Линклар

Кеча Олмаота вилояти Алакўл туманидаги “Горний” чегара заставасидаги Аркан Керген постида содир этилган ёнғинда ўлган чегарачиларнинг йўқолган қуроллари бугун топилди.

Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати вакили Лариса Димитрюк матбуотга хабар қилди. Бироқ у воқеага оид бошқа тафсилотларни очиқлашдан бош тортди.

Аркан Керген постида ёнғин натижасида 15 чегарачи ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

31 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган брифингда
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати директорининг ўринбосари Турғонбек Истанбеков Аркан Керген постидаги фожеа сабабларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилганини маълум қилди.

- Чегара хизмати кучлари, Миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар вазирлиги вакилларидан иборат махсус гуруҳ тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда. Аркан Керген постида ёз пайти 15 чегарачи хизмат қилади. Воқеа жойида чегара хизматининг директори генерал майор Мирзалиевнинг бошчилигидаги гуруҳ фожеа сабабларини ўрганаяпти. Чегарачилар ўлими сабаблари аниқланмоқда, деди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати директорининг ўринбосари Турғонбек Истанбеков.

Маълумотларга кўра, 30 май куни пост билан алоқа узилган. Бу ерда спутник орқали алоқа ўрнатиб келингани айтилмоқда.

Мазкур ҳодисага, фаразларга кўра, чегара масканига ҳужум ёки ҳарбий низомдан ташқари бўлган муносабатлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

ҚазТАГ хабарида айтилишича, бу ерга кўчма чегара маскани хитойлик фуқаролар томонидан ноқонуний равишда доривор гиёҳлар йиғилишининг олдини олиш учун ёз вақтида қўйиларди.
XS
SM
MD
LG