Линклар

31 май - Тамаки чекишга қарши кураш куни. 2012 йилда мазкур курашга оид халқаро конвенцияга қўшилган Ўзбекистонда ҳам бу кун турли тадбирларга бой бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ташаббуси билан 1980 йилдан бошлаб ҳар йили жаҳонда Тамаки чекишга қарши кураш куни ўтказиб келинмоқда.

Бутунжаҳон тамаки чекишга қарши кураш куни Ўзбекистонда ҳам чекишга қарши тадбирлар ўтказилади.

Жорий йил апрел ойида Ўзбекистон Республикаси Тамакига қарши кураш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти конвенциясига қўшилганидан кейин бу тадбирлар янада кўпайди.

Озодлик мухбири суҳбатлашган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг кашандалик билан боғлиқ хасталиклар бўлими мутахассисига кўра¸ кўпчилик муассасаларда чекиш тақиқланган, чекилмайдиган қаҳвахона ва ресторанлар кўпайган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги жамоат жойларида бемалол чекаëтган йигит ва қизларни кўришимиз мумкин дейди¸ ўзини Рихситилла деб таништирган 27 яшар тошкентлик кашанда.

Апрел ойида Ўзбекистонга сафар қилган Озодлик журналисти Тошкентдаги “Лаби-ҳовуз” ресторанининг ëпиқ залида бемалол чекилаëтганига гувоҳ бўлди.

Ўзбекистон ҳудудида тамаки маҳсулотлари тарқатадиган ширкат ходими Озодлик билан суҳбатда емакхоналар тамаки чекилиши эркин бўлган ҳудуд эканлигини таъкидлади.

- Ҳозирча бемалол чекилаяпти. Лекин бундан 10 йил бурунгиси билан солиштирсангиз чеклов кучайган. Тамаки рекламаси тақиқланган¸ дейди суҳбатдош.

Чекишга қарши конвенция

Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши кураш бўйича конвенциясига қўшилган 175 мамлакатнинг бири бўлди.

Бу ҳақдаги фармонни президент Ислом Каримов 25 апрел куни имзолади.

Мазкур конвенцияга кўра, ҳукумат чекишга қарши курашга қаратилган чораларни кўриш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Чекиш кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистон учун ҳам долзарб муаммо ҳисобланади.

ЖССТ маълумотларига кўра, ўзбекистонлик эркакларнинг ҳар тўрттадан бири тамаки чекишга ружуъ қўйган.

ЖССТ тадқиқотига кўра, ўзбек аёлларнинг 2 фоизга яқини чекувчилар сирасига киради.

Айни тадқиқот натижаларига кўра, 15 ёшдан катта бўлган ҳар бир ўзбекистонликка бир йилда 1100 дан ортиқ сигарета тўғри келади.

Тамакига қарши кураш бўйича ЖССТ конвенцияси 2003 йил май ойида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида “тамаки эпидемияси” дея аталадиган ҳодисанинг глобализациясига жавоб тариқасида қабул қилинган.

Бу ҳужжат тамаки маҳсулотлари нархи ва солиқларини ошириш, уларни вояга етмаганларга сотиш, реклама ва ҳомийликни тақиқлаш каби чораларни ўз ичига олади.

Қонун бор¸ аммо...

Хоразмнинг Ҳазорасп бозорида улгуржи сигарет сотадиган Олимбой ўз тижоратидан мамнун.

- Сигарет энг ўтгич товар. (харидоргир - таҳр.) Майда дўкончилар биздан оптом олиб сотишади. Биз ҳам кам бўлмадик¸ улар ҳам нолимайди¸ дейди уч республикани сигарет билан таъминлаëтганидан ғурурланган савдогар.

Ўзбекистоннинг Хоразм ва Бухоро вилояти¸ Қорақалпоғистон ҳамда туркманистонлик майда саводогарлар Олимбойнинг мижозлари ҳисобланади.

Улар дўконларидан вояга етмаган болалар бемалол тамаки маҳсулотларини сотиб олмоқда.

18 ëшга етмаганларга тамаки маҳсулотлари сотиш Ўзбекистонда расман тақиқланган бўлишига қарамасдан¸ бу тақиқнинг амалда ишламаëтгани кузатилади.

ЖССТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси мутахассисининг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда болалар орасида тамаки чекишнинг кенг тарқалаётгани ташвишларга сабаб бўлмоқда.

Чекишнинг зарари ҳақида яна бир бор

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб йилига 5 миллионга яқин одам чекиш билан боғлиқ касалликлардан нобуд бўлади.

Мутахассисларга кўра¸ тамаки чекиш инсон умрини 5-10-15 йилга қисқартиради.

Кашандаларда чекмайдиганларга нисбатан миокард инфаркти хавфи 6-8 марта, мияга қон қуйилиш хавфи 4-6 марта, ошқозон яраси касаллиги ва раки 12 марта, ўпка раки 25 марта, ўпканинг сурункали яллиғланиши 10-15 марта, қолаверса кўкрак бези ва жинсий аъзолар касалликлари кўпроқ учрайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG