Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:21

Ҳусни Муборак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Миср суди намойишчиларни ўлдирганликда айбланган мамлакат собиқ президенти Ҳусни Муборакни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.


84 яшар Ҳусни Муборак 2 июн куни пойтахт Қоҳирадаги суд залига вертолётда олиб келинди.

Суд ҳукмини ҳакам Муҳаммад Рифаат ўқиб эшиттирди.

- Суд, сиртдан ҳукм эълон қилинган иккинчи айбланувчидан ташқари, залда ҳозир бўлган барча айбланувчилар устидан ҳукм чиқарди. Биринчи, Муҳаммад Ҳусни Ал-Саййид Муборак одамлар ўлдирилгани билан боғлиқ айбловлар бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деди суд ҳаками Муҳаммад Рифаат.

Суд ҳакамлари собиқ Ички ишлар вазири Ҳабиб Ал-Адлига ҳам умрбод қамоқ жазоси белгилади.

Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган норозилик намойиши қатнашчилари хавфсизлик кучлари томонидан ўққа тутилгани оқибатида қарийб 850 одам ўлган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Миср қонунига мувофиқ суд ҳакамлари Ҳусни Муборак ва унинг сафдошларигаа олий жазо ҳам белгилаши мумкин бўлган.

Бироқ Муборакнинг адвокатлари суд ҳукми юзасидан юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилишларини билдирди.

Миср собиқ президентини ҳимоя қилаётган адвокатлар гуруҳи аъзоси Яссир Баҳр суд ҳукми ҳар томонлама қонунларга мос эмаслигини айтди.

Айни пайтда суд ҳаками Аҳмад Рифаат собиқ президент Муборакнинг ўғиллари Алаа ва Жамолдан "пора олганлик" билан боғлиқ айбловларни олиб ташлади.

Айни пайтда, судда Миср полициясининг олти нафар юқори лавозимли собиқ раҳбарлари ҳам оқланди.

Ҳукм эълон қилинганидан сўнг суд залида ўтирган одамлар орасида ғала-ғовур бошланиб ҳукмга кескин норозилик билдирилди.

Суд зали ташқарисида йиғилган одамлар "Аллоҳу Акбар!" деб бақирдилар.

Муборакка қарши бўлганлар суд ҳукми бекор қилиниши ва суд ҳакакмлари орасида тозалаш ўтказишни талаб қилдилар.

Миср ҳукумати суд бўлиб ўтаётган Қоҳирадаги полиция академияси хавфсизлигини таъминлаш учун бино атрофига беш минг полиция ходимлари ва икки минг аскар жойлаштирди.
XS
SM
MD
LG