Линклар

logo-print

АҚШ ҳарбий кемалари Тинч океанига жойлаштирилади


АҚШ Мудофаа вазири Л.Панетта.

АҚШ Мудофаа вазири Л.Панетта.

АҚШ Мудофаа вазири Қўшма Штатлар келгуси йилларда ўз ҳарбий кемаларининг 60 фоизини Тинч океанига жойлаштиришини маълум қилди. Леон Панетта бу чора Хитойга қарши қаратилмаганини алоҳида таъкидлади.


АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Осиёга янги стратегик ёндошув доирасида АҚШ ҳарбий флотига қарашли кемаларнинг асосий қисми 2020 йилга қадар Тинч океани ҳудудига жойлаштириши режалаганини маълум қилди.

Хавфсизлик бўйича Сингапурда бошланган халқаро анжуманда чиқиш қилган Панетта Қўшма Штатлар Осиё-Тинч океани ҳудудига кўпроқ кема жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилинганини стратегик эътибор Осиё минтақасига қаратилгани билан изоҳлади.

Хитойнинг айрим расмийлари Қўшмам Штатларнинг ушбу режасини танқид қилган.

Бироқ АҚШ Мудофаа вазири бу Хитойнинг ривожланишига тўсқинлик қилишга қаратилмаганини алоҳида таъкидлади.

- Мен минтақа ва дунёдаги кўпчилик АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларни диққат билан кузатиб бораётганини биламан. Тинч океани минтақасидаги ҳарбий ҳозирликни кучайтиришимиз Хитойга чақириқ бўлиб туюлиши мумкин. Аслида бундай эмас.

Тинч океани минтақаси ишларида фаол бўлишга йўлидаги уринишларимиз Хитойнинг ривожланиши ва тараққий этишига ҳалақит беришга қаратилган эмас, дея баёнот берди АҚШ Мудофаа вазири.

Леон Панетта бюджет муаммолари ва қисқартиришлар ҳарбий кемаларни қайта жойлаштириш режасини амалга оширишга таъсир этмаслигини айтди.

Вазирга кўра, ҳозир Америка ҳарбий денгиз флотига қарашли жанговор кемаларнинг ярми Тинч океани, иккинчи ярми эса Атлантика океани ҳудудига жойлаштирилган.

Панетта ҳарбий кемаларни қайта жойлаштириш режасини амалга ошириш ишлари тугаганидан сўнг АҚШ ҳарбий кемаларининг 40 фоизи Атлантика океани ва 60 фоизи Тинч океани ҳудудида бўлишини билдирди.

Рейтерс ахборот агентлиги хабарига кўра, 2012 йил март ойига қадар АҚШ денгиз флоти ихтиёрида 282та жанговор кема бўлган.

Келаси икки йил давомида кемалар сони олтитага камайиши ва бир неча йил ўтиб 300тага етказилиши режаланган.

Бундан ташқари “USS Gerald R. Ford” кемаси 2015 йилда қуриб битказилганидан сўнг бортида жанговор учқичлар бўлган АҚШнинг улкан кемалари сони олтитага етади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG