Линклар

2012 йил май ойида Росия президенти вазифасини бажаришга киришган Владимир Путин хорижга биринчи расмий сафарини Беларусдан бошлади.


Россия-Беларус муносабатларда сўнгги йилларда қатор қийинчиликлар кузатилди.

Айни пайтда, Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани учун Минскка қарши санкциялар жорий қилган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Минскка 31 май кунги ташрифи чоғида Владимир Путин Беларусга молиявий ёрдам ва маънавий дастак таклиф қилган.

Путин ва Беларус Президенти Александр Лукашенка ўртасидаги учрашув Лукашенканинг Минск ташқарисидаги ўрмонда жойлашган қароргоҳида бўлиб ўтди.

Музокарадан сўнг Лукашенка Владимир Путиннинг ташрифидан жуда мамнун эканини айтиб, унга миннатдорлик билдирди.

- Мен Сизнинг ушбу ташрифингиздан жуда хурсандман. Бу ташриф Беларуснинг Россия ҳамда бошқа давлатлар билан эришган иқтисодий келишувларидан кўра муҳимроқ. Бу бизни катта келажак кутаётганига ишорадир, дея баёнот берди Лукашенка.

Музокарадан сўнг Владимир Путин Россия ва МДҲ давлатлари Беларусга ваъда қилган 3 миллиард долларлик қарзнинг навбатдаги 440 миллион доллар қисмини бериш ҳақида келишувга эришилганини маълум қилди.

Россия раҳбари қарзнинг тўртинчи қисмини бериш ҳақидаги музокаралар яқин фурсатда бошланишини сўзига қўшимча қилди.

Путиннинг Беларусга ташрифи чоғида унга “Росатом” Давлат атом энергияси корпорацияси раҳбари Сергей Кириенко ҳамроҳлик қилди.

Кириенко Беларусда янги атом электр станциясининг биринчи босқичи қурилишини молиялаштириш бўйича келишувга эришилганини билдирди.

Владимир Путин бу Россия-Беларус муносабатлари тарихида энг йирик лойиҳа бўлиши мумкинлигини урғулади.

- Мен Беларус атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу икки томонлама муносабатларда энг йирик ва энг замонавий лойиҳа бўлиши мумкин, деди Россия президенти.

"Росатом" Баларус шимол-ғарбида янги атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

Россия ҳукумати мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Минск расмийларига 10 миллиард доллар қарз ажратишни таклиф қилган.

Хабарларга кўра, Лукашенка Путинга Беларус Москванинг “энг яқин ва энг содиқ иттифоқчиси” эканини айтган.

Россия Президенти Владимир Путиннинг 1 июн куни Берлинда Гремания ва Франция раҳбарлари билан учрашиши режаланган.

Мулоқот чоғида иқтисодий ҳамкорлик масалалари, жумладан, “Шимолий Оқим” газ қувури лойиҳасини амалга ошириш, Суриядаги вазият ва бошқа масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG