Линклар

logo-print

Тожик журналистларини ҳуркитган бандлар ЖКдан олинди


Тожикистон нашрлари.

Тожикистон нашрлари.

Тожикистон Жиноят кодексидан “туҳмат” ва “таҳқир” бандлари олиб қўйилди.

Журналистларни ҳуркитган мазкур бандларни бекор қилиш таклифи икки ойча аввал, аниқроғи тожик матбуотининг юз йиллик юбилейи арафасида мамлакат президенти томонидан илгари сурилганди.

31 май куни Тожикистон парламентининг қуйи палатаси шу кунгача тожикистонлик журналистлар учун айрим тўсиқлар яратган 135- ва 136- бандларни мамлакат Жиноят кодексидан олиб ташлашга қарор қилди.

Бундан буён Интернетда чоп этилган таҳлилий ёки танқидий мақолалар муаллифлари “туҳмат ва шахсни ҳақорат қилгани ёки ёлғон маълумотлар тарқатгани учун” жиноий жавобгарликка тортилмайди, балки маҳкамада даъвогар томон билан судлашади ва журналист ўзининг ҳақлигини исботлай олмаса, у ҳолда, етказилган маънавий зарар учун товон тўлайди.

Қонунга киритилган бу ўзгартиш кўпчилик журналистлар томонидан олқишланаётгани кузатилади.

2008 йили Тожикистон Жиноят кодексига 135- ва 136-бандлар киритилганида бу маҳаллий ва хорижий журналистлар ҳамда соҳа бўйича экспертларнинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Ўша пайтда бир қанча медиа-ташкилотлар президент Имомали Раҳмонга мурожаатнома йўллаб, янги қонун лойиҳасига имзо чекмасликни сўраган эди. Бироқ Имомали Раҳмон журналистлар мурожаатини эътиборга олмай, ҳужжатни имзолаб юборганди.

Бунинг ортидан бир қатор мустақил рўзномалар ва журналистлар айрим шахслар ва хусусан, давлат амалдорларининг шикоят аризалари асосида жиноий жавобгарликка тортила бошлади.

Аммо, шуни ҳам қайд этиш лозимки, қонунда катта миқдорда жаримага тортиш билан бирга муаллифни икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган бўлса-да, ўтган тўрт йил мобайнида бирорта ҳам журналист туҳмат ёки шахсни таҳқирлагани учун қамалгани қайдга олинмаган. Аксарият ҳолларда маҳкама баҳслари тарафлар ярашуви билан якунига етган.

Бошқа томондан, ҳуқуқшуносларнинг айтишича, мазкур бандларнинг Жиноят кодексидан олиб қўйилиши бу ҳали Тожикистонда ишлаётган журналистларга тўла эркинлик берилганини англатмайди.

Ҳуқуқшунос Файзинисо Воҳидова мамлакат Жиноят кодексида 135- ва 136-модда сингари журналистларни цензура қилувчи бошқа бандлар ҳам борлигини айтади.

- Жиноят кодексимиздаги 137-модда бўйича Президентни таҳқирлаган ва унинг обрў-эътиборини пастга урган шахс ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. Бу банд Жиноят кодексида сақланиб қолар экан, матбуот вакиллари эмин-эркин таҳлилий ва танқидий мақолалар ёза олмайди. Яъни улар ана шу бандлар асосида жиноий жавобгарликка тортилаверади, - дея мулоҳаза билдирди Файзинисо Воҳидова.
XS
SM
MD
LG