўтирган ëш йигитлар акс этган. Улар ëнида ҳеч қандай хотин зоти йўқ. Кейин бошқа бир йигит рақсга тушади. Бу тасвирда на бошдаги тўрт аëл ва на икки йигит кўринмайди. Менимча аëллар тўй пайтида тасвирга олинган. Кейин бу тасвирлар ëмон ниятли бировнинг қўлига тушган ва бу одам тасвирларни бир-бирига қўшиб¸ бир қараганда эркагу аëл бирга рақсга тушаëтгандек кўринадигандек қилиб монтаж этган¸ дейди бу воқеани ўрганаëтган Кўҳистон район полиция бошлиғи.

Ëмон ният билан алоҳида видеотасвирларни монтаж қилиб¸ жамоага тарқатиш кимга ва нима учун керак бўлди¸ деган саволга маҳаллий полиция раҳбари¸ бунинг ортида кўпдан давом этиб келаëтган кланлар можароси борлигини тахмин қилади.

Ер¸ сув¸ дарахтзор¸ оила номуси каби масалалар юзасидан асрлардан бери яшаб келаëтган тортишув ва урушлар бу ҳудуд учун нормал ҳодиса ва бундай сохта видео орқали бир клан иккинчиси номусини ерга урмоқчи бўлган¸ дейди Афридий.

Яна аëн бўлишича¸ воқеага ўнни қўшиб-чатиб¸ шов-шувни кучайтирган маҳаллий матбуот бўлиб чиққан.

Тергов давомида аниқланишича¸ на бу воқеа юзасидан қабила оқсоқоллари йиғилган¸ на маҳаллий қози ўлим фатвоси берган ва на сўнгра бу қози ҳибсга олинган.

Шов-шув ва жазава ҳовури босилгач аëн бўлган нарса¸ видеога тушган эркагу аëл ҳаëтининг диний фанатлар таҳдид остида жиддий хатарда қолганидир.

- Маҳаллий аҳоли матбуотни бу воқеани шов-шув қилиш орқали одамлар ҳаëтини таҳлика остида қолдирганликда айбламоқда. Қишлоқдагилар¸ агар матбуот бизга яхшилик истаса¸ бу видео жанжалини бўрттиришни тўхтатсин дейишмоқда¸ дейди Кўҳистон полицияси раҳбари Афридий.

Озодлик суҳбатлашган қишлоқ аҳолисига кўра¸ видеода акс этган тўрт аëл ва икки йигит аслида бир оила фарзандлари ва бу видео бу оила номусига жиддий зиëн еткизган.

Маҳаллий полиция эса шу кунларда¸ бу видео баҳонасида кланлар ўртасида янги можаро чиқиш таҳликасидан хавотирда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG