Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:28

Қирғизистонда миллатчилик: уч нуқтаи назар


Бишкекдаги ҳудудий тадқиқотлар институти қирғизистонликларнинг 69 фоизи мамлакатда миллатчилик авж олганидан ташвишда эканини билдирди.


Сиёсатчилар миллатчилик мафкурасини олға сурмоқда


Бишкекдаги “Ҳудудий тадқиқотлар” институти раҳбари Атиргул Алишеванинг айтишича, миллатлараро муносабатлар борасда ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 15 фоизигина Қирғизистонда этник барқарорлик ҳукм сурмоқда, деб ҳисоблайди. Сўралганларнингг 73 фоизи эса мамлакатда миллатлараро муносабатлар кескин ёмонлашганини, этник низолар хавфи сақланиб қолаётганини айтган. Сўров Қирғизистоннинг жануби ва шимолидаги бир неча вилоятларда олиб борилган.

- Албатта, июн воқеасидан сўнг халқ бирлашишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ миллатлараро муносабатларнинг совуқлашаётгани бир қатор омилларга боғлиқ. Тадқиқот натижасида айрим сиёсатчилар ва сиёсий кучларнинг миллатчилик руҳидаги чақириқлари этник вазиятни таранглаштираётгани эътироф этилди. Бундан ташқари матбуотда бошқа миллатларни камситган маълумотларнинг чоп этилиши, ҳуқуқ-тартибот, божхона ходимлари томонидан этник озчилик вакилларининг таҳқирланиши, ишсизлик ва қашшоқлик миллатлараро муносабатларнинг кескинлашувига сабаб бўлаётгани қайд этилди, -дейди Атиргул Алишева.

Унинг айтишича, сўровда иштирок этганлар ҳукуматнинг миллатлараро ишончни қайта тиклаш ҳаракатлари ҳеч қандай самара бермаётганини, бу бора олиб борилаётган сиёсат муваффақиятсизликка учраганини айтган.


"Қирғизистонда ҳеч ким камситилаётгани йўқ"


Қирғизистон президенти маъмуриятининг этник, диний сиёсат ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари Аблабек Асанканов “Ҳудудий тадқиқотлар” институти тақдим этган ҳисоботни ҳақиқатдан узоқ деб ҳисоблайди.

- Қирғизистонда миллий сиёсат олиб борилмоқда, Конституцияда барча миллатлар тенг ҳуқуққа эга экани белгиланган. Шунинг учун Қирғизистонда бирон бир миллат камситилаётгани йўқ, -деди Аблабек Асанканов.

Аммо тадиқотчилар ва ҳуқуқ фаоллари миллий озчилик вакиллари раҳбарий лавозимларга тайинланмаётгани, давлат кадр сиёсати адолатсиз бўлаётганидан бонг урмоқдалар.


"Таҳқирланаётганларнинг асосий қисми ўзбеклар"


Ҳуқуқ фаоли Валентина Гриценконинг айтишича, Қирғизистон жанубида ўзбек миллатига мансуб фуқароларга босим кўрсатиш ҳолатлари ҳамон содир этилмоқда.

- Июн воқеасидан сўнг биз этник озчиликларнинг камситилиши юзасидан 40 дан ортиқ ишларни кўриб чиқдик. Бу ишларнинг барчаси ўзбек миллатига мансуб одамларнинг камситилиши ва таҳқирланиши билан боғлиқ эди. Бироқ қонунлардаги таҳқирлаш ва камситишга оид моддалар негадир миллий озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга келганда ишламай қолаяпти. Ҳуқуқ –тартибот тузилмалари ходимлари томонидан таҳқирланган ўзбекларнинг асосий қисми Россия ёки Қозоғистонда ишлаб келганлар. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари улар билан учрашиб, “фалонча миқдорда пул берасан, бўлмаса сени июн қирғинига алоқадор деб қамаб юборамиз”, қабилида қўрқитмоқдалар. Бу механизм бугунги кунда ҳуқуқ –тартибот тузилмалари томонидан муваффақиятли тарзда қўлланилиб келинмоқда, -деди Валентина Гриценко.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарлари эса мамлакат жанубида бундай ҳолатлар йўқлигини иддао қилишмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийларига кўра, 2010 йилдан бери биронта одам милиция томонидан таҳқирлангани тўғрисида шикоят қилган эмас.
XS
SM
MD
LG